Ўзбекистон | 10:22 / 30.11.2017
19701
3 дақиқада ўқилади

Марказий Осиёдаги сув муаммоларини қандай ҳал этиш мумкин?

Тошкент шаҳрида ўтказилган “Марказий Осиё давлатларининг сув бўйича ҳамкорлигига 25 йил: эришилган тажриба, истиқболдаги вазифалар” илмий-амалий конференциясида Марказий Осиёнинг Минтақавий экологик маркази директори Искандар Абдуллаев Сув ресурслари билан боғлиқ бўлган муаммоларнинг ечими бўйича ўз тавсияларини маълум қилди. 

Кun.uz мухбирининг хабар беришича, интервью вақтида МОМЕМ ижрочи директори 2016-2017 йилларда Швейцариянинг тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги (SDC) марказ ҳамда “Аdelphi” немис консультацион бюроси билан ҳамкорликда “Марказий Осиёда сув муаммосини қайта кўриб чиқиш: ҳаракатсизлик баҳоси ва сув хўжалигидаги ҳамкорликнинг афзалликлари” тадқиқотини амалга оширганини айтиб ўтган.  

“Марказий Осиёда сув муаммосини қайта кўриб чиқиш: ҳаракатсизлик баҳоси ва сув хўжалигидаги ҳамкорликнинг афзалликлари” тадқиқоти бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди: биринчиси – техник ҳамкорликни кучайтириш, ўзаро ахборотлар алмашинуви, сув ресурсларининг сифати ва миқдори бўйича қўшма мониторинг ҳамда таълим. Иккинчиси – Амударё ва Сирдарё бўйича конвенция ва келишувлар масаласида субминтақавий ҳамкорликни кучайтириш: уларни ишлаб чиқиш ва тегишли қарорларни қабул қилиш зарур. Учинчи тавсия – Сув ресурсларини мувофиқлаштириш бўйича давлатлараро комиссия ва Оролни қутқариш халқаро фонди каби минтақавий институтларни ривожлантириш”, дея қайд этди Искандар Абдуллаев.

МОМЕМ директорининг таъкидлашича, агарда юқорида қайд этилган уч йўналиш бўйича тизимли ишлар амалга ошириб борилса, ҳисоботда мавжуд бўлган кўплаб муаммо ва мураккаб масалаларни ҳал этиш мумкин. 

“Ушбу тавсияларни амалда жорий қилиш бўйича илмий-амалий анжуман доирасида Қозоғистон-Ўзбекистон, Ўзбекистон-Туркманистон ва бошқа шу каби давлатлараро ишчи гуруҳи тузилди. Бу шундан далолат берадики, доимий тарзда эътибор қаратиш зарур бўлган тизимли иш олиб борилмоқда. 

Муваффақиятли ҳамкорлик биргина сув секторини  ўз ичига олмайди. Биз савдо ва инвестиция соҳаларини ҳам кучайтиришимиз керак. Ўтган йиллар мобайнида Марказий Осиё мамлкатлари ўртасидаги савдо-сотиқ алоқалари сезиларли даражада ортди. Ўзбекистон иқтисодий томонлама интеграциялашганида, қўшни мамлакатлардаги вазият биз учун жуда муҳим. Шу боис, қарорларни биргаликда қабул қилиб, доимий сиёсий мулоқотни йўлга қўйиш керак”, дейди МОМЕМ директори.

Мавзуга оид