Ўзбекистон | 19:54 / 16.05.2017
7379
6 дақиқада ўқилади

Депутатлар ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари фаолиятини муҳокама қилдилар

Фото: parliament.gov.uz

Жорий йилнинг 16 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Куннинг иккинчи ярмида депутатлар Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда Республика ихтисослаштирилган нейрохирургия илмий маркази раҳбарларининг ахборотини эшитдилар, деб хабар бермоқда Қонунчилик палатаси Ахборот хизмати.

Таъкидлаш жоиз, аҳолига юқори малакали ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини тубдан такомиллаштириш, марказларни замонавий ташҳис-даволаш асбоб-ускуналари билан таъминлаш, халқаро стандартларга мос мураккаб операция амалиётларини ҳудудлар кесимида ўтказишни ташкил этиш масалалари, умуман тиббиёт тизимидаги ислоҳотларнинг бориши Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузурида ташкил этилган Республика комиссиясининг доимий диққат марказида бўлиб келмоқда. Март ойидан бўён ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари фаолияти танқидий-таҳлилий ўрганилиб, қуйи палатанинг мажлисларида атрофлича муҳокама қилинмоқда,  мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан тегишли қарор ва чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилмоқда. Бу эса парламент ва жамоатчилик назоратининг муҳим  йўналишларидан бирига айланди.

Мажлисда қайд этилдики, Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт маркази томонидан ҳар йили 8 минг нафардан зиёд беморга стационар ёрдами кўрсатилмоқда. Давлат раҳбари белгилаб берган вазифаларидан келиб чиқиб, ушбу марказ мутахассислари томонидан жорий йилда 29 маротаба жойларга чиқишлар ташкил этилди, улар доирасида 5,1 минг нафардан зиёд киши тиббий кўрикдан ўтказилди, шунингдек марказ мутахассислари томонидан ушбу соҳадаги 1068 нафар мутахассис тегишли малака ошириш курсларидан ўтди.

Республика нейрохирургия илмий маркази томонидан 2016 йилда 5 минг нафардан ортиқ беморга стационар ёрдами кўрсатилди ва 3,5 минг нафар беморда жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Шу билан бирга, жорий йилда марказ мутахассислари томонидан мамлакатимиз минтақаларида 6 та маҳорат дарси, 201 та жарроҳлик амалиёти, 19 та семинар машғулоти ташкил этилди, шунингдек соғлиқни сақлаш тизимининг бошланғич бўғинлари учун нейрохирургик касалликлар бўйича услубий қўлланмалар тарқатилди. 2016 йилда 54 нафар мутахассис, шундан 7 нафари хорижда малака ошириш курсларидан ўтди. Жорий йилда 39 нафар мутахассис малака оширди.

Муҳокама давомида мавжуд муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқишга асосий эътибор қаратилди. Хусусан, марказлар ҳамда бирламчи тиббиётнинг барча бўғинларида ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишнинг кенг қамровли тизими тўлиқ ташкил этилмаганлиги таъкидланди. Шунингдек, жойларда ва марказларнинг филиалларида малакали кадрларга бўлган талаб долзарблигича қолмоқда. Ходимлар малакасини доимий равишда ошириб бориш мақсадида Республика ҳудудларида маҳорат дарсларини мунтазам ўтказиш ва кўпайтириш, телемедицина тармоғи имкониятларидан кенг фойдаланиш зарурати мавжуд. Шунингдек, ихтисослаштирилган марказлар мутахассисларини хориждаги етакчи клиникаларда янги технологиялар билан ишлашга ўқитиш ва хориждаги марказлардан жалб этилган мутахассислар учун шарт-шароитлар яратиш юзасидан тегишли чоралар кўриш зарурлиги таъкидланди.

Мажлисда депутатлар Ўзбекистондаги ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари фаолиятини сифат жиҳатидан яхшилаш, қонун ҳужжатларини ва унга доир ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштиришда ҳокимиятнинг ваколатли ва ижро этувчи бўғинларининг самарали ҳамкорлигини кучайтириш масалаларига эътибор қаратдилар.

–Ўрганишлар натижасида аниқландики, мазкур марказлар томонидан аҳолига малакали ихтисослаштирилган тиббий ёдамлар замон талаблари даражасида кўрсатилмоқда. Лекин, ҳудудларда ички касалликлар ва нейрохирургия соҳасидаги касалликларни профилактика қилиш, уларга ташҳис қуйиш ҳамда даволашда тор доирадаги малакали мутахассисларнинг етишмовчилиги кузатилмоқда, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мавлуда Хўжаева. – Жойлардаги ҳақиқий аҳволни ўрганиш учун мамлакатимизнинг турли минтақаларига боришлари чоғида депутатлар тиббиёт муассасалари фаолиятини ўрганишга алоҳида эътибор қаратмоқдалар. Шу боис, муҳокамалар жараёнида депутатлар марказларнинг етук мутахассислари томонидан ҳудудлардаги соҳа ходимларининг малакасини ошириш борасида тизимли ишларни йўлга қўйиш, уларга услубий-амалий ёрдам кўрсатиш билан бирга ҳудудий бўлимлардаги ҳақиқий ҳолатни ўрганиш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш юзасидан тегишли таклиф ва тавсияларни мутасадди вазирликларга тақдим этишлари кераклигини таъкидладилар. Шунингдек депутатлар парламент ва жамоатчилик назоратини кучайтириш юзасидан бир қатор таклифларни билдирдилар.

– Марказларни халққа янада яқинлаштириш, аҳолига сифатли, тезкор ва малакали хизмат кўрсатиш юзасидан берилган таклифлар айни муддао бўлди, – дейди Республика нейрохирургия илмий маркази шифокори Лазиз Усмонов. – Бу ўз навбатида малакали кадрларга бўлган талабни кучайтиради. Айниқса, ҳудудларда фаолият юритадиган нейрожарроҳлар, хусусан болалар нейрожарроҳлари сонини оширишимиз ва уларни замон талаблари даражасида тайёрлашимиз лозим. Бугунги муҳокамаларда ҳам билдирилган танқидий-таҳлилий фикрлар бизнинг келажакдаги ишларимизни сифат жиҳатидан яхшиланишига, шунингдек ҳудудларда мазкур соҳани ривожлантиришга хизмат қилади.

Очиқ ва амалий мулоқот тарзида ўтган мажлисда иккала марказ раҳбарлари аҳолининг манфаатларини инобатга олган ҳолда депутатлар томонидан берилган саволларга батафсил жавоб қайтардилар.

Марказлардаги мавжуд муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқишга келишиб олинди.

Мажлис якунида Қонунчилик палатасининг тегишли қарори қабул қилинди.

Мавзуга оид