Ўзбекистон | 12:15 / 31.01.2018
314196
3 дақиқада ўқилади

Рустам Иноятов МХХ раҳбарлигидан кетди

Фото: Pang Xinglei / Xinhua

1995 йил ёзидан буён узлуксиз равишда Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати раиси лавозимида бўлиб келган генерал-полковник Рустам Иноятов лавозимини тарк этди. Бу ҳақда «Kun.uz»нинг ишончли манбалари хабар бермоқда.

Манбанинг маълумот беришича, энди Миллий хавфсизлик хизмати раҳбарлигига 2015 йил 20 апрелдан буён республика Бош прокурори сифатида ишлаб келаётган Ихтиёр Абдуллаев раҳбарлик қилади.

Рустам Иноятов президент аппаратида ишлашда давом этиши, президентнинг сиёсий-ҳуқуқий масалалар бўйича давлат маслаҳатчиси бўлиши кутилмоқда.

МХХ тузилмасида яна бир қатор тайинловлар рўй бериши мумкин. 

Қайд этиш керакки, бу ўзгаришлар Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Миллий хавфсизлик хизмати фаолиятини ислоҳ этишга киришуви ортидан рўй бермоқда. 

Президент ўтган йилнинг 22 декабрида Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси аъзоларига қилган мурожаатномасида Миллий хавфсизлик хизмати 26 йил аввал ҳукумат тасдиқлаган низом асосида ишлаб келгани, энди МХХ фаолиятини ислоҳ қилиш вақти келгани ва яқин вақт ичида МХХ фаолияти тўғрисида қонунни ишлаб чиқилишини маълум қилганди.

2018 йилги давлат дастури лойиҳасида «​Миллий хавфсизлик хизмати тўғрисида»​ги​ қонун қабул қилиниши белгиланган. Қонунга кўра Парламент Миллий хавфсизлик хизмати фаолиятини назорат қилади.

Рустам Расулович Иноятов 1944 йилнинг 22 июнида Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида КГБ полковниги Расул Иноятов оиласида туғилган. 1968 йили Тошкент Давлат университетининг эрон филологияси факультетини тамомлаган. Армиядаги хизматдан кейин КГБда турли лавозимларда ишлаган. 1976 - 1981 йилларда Афғонистонда доимий резидент сифатида хизмат қилган. 1995 йилнинг 27 июнидан буён Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати раиси ҳисобланган.

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати 1991 йилда ташкил этилган. МХХнинг асосий вазифалари хорижий давлатлар ва ташкилотлар махсус хизматларининг Ўзбекистонга қарши разведка-қўпорувчилик фаолияти билан кураш олиб бориш, Ўзбекистон мустақиллиги, конституциявий тузумини, ҳудудий бутунлиги, иқтисодий, илмий-техникавий ва мудофаа қудратини ғайриқонуний тажовузлардан ҳимоя қилиш ҳисобланади.

Мавзуга оид