Жаҳон | 10:20 / 15.10.2017
87461
6 дақиқада ўқилади

Қирғизистонда сайлов: Ўзбекистон учун қайси номзод ғалабаси маъқул?

Қўшни Қирғизистон Республикасида бугун, 15 октябрь куни президентлик сайлови бўлиб ўтмоқда. 11 нафар номзод президентлик даъвогар, улардан 3 нафари, Омурбек Бабанов, Сооронбай Жээнбеков ва Тимур Сариев асосий даъвогарлар сифатида кўрилмоқда. Амалдаги президент Алмазбек Атамбаев бу галги сайловларда иштирок этмайди.

Сайловгача катта кадрлар алмашинуви юз бериши кузатилди

Якшанба куни ўтказилаётган сиёсий тадбирга бир неча кунлар қолганида, мамлакатда кадрлар алмашинуви рўй берди. Қирғизистон Бош вазири ўринбосари, Республика сайлов штаб бошлиғи Темир Жумақодиров 7 октябрь куни автоҳалокатга учраб ҳалок бўлди.

Нуракмал Набиев мамлакат Бош прокурори ўринбосари, Қирғизистонда ҳарбий прокуратура раҳбари этиб тайинланди. Шу вақтгача Бош прокуратурада бошқарма бошлиғи лавозимида ишлаб келган Набиев Нурлан Дюшембиев ўрнини эгаллади.

Кемин туманида ИИБга янги бошлиқ тайинланди. 1983 йилда туғилган Нурмат Давлетов эндиликда ушбу лавозимда иш юритиши маълум бўлмоқда. Ундан аввал, Нурмат Давлетов Бишкек шаҳар ИИББда ходим, Оломудун туманида бошлиқ ўринбосари лавозимида ишлаган.

Қора-Суу шаҳрига Қутубек Қозубоев ҳоким этиб сайланди. Мазкур лавозимга фақат Қозубоевнинг номзоди илгари сурилганди, Халқ депутатлари Кенгаши айнан Қутубекни ёқлаб овоз берди. Шу давргача у давлат божхона хизматида фаолият олиб борган.

Албатта, янги тайинловларнинг президентлик сайловига таъсир ўтказиш даражаси юқори, деб бўлмайди. Аммо бу воқеалар соясида Қирғизистон Бош вазири ўринбосари, Республика сайлов штаб бошлиғи Темир Жумақодиров бевақт ўлими қолиб кетмоқда. У жорий йилда Ҳукумат раисининг хавфсизлик масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинланганди. Ўлими олдидан Жумақодиров хизмат вазифаси бўйича Талосда сайловга тайёргарликни текшириш учун йўл олганди.

Жээнбеков ёки Бабанов: номзодларни ким қўлламоқда?

​Клептократия устунлик қилиб келган Қирғизистонни сўнгги даврда бир мунча ўзгартиришга ҳаракат қилган президент Алмазбек Атамбоев президентлик сайловида Сооранбай Жэ​энбековнинг номзодини очиқчасига қўллаб-қувватламоқда. Айнан у президентнинг партиясидан номзод этиб кўрсатилган ягона социал-демократ саналади. Президентликка даъво қилиши важи билан Бош вазирлик лавозимини тарк этган Жэ​энбеков бундан аввал Давлат кадрлар хизматида директор бўлиб ишлаган. 2016 йилда қисқа муддат президент девонида раҳбарнинг биринчи ўринбосари, кейинроқ Бош вазир сифатида фаолият юритган.

Экспертларнинг фикрича, амалдаги президент Алмазбек Атамбоев мансабдан тушгандан кейин ҳам мамлакатда эркин фаолият олиб бориш учун унга Жеэнбеков сайланиши манфаатли бўлади.

Иккинчи томондан, айнан шу Атамбоев «йўлига ғов бўлиб турган» Омурбек Бабанов ҳам асосий даъвогар сифатида кўрилмоқда. У бир неча бора МСК томонидан сайлов қоидаларини бузгани учун огоҳлантирилди. Масалан, тарғибот материалларида давлат хизматчиларидан фойдаланиш, диний раҳнамо Содиқжон Камоловни жараёнга жалб этганида айбланган. Энг асосийси у чет давлат, хусусан Қозоғистон таъсирида қолиб кетгани президент Атамбоев томонидан бир неча бор таъкидланди.

Ҳаттоки, унинг Facebook'да илк қирғиз давлат арбоби сифатида расман мақоми тан олиниши ҳам расмий доирада шубҳали қилиб талқин этилди. Аслида Бабанов собиқ президент Бакиев истеъфосини талаб қилиб чиққан, кейинчалик Алмазбек Атамбоев тузган ҳукумат таркибида Бош вазир этиб тайинланган давлат хизматчиларидан биридир.

2012 йил парламентдаги иттифоқ келишуви йўқолгач, Омурбек Бабанов ҳам лавозимидан бўшади. Ўзи асос солган «Республика» партияси орқали сиёсий фаолиятни давом эттириб, «​Ата-Журт»​чилар билан ҳамкорликни йўлга қўйди. Президентликка даъво қилиши билан Омурбекнинг Қирғизистондаги энг оғриқли масалалардан бири - этник муаммога мурожаат қилиши атрофдагиларни ўйлантириб қўймоқда. 10 октябрь куни МСК унинг сайловолди тарғиботида ўзбек-қирғиз этник зиддиятини кучайтириб юбориши мумкин бўлган сўзларни билдиргани учун Бабановга огоҳлантириш эълон қилди.

Халқ Сариевга ишонадими?

Агар мамлакатда ахборот уруши жирканч кўринишлар билан давом этмаса, президентликка асосий номзод сифатида кўрилганлардан бири Темир Сариевнинг ҳам имкониятлари яхши сақланиб қолади. Сабаби, у ҳам бош вазирлик лавозимида фаолият олиб борган, мамлакат ҳарбий соҳа вакилларига анча яқин ҳам иқтисодий тармоқларни бошқариши унга катта тажриба тўплашга шароит яратиб берган. Шунга қарамай, Сариевнинг лавозимдан кетишига парламент томонидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган вотум сабабчи бўлганини эсласак, халқ коррупцияга алоқадорликда гумон қилинган шахсни президент этиб сайлаши ҳақиқатдан йироқ.

Албатта, сўнгги ўзгаришлар ва вазиятни кузатган ҳолда Алмазбек Атамбоевга муносиб ўриндош ким бўлишини айтиш қийин. Шунга қарамай ўзбек халқига этник зиддиятнинг қайталаниши, қўшни мамлакатда ҳукуматни ағдариш ҳаракатлари давом этиши манфаатли эмас.

Олдимизда турган вазифа қисқа вақт ичида эришилган келишувларни амалда сақлаб қолишдан иборат. Президент Шавкат Мирзиёев фаолиятига киришган заҳоти ташқи сиёсатда Марказий Осиё давлатлари билан яхши қўшничилик алоқаларини ўрнатиш - Ўзбекистон учун устувор масала эканини таъкидлаганди. Шунинг учун, бизга ташқи давлатлар таъсирига тушиб қолмаган, мамлакат элитаси билан яқин ҳамкорликда ишлай оладиган Қирғизистон президенти зарур бўлади.

Мавзуга оид