Спорт | 11:26 / 02.09.2017
68680
9 дақиқада ўқилади

Таҳлил: Сергеев қандай ҳужумчи?

Терма жамоамиз саралаш ўйинлари сўнгги босқичида 9 ўйинда атиги 6 гол ура олди холос. Кўпинча, журналистлар ёки мухлислар томонидан терма жамоамиз асосий таркибида нега айнан Игорь Сергеев майдонга тушаётгани ҳақида саволлар кўп янграйди. Нафақат терма жамоа, балки клубида ҳам гол урмай қўйган футболчи нега доим майдонда ҳаракат қилади?

Одатда, Самвел Бабаян Сергеевнинг тўпсиз жуда яхши ҳаракат қилишини, кўрсатмаларни тўғри амалга оширишини, ҳимояланишда жамоага катта ёрдам беришини айтади. Футболни тушунмаган биз каби одамлар, албатта, ўйинларни бошқача кўз билан кўрамиз, балки биз илғамаётган жиҳатлар бордир, дейишга мажбур қилишади доим. 

Қўшиламан, агар ҳужумчи ҳимоячиларга доимий босим уюштирса, тўпсиз ҳаракатлари орқали, жамоадошларига имконият яратиб беришни уддаласа, ҳужумчига эътирозлар кам бўлади. Мисол учун, «Реал»да Карим Бензема деган ҳужумчи бор. Қачонки, Роналду ёки Исколар тинмай гол уриб, қулай вазиятларга эга бўлаётган эканлар, Бенземага эътироз билдириш қийин - у тўпсиз ҳаракат қиляпти, шерикларига зоналар очиб беряпти, жамоа ғалаба қозоняпти. Аммо агар жамоада ҳеч ким гол урмай қўйса, энг аввало ҳужумчидан сўралади. Энди, унинг тўпсиз ҳаракат қилиши, ҳимояланаши, зоналар очиши иккинчи даражага чиқади. 

Хўп, келинг, Бабаяннинг гапига кўнган тақдиримизда ҳам, бир икки ҳолат орқали, Сергеевнинг аслида қандай ҳаракатланишига, унинг майдондаги интелектуал салоҳияти - савиясига, вазиятни ҳис қилиш қобилиятига назар ташлаб кўрамиз. 

Биринчи таймда терма жамоамиз томонидан ташкил қилинган ягона хавфли вазиятга эътиборингизни қаратаман:
  
Элдор Шомуродов чап қанотдан жарима майдонига кириб борди ва ҳимоячини деярли доғда қолдирди. Аммо кичик зонада таъқибдан бутунлай қутулишнинг имкони йўқ, Элдор тезроқ тўпни шерикларига етказиб бериш керак. Хўш, кимга?

Сергеев Элдорнинг ҳимоячини алдаб ўтишини бошида кутмагандир, майли, аммо мана шу расмда кўриб турганингиздақа ҳолат юзага келганида ҳам жойидан қимирламади. Сергеев Шомуродов томонга ҳаракатланиши ва ҳимоячилардан бирини эргаштириши ёки унданам идеал вариант, узоқ бурчакка, бўш дарвозага тўпни киритиш учун ҳаракатланиши керак эди. Мана шу ерда Сергеев турган ва қимирламаётган нуқта ҳужумчи учун, зарба учун идеал позициями?

Натижада, Элдор шериклари очилишини кутиб тўхтаб турди. Ҳимоячи таъқибни давом эттирди, натижада у дарвоза томон тепишга мажбур бўлди. Шундай бўлса, ҳам, агар Сергеев тўғри ҳаракатланганда, тўпни бўш дарвозага киритиши мумкин эди. Қаранг, тўп тепилди, дарвозабон тўпга ташланди, ана ундан кейин Игорь ҳаракатни бошламоқда. 

1-таймда бошқа вазият деярли яратилмади. Хўп, нега бундай бўлди? Бир қараганда, Сергеев югуриб юрибди, босим уюштиряпти, ҳаракат қиляпти. Ярим ҳимоячилар нўноқ бўлса, ҳужумчимизни бирга бир вазиятларга чиқарадиган паслар бера олмаса, унда нима айб? Одатда шунақа деб қўя қолишимиз керак. Лекин мана бу вазиятга эътибор беринг: 

Сервер Жепаров тўпни майдон марказида эгаллаб олди ва олдинга қараб ҳаракат қилмоқда. Сергеев рўпарасида икки ҳимоячи, у дарвозага қараб турган ҳолатда тезлик олмоқда. 

Жепаров тўп билан ҳаракатни давом эттирди. Сергеев ўнг томонга ҳаракатланиши мумкин эди - натижада марказий ҳимоячилардан бири унинг орқасидан кетар, Жепаровнинг қаршисида бир ҳимоячи қоларди. Жепаров бир неча вариантларга эга бўлган ҳолда ҳужумни давом эттирар ва ҳатто чап томондан келаётган Шомуродов ҳам ҳужумга қўшилиши мумкин эди. Ёки Сергеев ҳам чап томонга ҳаракатланиш орқали, Серверга ўнгга юриш имконини яратиб, Шомуродов билан биргаликда пасни кутишлари мумкин эди. Аммо Сергеев қизил стрелка билан кўрсатилгандек, олдинга югуришда давом этди. Нима фойда? Жепаров бир пас билан уни яккама-якка чиқариб юбориши имконсиз, энг ёмони, Сергеевнинг олдидаги ҳар бир ҳимоячи эркин ҳолда, Жепаровга ҳужум қилиши мумкин. Бу расмда кўриб турганингиздек, ҳужумчимиз умуман хавф солмаяпти. 

