Жаҳон | 19:10 / 13.12.2017
26192
2 дақиқада ўқилади

Ислом ҳамкорлик ташкилоти АҚШга талаб қўйди

Фото: Reuters

Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) фавқулодда йиғилиш якунларига кўра махсус декларацияни эълон қилди, унда АҚШдан Яқин Шарқдаги можароларга ечим топишда воситачи ролидан воз кечиш талаб қилинган. Бу ҳақда Reuters Туркиянинг NTV телеканалига таянган ҳолда хабар бермоқда.

Таъкидланишича, араб мамлакатлари Вашингтоннинг ал-Қудсни Исроил пойтахти сифатида тан олиш бўйича қарорини можароларга ечим топишда иштирок этишдан бош тортиш сифатида баҳолашмоқда.

Шунингдек, Ислом ҳамкорлик ташкилоти жаҳон ҳамжамиятини Шарқий ал-Қудсни Фаластин пойтахти сифатида тан олишга чақирди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Истанбулдаги мусулмон мамлакатлар етакчиларининг саммитида ал-Қудсни Фаластин пойтахти сифатида тан олишни таклиф қилди ҳамда шаҳарни «мусулмонлар учун қизил чизиқ» деб атади. Туркия етакчиси Вашингтоннинг Исроил пойтахтидаги элчихонасини ал-Қудсга кўчириш бўйича қарорини кескин қоралаб чиқди ҳамда Исроилга «террорчи давлат» ва «истилочи» деб таъриф берган.

Бундан ташқари, Эрон президенти Ҳасан Руҳоний араб давлатларини Исроилга қарши туриш мақсадида бирлашишга чақирди. Руҳоний Ислом ҳамкорлик ташкилотининг фавқулодда йиғилишида чиқиш қилиб, мамлакатлар етакчиларини ички можароларга барҳам бериш ҳамда Исроилга қарши бирлашишга чақирган.

Мавзуга оид