Жаҳон | 21:20 / 18.12.2017
7674
2 дақиқада ўқилади

Илон Маскнинг компанияси АҚШда туннеллар қазишга рухсат олди

Фото: hi-news.ru

Маълум вақт аввал АҚШнинг шаҳарлари ва штатлари раҳбариятлари тадбиркор Илон Маскнинг The Boring Company компаниясига туннеллар қуришга рухсат бермаганларини, Маск уларни нотўғри тушунганини таъкидлашаётганди.

Кўринишича, иш жойидан силжиб, туннел қазиш учун илк шартнома тузилди. АҚШнинг Мэриленд штати губернатори Лари Хоган журналистлар билан суҳбатда унинг жамоаси The Boring Company билан яқиндан ҳамкорлик қилаётганини тасдиқлади. 

Хоганнинг айтишича, Балтимор шаҳридан Вашингтонгача тезюрар электр транспорт туннели ўтказилади. Сўнгра бу туннел Нью-Йоркгача давом эттирилади.  

Компания томонидан қазиладиган туннеллардан баъзилари Hyperloop транспорт тизимларига айлантирилмоқчи. Маскнинг таъкидлашича, Нью-Йорк ва Вашингтон ўртасида айнан шундай тизим барпо этилади. Агар ғояни амалга оширишга муваффақ бўлинса, унда туннеллар бўйлаб соатига 1100 км тезликда ҳаракатланувчи йўловчи ва юк капсулалари ҳаракатланади.

Ўтган йили Маск тирбандликлардан “тўйганини” ва туннеллар қазиш бўйича компанияни ташкил этганини маълум қилганди. Яқинда Маск жамоат транспортини танқид қилиб, унда юришни “азоб” деб атаганди. Агар Мериленддаги тажриба ижобий натижа берса, унда қолган штатлар маъмурияти билан ҳам Hyperloop тизимини барпо этиш бўйича шартномалар тузилади.

Мавзуга оид