Тошкент халқаро конференцияга тайёрланмоқда. Президент матбуот котиби иштирокчилар рўйхатини маълум қилди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг матбуот котиби Комил Алламжонов расмий саҳифаси орқали 26-27 март кунлари Тошкентда бўлиб ўтадиган Афғонистон бўйича халқаро конференция ҳақида маълумот берди.
«Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзуидаги конференция халқаро доирада катта қизиқиш уйғотди. Чунки бу конференция нафақат минтақамиз, балки бошқа ҳудудларга ҳам таъсир ўтказаётган Афғонистон масаласига бағишланган.
Ушбу халқаро анжуман 26-27 март кунлари Тошкентда бўлиб ўтади. Унда 20 дан ортиқ давлатлар, нуфузли халқаро ташкилотлар делегациялари иштирок этади.
Жумладан, Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани, БМТнинг Афғонистондаги махсус вакили Тадамити Ямамото, Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Федерика Могерини Тошкентга келади.
АҚШ Давлат котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Томас Шэннон, Россия Федерацияси ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, Эрон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири Жавад Зариф, Покистон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири Муҳаммад Асиф ҳам конференцияда қатнашишини тасдиқлаган.
Шунингдек, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ҳиндистон, Япония, Туркия, Буюк Британия, Германия, Италия, Франция, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари каби давлатлар делегациялари қатнашиши режалаштирилган.
Тошкент конференциясига дунё оммавий ахборот воситалари ҳам катта эътибор қаратмоқда. Мамлакатимизда аккредитациядан ўтган оммавий ахборот воситалари вакилларидан ташқари «ВВС», «DPA» «Deutsche Welle», «Times», «The New York Times», «NHK», «Жэньминь жибао» каби нуфузли хорижий ОАВлар конференцияни ёритиш истагини билдирган», дейилади хабарда.
Мавзуга оид
16:28 / 20.12.2024
Ўзбекистон Интерпол орқали Расаев ва Темирхановни халқаро қидирувга берди
22:07 / 03.12.2024
“Бандитлар бошқарган экан-да?” — Жавлон Юнусовнинг Тошкентдаги қурилиш лойиҳаларидан одамлар норози
01:57 / 26.11.2024
Алламжоновга суиқасд: терговнинг янги тафсилотлари, жиноятни фош этишга тўсқинлик қилган амалдорлар ва катта тозалаш
16:11 / 25.11.2024