Ўзбекистон | 17:38 / 29.05.2017
14298
9 дақиқада ўқилади

Сенаторлар бир қатор қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритди

Сенатнинг ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни кўриб чиқилди.

Қонун 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни бажариш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорларини ижро этиш мақсадида ишлаб чиқилганлиги таъкидланди. 

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 апрелдаги «Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги, 2017 йил 21 апрелдаги «Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги фармонларига ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»ги Конституциявий қонунга, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг регламенти тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг регламенти тўғрисида»ги, «Парламент назорати тўғрисида»ги, «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги, «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонунларга ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритилмоқда.

Қонунда ўрнатилган тартибга кўра, Олий Мажлис Сенати ички ишлар вазирининг ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикаси ҳолати тўғрисидаги ахборотини, ташқи ишлар вазирининг ўз фаолияти ҳақидаги ахборотини йилига икки марта эшитади, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси соғлиқни сақлаш вазирининг ўз фаолияти тўғрисидаги ахборотини Олий Мажлис палаталарининг тегишли қўмиталарида дастлабки тарзда кўриб чиққан ҳолда йилига икки марта эшитади. 

Қонунда Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси бундан буён Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот бериши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг раисини тайинлаш ҳамда уни лавозимидан озод этишни, шунингдек, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг ҳисоботини эшитишни Олий Мажлис Сенатининг ваколатларидан чиқариш назарда тутилмоқда. Олий Мажлиснинг 1996 йил 26 апрелда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори ўз кучини йўқотган деб топилмоқда. 

Сенаторлар таъкидлашича, ўзгартиш ва қўшимчалар давлат бошқаруви органлари фаолиятининг тизимлилигини оширишга, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг фаолияти устидан парламент назоратини кучайтиришга кўмаклашади. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 21 апрелдаги «Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритилмоқда. Ушбу ўзгартишлар ерлардан хўжасизларча фойдаланганлик ёки уларни яроқсиз ҳолга келтирганлик, ер ости бойликларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш талабларини, сув захираларини муҳофаза қилиш қоидаларини, саноат, рўзғор чиқиндилари ва ўзга чиқиндиларни ташиш, жойлаштириш, утиллаштириш, кўмиб ташлаш чоғида табиатни муҳофаза қилиш талабларини бузганлик, шу жумладан, ушбу ҳуқуқбузарликларни такроран содир этганлик учун жавобгарликни кучайтиришга қаратилган. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 9 февралдаги қарори билан тасдиқланган «Соғлом она ва бола йили» Давлат дастурига мувофиқ «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги ҳамда «Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида»ги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Мазкур ўзгартиш ва қўшимчалар тўлиқ давлат таъминотида бўлган болалар тоифасини аниқлашни ва васий ёки ҳомий этиб тайинланишига тўсқинлик қиладиган касалликларга чалинган шахсларни васий ёки ҳомий этиб тайинлашга тақиқ ўрнатишни назарда тутмоқда. 

Туманларнинг маҳаллий бюджетлари учун қўшимча манбаларни шакллантириш ва маҳаллий бюджетларнинг республика бюджетига қарамлигини босқичма-босқич камайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Ушбу ўзгартиш ва қўшимчаларда Ўзбекистон Республикаси республика бюджетининг бошқа даромадлари таркибига акцияларнинг давлат улуши (пайи) бўйича дивидендларни (даромадларни) ҳам киритиш, бундан маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг улуши бўйича дивидендлар (даромадлар) мустасно, ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг бошқа даромадлари таркибига маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг улуши бўйича дивидендларни (даромадларни) ҳам киритиш назарда тутилмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 5 октябрдаги фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлаш, хусусий мулкни ҳар томонлама муҳофаза қилиш ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир комплекс чора-тадбирлар дастурига мувофиқ «Давлат солиқ хизмати тўғрисида»ги қонунга, Хўжалик процессуал кодексига, Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Ушбу ўзгартиш ва қўшимчалар давлат солиқ хизмати органлари фаолиятида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишни янада кенгайтиришга, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар йиғишга сарфланадиган харажатлар камайишини таъминлайдиган маъмуриятчилик ишларини такомиллаштиришга, масофавий (камерал) назоратни кенг жорий этишга ва солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга, судлар ва жараён иштирокчилари ўртасида ҳужжатлар айирбошлаш механизмини соддалаштиришга ва тезкорлигини оширишга қаратилган. 

Хўжалик ишларини, шу жумладан, электрон шаклда шакллантириш тартиби белгиланмоқда. Бу эса дастурий таъминот ишлаб чиқишни, шунингдек, суд мажлислари залларида замонавий компьютерлар, сканерлар ва бошқа ускуналар ўрнатишни назарда тутади. 

Сенаторларнинг фикрича, мазкур тузатишларнинг киритилиши солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар йиғишга сарфланадиган харажатларнинг камайишини таъминлайди, жараён иштирокчиларининг молиявий харажатларини ва кетадиган вақтини қисқартириш, шунингдек, солиқ органлари, судлар ва солиқ тўловчиларнинг вақтини тежаш имконини беради. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17 январдаги «Тадбиркорлик мақсадларида фойдаланиш учун давлат мулки объектларини сотишни жадаллаштириш ва унинг тартиб-таомилларини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига мувофиқ айрим қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Ушбу ўзгартиш ва қўшимчалар Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига кўра хусусийлаштириладиган объектларни, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисига, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимларига давлат мулкининг стратегик бўлмаган объектларини, шу жумладан, давлатнинг кўчмас мулк объектларини инвестиция мажбуриятларини қабул қилган ҳолда «ноль» қийматида сотиб олиш бўйича реализация қилиш тўғрисида қарорлар қабул қилиш ҳуқуқи берилиши муносабати билан айрим объектларни давлат тасарруфидан чиқариладиган ва хусусийлаштириладиган объектлар рўйхатидан чиқаради. 

Ўзбекистон Республикасининг «Прокуратура тўғрисида»ги қонунига ҳам ўзгартишлар киритилмоқда. Жумладан, Бош прокурор зиммасига юклатилган вазифаларнинг сифатли ижросини таъминлаш мақсадида алоҳида ҳолларда, прокуратура органларидаги хизматга иқтисодиёт, молия, социология, ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида ва бошқа соҳаларда олий маълумотга, зарур билим ва тажрибага эга бўлган мутахассисларни қабул қилиш ҳуқуқи берилмоқда. 

Ўзбекистон Республикасининг «Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида»ги қонунини (янги таҳрири) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 февралдаги «Дори воситаларини ва тиббиёт буюмларини сотиш, фармацевтика фаолиятини лицензиялаш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорини ижро этиш мақсадида қонун билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритилмоқда. Хусусан, дори воситалари, тиббиёт учун мўлжалланган буюмлар каби тушунчаларга янги таърифлар берилди, тиббий техника, доривор ўсимлик хомашёси каби янги тушунчалар киритилди. 

Бундан ташқари, фармацевтика фаолиятининг турини – дори воситаларини ва тиббиёт учун мўлжалланган буюмларни чакана реализация қилишни лицензиялаш бўйича ваколатларни Ўзбекистон Республикасининг Соғлиқни сақлаш вазирлигидан маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ўтказиб берилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритилмоқда. 

Шунингдек, қонун билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатлари ўз кучини йўқотган деб топилмоқда. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Мавзуга оид