Ўзбекистон | 11:30 / 09.03.2018
48596
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистондаги дўконларда пластик пакетларни бепул бериш тақиқланиши мумкин

Фото: Getty Images

Келгуси йилдан бошлаб Ўзбекистонда атроф-муҳит ифлосланишига йўл қўймаслик мақсадида целлофан пакетлардан фойдаланишни камайтиришга қаратилган қатор чекловлар жорий этилиши мумкин. Тегишли қарор лойиҳаси Давлат Экология қўмитаси томонидан тайёрланди ва муҳокамага қўйилди.

Ҳужжатга кўра, 2019 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистоннинг барча савдо нуқталарида полимер қатламдан тайёрланган пакетларни бепул бериш ёки сотиладиган товарлар нархига қўшиш тақиқланади. Дўконларда пакетлар алоҳида маҳсулотга айланади, бу Россия, Қирғизистон ва кўплаб хорижий мамлакатларда бўлгани каби кўриниш олади. Бундан ташқари, 2019 йилдан бошлаб пакетларни таннархидан арзонга сотиш тақиқланиши мумкин.

2019 йил 1 январдан савдо соҳасида товарларни солиш учун қалинлиги 15 микрондан кам бўлган ва ҳажми 5 литрдан кам бўлган полимер қатламдан пакетларни ишлаб чиқариш ва Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш тақиқланади.

Лойиҳада таъкидланишича, 2019 йил 1 январдан барча пакет ишлаб чиқарувчилар ва буюртмачиларга пакетларга савдо нуқталари назорат-касса машиналари сканерлари томонидан ўқилиши учун махсус кодларни жойлаштириш талаби қўйилади. Солиқ ва божхона органларига бу борадаги талабларни бажариш устидан қатъий назорат ўрнатиш вазифаси топширилди.

Қарор лойиҳаси ҳозирча муҳокама босқичида. Фуқаролар бу борада ўз таклифлари ва фикрларини билдиришлари мумкин.

Мавзуга оид