Спорт | 09:50 / 26.03.2018
13621
12 дақиқада ўқилади

Мундиални кутиб. Таништирув: Колумбия

«Tribuna.Uz» сайти бугундан янги рукнни ишга туширмоқда. Икки ойдан сал кўпроқ вақтдан кейин бошланадиган навбатдаги мундиал иштирокчилари билан яқиндан танишиб борамиз. Дастлабки назар Колумбия терма жамоасига тушди.

КОЛУМБИЯ:

Мустақиллиги: 20 июль 1810 йил
Расмий тили: Испан
Пойтахти: Богота
Бошқарув тизими: Президент бошқарувидаги республика
Аҳолиси: 48.5 миллион (дунёда 28-ўрин)
Валюта: Колумбия песоси

ТЕРМА ЖАМОА:
Лақаби: Los Cafeteros (Кофечилар)
Конфедерация: КОНМЕБОЛ
Бош мураббий: Хесе Пекерман
Жамоа сардори: Хесе Родригес
Энг кўп ўйин ўтказган: Карлос Валдерама (111)
Энг кўп гол урган: Радамел Фалькао (26)
Либос ранги: Сариқ-кўк-қизил
ФИФА рейтингидаги ўрни: 13 (февраль ҳолатига)
Энг йирик ғалабаси: Баҳрайн - 6:0 (2015)
Энг йирик мағлубияти: Бразилия - 0:9 (1957)
Америка кубоги: Чемпион (2001)
Жаҳон чемпионати: Чорак финал (2014)

Колумбияликлар Лотин Америкасидаги қўшнилари сингари, футбол ўйнашни анча эрта бошлаган бўлишса-да, узоқ вақт дунёдан узилиб яшашди. 1936 йилга келибгина, мамлакат футбол федерацияси КОНМЕБОЛ аъзолигига қабул қилинди, орадан икки йил ўтиб эса, терма жамоа ўзининг илк расмий халқаро ўйинини ўтказди. Мексика терма жамоаси колумбияликлар устидан 3:1 ҳисобида устун келганди.

1945 йилда Колумбия илк бор халқаро турнирда қатнашди. Боливия, Эквадор, Парагвай, Перу каби жамоаларни ортда қолдириб, 9 жамоа ичида 5-ўринни олишгани бир тарафдан яхши, аммо бошқа тарафдан, яққол етакчилар Бразилия, Аргентина, Чили ва Уругвай терма жамоалари билан ўртадаги фарқ сезиларли даражада катта эди.

ЭЛДОРАДОДАН ВАЛДЕРАМАГАЧА

Фото: calciogazzetta

Бундан кейинги давр Элдорадо (1948-55 йиллардаги Колумбия Лигаси даври) даври деб аталади: Димайор Лигаси, яъни Колумбия миллий чемпионати 1948 йилда профессионал лигага айланади, аммо баъзи сабабларга кўра, ФИФА бу ташкилотга бир қатор эътирозларга эга бўлади. ФИФАнинг талабларини истамаган Димайор Лигаси санкцияга учрайди ва клублар ҳам, терма жамоа ҳам халқаро ўйинлардан четлатилади. Бир тарафдан бу Лиганинг фойдасига ишлайди, ФИФАдан четда бўлган ва табиийки, бу ташкилот қоидаларига амал қилиш мажбуриятида бўлмаган клублар трансфер сиёсатида анча эркин бўлади. Бунинг натижасда, Колумбия чемпионати ўша даврларда дунёнинг энг кучли лигаларидан бирига айланади. Аргентинада рўй берган футболчилар иш ташлаши ҳам колумбияликларга қўл келди ва жуда кўп футбол юлдузлари Димайордан қўним топди.

Мисол учун, «Мильонариос» клуби 40-йиллардаги аргентиналик машҳур юлдуз Адольфо Падернерани сотиб олади. Уни кутиб олиш тадбири эса, клубга беш баробар кўпроқ миқдорда даромад келтиради. Бунинг мазасини билиб қолган бошқа клублар ҳам машҳур юлдузларни жалб қилишни бошлади. «Депортиво Кали» деярли бутун Аргентина терма жамоасини сотиб олган бўлса, «Депортиво Перейра» Парагвайнинг барча зўр футболчиларини қўлга киритди. «Индепендьенте Медельин» перуликларга эътибор қаратди, «Кукута Депортиво» ичида 1950 йилги ЖЧ ғолиблари бўлган 12 нафар уругвайлик футболчини олиб келди. «Мильонариос» таркибида кимсан Алфредо Де Стефано ҳам ўйнаганини айтиб ўтсак, барчаси нақадар жиддий эканини тасаввур қилиш мумкин.

