Ўзбекистон | 01:57 / 26.11.2024
48315
5 дақиқада ўқилади

Алламжоновга суиқасд: терговнинг янги тафсилотлари, жиноятни фош этишга тўсқинлик қилган амалдорлар ва катта тозалаш

Президент Администрацияси собиқ мулозими Комил Алламжоновга суиқасддан 1 ой ўтиб жиноятни содир этганлар ҳамда уларга буюртма берганларнинг 7 нафари ушланди. Асосий фигурант сифатида кўрилаётган Жавлон Юнусов Жанубий Кореядан ушлаб келинди. Шунингдек, бир гуруҳ амалдорлар жиноятни фош этишга тўсқинлик қилиб келгани ойдинлашди. ДХХ раиси Абдусалом Азизов, ДХХ Ички хавфсизлик бошқармаси бошлиғи Алижон Ашуров, унинг укаси – бош вазир ёрдамчиси Сарвар Ашуров, ИИВ Жиноят қидирув хизмати бошлиғи Аҳроржон Адҳамов ва Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи биринчи ўринбосари Дониёр Тошхўжаев ишдан олинган.

Ўзбекистон президенти маъмурияти Ахборот сиёсати департаменти собиқ раҳбари Комил Алламжоновга суиқасд юзасидан янги маълумотлар пайдо бўлди. Унда айтилишича, айбланувчилардан бири Жанубий Кореядан ушлаб келинган. 

Иш назоратида бўлган Бош прокуратура суиқасддан бир ой ўтиб илк марта суиқасд ташкилотчилари Комил Алламжоновни ўлдиришга уринганини маълум қилди. Аввалги барча баёнотларда собиқ мулозим номи тилга олинмаган ва берилган ахборотлар ўта мавҳум эди.

Жавлон Юнусов ким?

Бош прокуратура ахборотида айтилишича, тергов жараёнида айбланувчилар хонадонлари ва машиналарида тинтув ўтказилган. Иш доирасида дастлаб 5 киши қўлга олиниб, уларга қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган. Яна 2 киши қидирувга берилган.

Кейинроқ уларнинг иккиси ҳам топилган. К.С исмли шахснинг Қозоғистондаги яширинган манзили топилиб, у тергов қилинган.

Иш бўйича исми очиқ эълон қилинган ягона айбланувчи – Жавлон Юнусов. Бош прокуратура хабарида айтилишича, Юнусов Жанубий Кореяда қўлга олинган ва Ўзбекистонга олиб келинган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Жавлон Юнусов номи илк бор хорижий нашрларнинг Алламжоновга суиқасд бўйича суриштирувларида тилга олинганди. 36 ёшли Юнусов Интерпол орқали қидирувга берилган, кейин эса Жанубий Кореяда қўлга олинган. У фарғоналик бўлиб, рафиқаси корейс миллатига мансуб Наталя Фен экани маълум.

ОАВ маълумотига кўра, Юнусов суиқасд буюртмачиси ва ижрочилар ўртасида воситачилик қилган бўлиши мумкин.

У муқаддам Ўзбекистон Жиноят кодексининг 168 («Фирибгарлик») ва 105 («Қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш») моддалари бўйича бир неча бор судланган.

Очиқ реестрдаги ҳужжатларда Жавлон Юнусов Тошкент шаҳрида рўйхатга олинган жами 18 та компания таъсисчиси эканини кўриш мумкин. Ҳозирда Юнусовга тегишли 15 та компания фаолият кўрсатаётгани ва уларнинг айримлари фармацевтика билан боғлиқ экани маълум.

Юнусов бизнеси ранг-баранг бўлиб, қурилиш, донли экинлар етиштириш, биноларни ижарага бериш каби ўндан зиёд йўналишни ўз ичига олган. У Жанубий Кореяда ҳибсга олингач, Тошкентдаги бизнесларига рейдлар ўтказилгани айтилмоқда.

Истеъфолар тўлқини

Шу кунларда давлат идораларининг юқори лавозимларида ҳам қатор истеъфолар кузатилди. Бир неча кун аввал Ўзбекистондаги бош хавфсизлик идораси ДХХ раиси Абдусалом Азизов ишдан кетган ва Kun.uz манбалари бу шов-шувли истеъфо сабабларидан бири айнан Алламжоновга суиқасд эканини айтганди.

Шу кунларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда ҳам қатор истефъолар кузаилди. Хусусан, ИИВ Тезкор қидирув департаменти Жиноят қидирув хизмати бошлиғи Аҳрор Адҳамов, Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи биринчи ўринбосари Дониёр Тошхўжаев ҳамда Тошкент шаҳар ИИББ Тезкор қидирув хизмати Жиноят қидирув бошқармаси уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўлими бошлиғи Темур Собиров ҳам ишдан олинган.

Kun.uz манбаси бу истеъфолар ҳам Алламжоновга суиқасд иши билан боғлиқ эканини тасдиқлаган.

Бош вазир қабулхонаси мудири лавозимида ишлаб келган Сарвар Ашуров ҳам шу кунларда ишдан кетган. Унинг ДХХ ички хавфсизлик бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлайдиган акаси полковник Алижон Ашуров ҳам ишдан олинган. Улар Алламжоновга суиқасд ишини фош этишда тўсқинлик қилган бўлиши мумкин.

Шов-шувли суиқасд

26 октябр куни соат 01:40 атрофида Комил Алламжонов ҳайдовчиси билан бирга Range Rover русумли автомобилида уйига кетаётганда Қибрай туманидаги Ифор кўчасида икки номаълум шахс уловга ўққа тутади. Суиқасд натижасида ҳеч ким жабрланмайди.

Бош прокуратура эртаси куниёқ бу борада расмий маълумот бериб, икки гумондор қўлга олинганини хабар қилганди. Шундан кейин иш бўйича ҳеч қандай тафсилотлар маълум қилинмаётганди.

Комил Алламжонов Ўзбекистон президенти матбуот котиби, президенти маъмуриятида ахборот сиёсатига масъул шахс сифатида ишлаган. Шавкат Мирзиёев маъмуриятида юқори мартабали мулозимлардан бири эди. Суиқасддан олдинроқ Алламжонов ишдан кетган ва хусусий секторда фаолиятини давом эттиришини айтганди.

Унга уюштирилган суиқасд замонавий Ўзбекистон сиёсатида кузатилмаган ҳолат бўлиб, ҳозиргача бирор амалдаги ёки собиқ мулозимни ўлдиришга уриниш ҳақида расмий хабар берилмаган.

Ўткир Жалолхонов тайёрлади
Тасвирчи ва монтаж устаси – Жаҳонгир Алибоев

Мавзуга оид