Мана буниси умуман бошқа вазият:
  
Майдон марказидан Аҳмедов ҳужум бошламоқда, Сергеев олдинда.

Худди бояги каби вазият. Ҳатто бу сафар Аҳмедов рақиб таъқибидан қочиб кетган ҳам. Сергеев зудлик билан ё ўнг тарафга ёки чап тарафдаги зонага очилиши, ҳимоячилардан бирини ўзига жалб қилиши, Аҳмедовнинг бир неча вариантларга эга бўлган ҳолда, ҳужумни давом эттиришига шароит яратиши мумкин. Аммо у яна ўша қизил стрелка йўналиши бўйича ҳаракатни давом эттираверди. Одил мана шу ёпиқ зонага тўп узатишга мажбур бўлди. 

Энди мана шу икки вазиятни бошидан охиригача томоша қилишингиз мумкин.

Юқорида вариант, вариант деб кўп такрорладим. Нега, биласизми? Футболда дриблингларни кўп кузатамиз, тан берамиз, нега бизнинг футболчилар мана шундай алдамчи ҳаракатлар қила олмайди, қани бизда Месси, деймиз.

Аммо биласизми, ҳар қандай дриблинг жамоавий меҳнатдир. Агар Мессини икки ҳимоячи билан бир хонага қамаб қўйсангиз, ишонаверинг, ҳимоячилар бир ташланишда тўпни Мессидан олиб қўя оладилар. Мессига дриблинг қилишга шароит қилиб берадиган омиллар - жамоадошларининг ақлли ҳаракатлари, очиқ зоналарнинг пайдо бўлиб бориши. Яъни Месси ҳимоячи томон ҳаракатланаётганда, унда алдаб ўтишдан бошқа бир неча вариант бўлади. Ҳимоячи Месси бу вариантлар ичида қайси бирини амалга оширишини, қайси очиқ зона томон ҳаракатланишини билмагани учун алданиб қолади. Жамоавий тўпсиз ҳаракат кўнгилдагидек бўлмас экан, на дриблингларни, на комбинацияларни кўришимиз мумкин бўлади. 

Энди эътиборингизга мастер класс намойиш қиламиз. Намуна бўладиган футболчи Бензема ёки бошқа ҳужумчи эмас, вазифаси асосан ҳимояланиш бўлган Неманья Матич. Эътиборимизда, «Манчестер Юнайтед»нинг «Вест Ҳэм» дарвозасига урган голи. 

Рэшфорд майдон марказидан тўпни эгаллаб олдинга ҳаракат қилмоқда. Унинг орқасида Матич. Олдинда Лукаку, орқароқда Мхитарян турибди: аслини олсак, Матич ўз ўрнида қолиб, вазиятни давомини кузатса ҳам бўлади, тўғрими?
Йўқ, у қизил стрелка йўналиши бўйича тезлик олади. Нега? Рэшфорд дриблинг қилиши учун. Агар у жойида қолса, икки марказий ҳимоячидан бири Лукакуни ёпиши, иккинчиси эса, Рэшфордга пешвоз чиқиши мумкин - терма жамоамиз шароитида бу ҳужум мана шу ерда тугаган бўларди. 

Матич очиқ зона бўйлаб ҳаракатни давом эттирди. Қаранг, Рэшфорд жарима майдонига яқинлашяпти ҳамки, бирор ҳимоячи унга ҳужум қила олмаяпти. Чап томондагиси ташланса, Матич очиқ қолади, марказдагиси пешвоз чиқса, Лука рўпарасида катта зона пайдо бўлади. Рэшфордда бир неча вариантнинг борлиги унга бемалол тўп билан ҳаракатланиши учун замин яратмоқда. Чунки у қўрқмайди, тўпни ёпишга, сақлашга ҳаракат қилмайди, кимдир яқинлашиши билан унда вариантлар бор: 1) Матичга тўпни етказиб бериши; 2) Лукаку ҳаракатланаётган зонага тўпни ўтказиб юбориши; 3) Марказ томон ҳаракатланиб, зарба бериши ёки Мхитарянга етказиши мумкин. Айнан тўпсиз ақлли ҳаракатланиш орқали, 3 футболчи тўрт ҳимоячини доғда қолдирмоқда, шахматдаги каби қулай позиция ҳосил қилишмоқда.

Марказий ҳимоячиларнинг бир неча вариант ўртасида алданиб қолганликлари туфайли, уларнинг ораларида очиқ жой юзага келди ва Рэшфорд тўпни Лукакуга етказиб берди. (Савол туғиладики, Рэшфорд каби хилма-хил вариантлар Шомуродов ёки Жепаровда бор эдими?) Бу ҳужумда умуман тўпга тегмаган Матич ва Мхитиряннинг хизмати ижрочи футболчилардан кам эмас, деб бемалол айтиш мумкин. 

Ҳа, бу Европа. Улар фалон фалон шароитларда тўп суришади, фалон ойлик олишади, бошқа савия, уларни намуна қилиш мантиқсиз эмасми? Йўқ, чунки бу ерда «МЮ»га қаршилик қилаётган ҳимоячилар ҳам Хитой терма жамоаси эмас, «Вест Ҳэм»...

Бунинг устига, булар жуда элементар нарсалар. Миржалол Қосимов айтганидек, ҳозир ҳамма футбол ўйнашни ўрганиб олди. Биз қачон ўрганамиз?

Қаҳрамон Асланов

Мавзуга оид