Ўзбекистон | 18:30 / 19.03.2018
73578
2 дақиқада ўқилади

Самарқанд вилояти ҳокими Диана Енекеева воқеасига муносабат билдирди

Самарқанд вилоят ҳокими Туробжон Жўраев вилоятнинг Каттақўрғон туманидаги 42-мактаб ўқитувчиси Диана Енекееванинг ўлими билан якунланган воқеага ўз муносабатини билдирди.

Kun.uz таҳририятига келиб тушган муносабат номасида вилоят раҳбари шундай дейди:

«Самарқанд вилоят ҳокимлиги ва шахсан ўз номимдан Каттақўрғон туманида йўл-транспорт ҳодисаси натижасида ҳалок бўлган Диана Енекееванинг фожиали ўлими туфайли чуқур ҳамдардлик изҳор этишга ижозат бергайсизлар. Ҳар бир инсон ҳаёти биз учун ўта муҳим ва содир бўлган воқеа йўлларда хавфсизликни кучайтириш заруриятини билдиради. Вафот этган аёлнинг оила аъзоларига маънавий ва моддий ёрдам кўрсатилади.

Бундан ташқари, ушбу ҳодиса холис суриштирилиши ва ҳуқуқий баҳо берилиши таъминланишига сўз бераман.

Бахтсиз ҳодисанинг Давлатимиз раҳбарининг вилоятимизга ташрифи билан боғлаб оммавий ахборот воситаларида турли хабарлар ва муносабатлар билдирилаётгани нохолис талқин ҳисобланади ва ҳақиқатга мос келмайди. Шу муносабат билан, жамики оммавий медиа вакилларини ушбу ҳолатни ёритишда холисоналикка риоя қилишга, бир томонлама ёндашувдан қочишга чақирамиз.

Ижтимоий соҳа ходимлари маҳаллий ҳокимият органлари ва бошқармалар томонидан ҳудудларни ободлаштириш ишларига чиқарилмаган ва бундан кейин ҳам жалб қилинмаслигига вилоят раҳбари сифатида сўз бераман», — дея ўз номасини якунлаган Самарқанд вилояти ҳокими Туробжон Жўраев.

Мавзуга оид