Ўзбекистон | 11:08 / 06.04.2017
55791
2 дақиқада ўқилади

Бухоро вилояти Олот туманида жойлашган кўприк ҳолати аҳолини ташвишга солмоқда

Маълумки, йўл ва кўприклар инсон ҳаётидаги зарур эҳтиёж ҳисобланади. Шу боис ҳам халқимиз азалдан йўл ва кўприк қуришда ташаббус кўрсатиб келган. 

Бухоро вилоятига уюштирилган сафар давомида таҳририятга йўлланган мурожаатлардан бири ҳақида лавҳа тайёрланди. Мурожаат эса Олот туманидан юборилган. 

Унда ёзилишича, тумандаги Қозиробод қишлоғида “Аму-Қоракўл” канали бўйлаб тушган кўприк таъмирталаб. Бир неча йилдан бери аҳолининг бу масала бўйича шикоятлари мутасаддилар эътиборидан четда қолиб келмоқда.

-  200 хонадон истиқомат қилувчи қишлоқ аҳолиси бугун ушбу кўприкдан ўтгани қўрқади. Катта машиналарни ўтказмаймиз. Кичик машиналар ўтиб турибди. Юк олиб ўтиш учун бошқа жойдан айланиб ўтилади, бироқ ёғин-сочин кунларда у ердан ҳам ўта олинмайди. Кўприк тахминан 1985-86 йилларда қурилган. 1 ярим йил аввал туман хокими келиб, буни тендерга қўямиз, қуриб берамиз, деди. Лекин ҳалигача натижа йўқ – дейди Қозиробод қишлоғида яшовчи фуқаролардан бири.

Олот тумани ҳокими ўринбосари Бобомурод Бобоевнинг маълум қилишича, кўприк на йўл ташкилоти, на ободонлаштириш бошқармасининг балансида экан. Шунингдек, ҳокимлик вакилининг айтишича, мазкур кўприкни таъмирлаш бўйича вилоят ҳокимлигига керакли ҳужжатлар тақдим этилган.

“Туманда бундан ҳам ёмон ҳолатда бўлган кўприклар бор. Айни вақтда кўприк автомобил йўллари давлат қўмитаси балансига рўйхатга олиниш арафасида. Биз бу бўйича ишлаяпмиз. Ушбу ҳужжат ишларидан сўнг таъмирлаш бўйича амалий ишларни бошлаймиз”, дея маълум қилишди ҳокимлик мутасаддилари.

Якунда ҳокимлик амалдорларининг ваъдалари шунчаки қолиб кетмаслиги, балки амалий ишлар орқали ўз ифодасини топишига умид қилиб қоламиз. Зеро, халқ манфаатига яраш, унинг эҳтиёжларини қондириш ҳар бир мансабдор шахснинг вазифаси саналади. Биз бу мавзуга яна қайтамиз.

Tas-Ix (Mover) да кўриш

Youtube`да кўриш

 

Мавзуга оид