Беш йил давом этган Элдорадо «Мильонариос»нинг тўрт чемпионлиги билан якунланди. Етакчи клубларнинг ФИФА билан мунозараларда иштирок этишлари ва якунда келишишлари натижаси мамлакат футболи ниҳоят халқаро майдонга қайта бошлади.   

Колумбия терма жамоаси илк бор мундиалда 1962 йилда қатнашди. Собиқ Иттифоқ билан 4:4 ҳисобида дуранг ўйнаган дебютантлар икки ўйинда мағлубиятга учради ва мусобақани гуруҳ босқичидан тарк этди.

Шундан сўнг, узоқ танаффус рўй берди ва то Италияда ўтган 1990 йилги мундиалгача дунё уларни кўрмади. Аслида бу воқеа тўрт йил олдин ҳам рўй бериши мумкин бўлган, сабаби, Колумбия 13-жаҳон чемпионатини ўз майдонида ўтказишга ариза бериб, ютиб олганди. Аммо сўнгги паллада Колумбия раҳбарлари мамлакатнинг мусобақани қабул қилишга тайёр эмаслигини маълум қилишди ва сўнгги паллада мундиал мезбонлиги Мексикага олиб берилди.

1990 йилги жаҳон чемпионатига Колумбия терма жамоаси Пеленинг башоратлари билан кириб келди. Кейинчалик, бу ишда анча нўноқлиги ойдинлашган Пеле ўшанда Колумбия терма жамоасини жаҳон чемпионати фаворитларидан бири деб юборганди. Ўтган асрда дунё юлдузи даражасига кўтарилган ягона колумбиялик Карлос Валдерама бошчилигидаги терма жамоа ҳақиқатан ҳам жуда кучли кўринарди. Валдерамадан ташқари, Алварес, Ринкон, Игуаран, Переа каби футболчилар, айниқса, ёрқин ҳаракатлари билан эсда қолган Рене Игита кўпчиликни ўзига жалб қила олганди.

Бўлажак чемпион Германия ва Югославия билан бир гуруҳда тўп сурган колумбияликлар тарихда илк бор 1/8 финалга чиқишди. Аммо ўша турнир кашфиёти бўлишга янада лойиқроқ бўлган камерунликларнинг қўли баланд келганди. Айниқса, Роже Милла - Игита дуэлини кўпчилик яхши эсласа керак. Бугунги замон дарвозабонлари хос тарзда ўз жарима майдонини тарк этишни яхши кўрадиган Игитани африкалик ҳужумчи муносиб тарзда жазолаганди.

ЭСКОБАР

Фото: iSport

Футбол мухлислари учун бу фамилия машҳур колумбиялик наркобаронни эмас, АҚШдаги жаҳон чемпионатида мудҳиш жиноят қурбони бўлган ҳимоячи Андрес Эскобарни ёдга солади.

«Атлетико Национал» ва «Янг Бойз» каби клубларда ўйнаган, ўз вақтида «Уэмбли»да инглизлар дарвозасини ишғол қилган, El Caballero del Fútbol, яъни «Футбол рицари» лақабини орттирган ҳимоячи Андрес Эскобар ЖЧ-94 да терма жамоа шарафини ҳимоя қилганди. У майдон эгаларига қарши ўйинда америкалик Жон Ҳаркснинг узатмасини қайтараман деб, ўз дарвозасига киритиб қўяди ва 1:2 ҳисобида мағлубиятга учраган колумбияликлар турнирни эрта тарк этади. 

