Жамият | 18:17 / 06.05.2017
18346
2 дақиқада ўқилади

Шоҳрух Хоннинг #BeMyGuest видеоролиги Халқаро кинофестиваль ғолиби бўлди

Фото: YouTube/Visit Dubai

Дубайда Болливуд қироли Шоҳрух Хон иштирокида туристик йўналишда тасвирга олинган видеоролик Рига (Латвия)даги X Халқаро туризм кинофестивалида икки олий мукофотга сазовор бўлди. Gulf News шу ҳақида хабар берди.

#BeMyGuest (#Меҳмоним бўлинг) деб номланган қисқа метражли фильм кинофестивалнинг асосий, Гран-При мукофотини қўлга киритди. Шунингдек у "Туристик йўналиш" туркумидаги биринчи соврин соҳибига айланди. Рига шаҳар кенгаши томонидан International Committee of the Tourism Film Festivals (CIFFT) доирасида ташкил этилган тадбир бутун дунё бўйлаб туристик йўналишни тарғиб қилувчи фильмларга бағишланган. 

Таъкидлаш жоизки, #BeMyGuest жорий йилнинг март ойида бўлиб ўтган Golden City Gate ITB Berlin'да "Шаҳар мукофоти" номинациясида "Олмос мукофот" билан ҳам тақдирланганди. 

#BeMyGuest фильмида Шоҳрух Хон Дубайнинг бир неча диққатга сазовор масканларини намойиш этади. У Дубайдаги уйи яқинида жойлашган, ўзи хуш кўрган жойлар - дўконлар, ресторанлар ва соҳилларга боради. Жойлардаги одамлар Шоҳрух Хонни кўриб таажжубга тушишади, аксарияти ўз қувончини яшира олмайди. 

#BeMyGuest шу кунга қадар ижтимоий тармоқлар орқали 45 миллиондан ортиқ марта кўрилди. Шунингдек у YouTube'нинг энг машҳур видеороликлари қаторидан жой олди.  

Мавзуга оид