Фан-техника | 23:30 / 03.05.2017
36819
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда транспорт воситалари учун янги хавфсизлик талаблари тасдиқланди

Фото: Norma.uz

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 25 апрелдаги №237-сонли қарори билан муомалага чиқарилаётган ғилдиракли транспорт воситаларининг хавфсизлиги тўғрисидаги Умумий техник регламент тасдиқланди. Ҳужжат 1 май куни эълон қилинди ва 6 ойдан сўнг кучга киради.

Ҳужжатнинг амал қилиши тасдиқланган рўйхатга кўра ғилдиракли транспортлар учун амал қилади ва қуйидаги транспорт воситаларига тааллуқли эмас:

- текис йўлда конструктив тезлиги 25 км/соатдан ошмайдиган ёки уларнинг тезлиги шу қийматдан ошмаслиги қонунчиликда белгилаб қўйилган транспортлар;

- фақатгина спорт мусобақаларида иштирок этиш учун мўлжалланган транспортлар;

- ишлаб чиқарилган санасидан 30 ва ўндан ортиқ йил ўтган L ва М1 тоифасидаги, шунингдек, тижорий юклар ва йўловчилар ташиш учун мўлжалланмаган, ишлаб чиқарилган санасидан 50 ва ундан ортиқ йил ўтган М2, М3 ва N тоифасидаги транспортлар;

- дипломатик ва консуллик ваколатхоналари, Ўзбекистон томонидан имзоланган халқаро шартномалар ёки халқаро ҳуқуқ меъёрларига кўра имтиёзлар ва иммунитетларга эга халқаро (давлатлараро) ташкилотлар, шунингдек, шу ваколатхоналар (ташкилотлар) нинг ходимларига ҳамда уларнинг оила аъзоларига тегишли транспортлар;

- юқори юк кўтариш қобилиятига эга бўлган йўл танламас транспорт воситалари.

Умумий хавфсизлик талабларидан шуни алоҳида қайд этиш мумкинки, транспорт воситалари (айрим ҳоллардан ташқари) мамлакатимизнинг мўътадил ва совуқ, қуруқ тропик иқлими каби табиий-иқлимий шароитларига мувофиқ бўлиши керак.

Бундан ташқари, ишлаб чиқаришда озон қатламини емирувчи моддалар (уларнинг рўйхатини Вазирлар маҳкамаси тасдиқлайди) дан фойдаланишга, шунингдек, олдин фойдаланилган таркибий қисмлардан ясашга (фақат шахсий фойдаланиш учун тайёрланадиган транспорт воситалари бундан мустасно) тақиқ жорий қилинган.

Рул бошқаруви ўнг томонда жойлашган транспорт воситаларини ишлаб чиқариш ҳам тақиқланган.

Муомалага чиқарилишда ўрнатилган талабларга мос келиш қуйидаги йўсинда тасдиқланади:

- транспорт воситалари учун (шасси) — транспорт воситаси тури (шасси) ни маъқуллаш — серияли ишлаб чиқарилаётган транспорт тури учун 3 йилга расмийлаштирилади, транспорт воситалари (шасси) партияси учун — амал қилиш муддати чекланмаган.

- айрим транспорт воситалари учун — мувофиқлик сертификати билан.

Транспорт воситалари (шасси) нинг мувофиқлилигини баҳолаш «Ўзстандарт» агентлигининг сертификати бўйича аккредитацияланган органлар томонидан амалга оширилади.

Кўрсатиб ўтилган хавфсизлик талабларига мувофиқлик учун бутун масъулият транспорт воситасининг якуний ишлаб чиқарувчиси зиммасига юкланади.

Қабул қилинган техник регламент кучга киргач, ғилдиракли транспорт воситаларига талабларни жорий этувчи техник тартибга солиш соҳасидаги меъёрий ҳужжатлар тўлиқ мувофиқлаштирилган ҳолатга келтирилгунга қадар техник регламентга зид келмайдиган қисмлари амалга оширилади.

Ҳужжат кучга киргунга қадар кўрсатиб ўтилган транспорт воситалари (шасси) учун олинган мувофиқлик сертификатлари (транспорт воситаси турини маъқуллаш) унда белгилаб қўйилган муддат якунланган қадар амалда бўлади.

Ушбу ҳужжатнинг тўлиқ матни, унга шарҳ ва унга боғлиқ бошқа қонунчилик ҳужжатларига ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.

Олег ЗАМАНОВ,
Norma.uz эксперти.

Мавзуга оид