Эрдўған: «Ислом терроризми» деган иборани қўллаш мумкин эмас
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған террорчилик ҳаракатларини ёритиш хусусида фикрларини билдирар экан, унда «Ислом терроризми» деган жумлани қўллаш мумкин эмаслиги ҳақида фикрлар билдирди.
Туркия етакчиси Нью Йоркда АҚШ Ислом жамоатчилиги вакиллари билан учрашувда қайд этганидек, ҳатто беайб бир инсонни ўлдириш ҳам инсониятга қарши жиноят сифатида баҳоланиши керак. «Бизга динимиз шундай таълим беради», - деган Эрдўған.
Унинг сўзларига кўра, террорчиларнинг ҳаракатларини Ислом динига боғлашга уринишлар бесамардир. «Ҳеч ким ИШИД жангариларини мусулмонлар ёки Ислом дини билан тенглаштиришга, ўзаро боғлашга ҳақи йўқ. Ислом ва ИШИД террорчилари орасида боғлиқлик йўқ. Бу террорчилик ташкилоти», - деган Туркия раҳбари.
Эрдўғаннинг қўшимча қилишича, дунёнинг турли бурчакларида амалга оширилаётган террорчилик ҳаракатлари турли дин вакиллари томонидан ижро этилмоқда. Бироқ теракт ижрочиси мусулмон киши бўлиб қолса, воқеага диний оҳанг беришга уринишади ва «Ислом терроризми» сўзидан фойдаланишади. Агар шу жиноятни бошқа бир дин вакили ижро этса, ҳодисага камроқ эътибор берилади, аҳамияти пасайтирилади ва фожиа фақат ҳуқуқий нуқтаи-назардан баҳоланади.
«Бугунги кунгача ҳеч ким «насроний терроризми», «яҳудий терроризми» ёки «будда терроризми» деган жумлаларни қўлланмагани тасодиф эмас. Айни фикр динсизларга ҳам тегишли», - дея уқдирган Эрдўған.
Шундан сўнг Эрдўған Мьянманинг Аракан вилоятидаги миллионга яқин аҳолиси «оммавий қирғинга ўхшаш ҳолат»га дуч келишгани сабабли Бангладешга қочишга мажбур бўлишганига тўхталди.
«Эътибор беринг, Туркия Араканда истиқомат қилаётган роҳингя мусулмонларини буддапарастлар ўлдираётгани ҳақида бирор марта ҳам баёнот бергани йўқ. Ваҳоланки, айнан буддапарастлар ушбу қотилликларни содир этишмоқда. Шунга қарамай, биз бу каби ибораларни қўлламаяпмиз. Шу ўринда буддалар ҳаракатларини оқлаётганлардан сўрамоқчиман: сиз қайси ҳуқуқ асосида «Ислом терроризми» жумласидан фойдаланаяпсиз?», - деган давлат раҳбари.
«Эҳтимол, бошқа маданиятлар вакиллари бир инсон ўлимини фожиа сифатида баҳолаб, миллионлаб инсонлар қатлиомини статистика дейишар. Биз мусулмонлар учун эса, ҳар бир инсон ҳаёти бутун инсоният ҳаёти демакдир», - деб қўшимча қилган Ражаб Тоййиб Эрдўған.
Мавзуга оид
21:04 / 22.12.2024
Туркияда тиббий вертолёт шифохона биносига урилиб, қулаб тушди
11:37 / 22.12.2024
Ўғриликда айбланиб 4 йилдан буён қидирувда бўлган аёл Туркиядан Ўзбекистонга депорт қилинди
20:38 / 20.12.2024
Эрдўған Сурия шимолидаги террорчиларни зарарсизлантириш вақти келганини айтди
17:42 / 20.12.2024