Ҳали жаҳон чемпионати тугаб улгурмасдан, Меделиндаги барлардан бири олдида ўз автомашинасида ўтирган Эскобарни Умберто Муньос исмли шахс отиб кетади. У футболчининг танасига ҳаммаси бўлиб 6 ўқ жойлайди ва ҳар отганида «гол» деб қичқиради. Яъни Эскобар АҚШдаги автоголи учун ўлимга «ҳукм қилинганди». Эскобарни касалхонага олиб келишади ва орадан бир соат ўтмай, унинг жони узилади.

Жиноятчи 43 йилга озодликдан маҳрум қилинган, 2001 йилда иш қайта кўрилиб, 26 йилгача қисқартирилган. 2005 йилда эса, яъни жиноятдан 11 йил ўтиб Муньос яхши хулқи учун муддатидан олдин озод этилганди.

Қизиғи, юқорида тилга олинган наркобарон Пабло Эскобар ҳам фамилиядоши сннгари айнан Медельин шаҳридан бўлиб, у ҳам ўша жиноятдан олти ой илгари отиб кетилганди.

ХОСЕ ПЕКЕРМАН

Фото: Reuters

Колумбия терма жамоасининг кейинги ёрқин даври аргентиналик мураббий Хосе Пекерман билан боғлиқ. Пекерман айнан терма жамоалар билан ишлаш, янги авлодга пойдевор қўйиш ва футболчиларни кашф қилиш борасида жуда уста мураббий ҳисобланади. Масалан у 1994-2001 йиллар давомида Аргентина ёшлар терма жамоасини бошқарган ва ушбу даврда аргентиналик ёшлар уч маротаба жаҳон чемпиони бўлганди.

Мана шу пойдевор асосида ташкил қилинган Аргентина терма жамоасида у аввалига координатор бўлиб ишлади, 2006 йилги мундиалга эса бош мураббий сифатида олиб келган. Анча ёрқин ўйин кўрсатган аргентиналиклар фақат майдон эгаларига пенальтилар сериясида имкониятни бой беришганди.

Мана шундай узоқ умрли ва меросхўр терма жамоа шакллантиришни Пекерман Колумбияда ҳам давом эттирмоқда. 2012 йилда терма жамоа бошқарувига келган мутахассис ўтган сафарги жаҳон чемпионатида Колумбияни тарихида илк бор чорак финалгача етаклаб келди. Бу сафар ҳам Колумбиянинг йўлига мезбон терма жамоа ғов бўлганди. Аммо Колумбия жуда яхши таассурот қолдирди - Гуарин, Фалькао, Мартинес каби кўпчилик таниб улгурган юлдузлар қаторида Хамес Родригес турнирнинг тўпурари ва энг яхши футболчиларидан бирига айланди.   

БУГУНГИ КОЛУМБИЯ

Фото: ФИФА

Икки йил олдин Америка кубогида бронза медалини қўлга киритган Колумбия терма жамоаси саралаш ўйинларини жуда оғир ўтказган ва фақат сўнгги паллада натижага эришган бўлса-да, ҳар қандай жамоага муносиб қаршилик кўрсата олади. Умуман Канмеболдаги ўйинларнинг жуда қийин ўтишини, у ердаги жамоалар савияси бир-бирига яқин эканини биламиз. Аргентина вазифани сўнгги турда ҳал қилди, Чили қолиб кетди, мана шу фактларнинг ўзи ҳам ўша минтақадаги ҳар бир терма жамоа муносиб куч эканини исботлайди.

Жамоа ҳужум чизиғида ҳали ҳам тажрибали Фалькао ва Бакка каби футболчилар тўп суради. Шунингдек, «Севилья»да жуда яхши мавсум ўтказаётган Луис Муриэлга ҳам алоҳида эътибор бериш лозим. Ярим ҳимояда эса, ўша Хамес Родригес, у сўнгги тўрт йилда икки марта жамоа алмаштирган ва олдингидек ёрқин чақнамаётган бўлса-да, унинг иқтидори ва кўп нарсага қодирлиги терма жамоада ҳамон асосий куч бўлиб қолмоқда.

Куни кеча колумбияликлар кучли Франция терма жамоасига қарши ўйинда сафарда тўп суришлари ва 0:2 ҳисобида ортда боришганига қарамай, иродали ғалаба қозонганликларининг ўзиёқ Пекерман шогирдларида кучли характер шаклланганини исботлайди. Ўйинда голларни Муриэл, Фалькао ва Кинтеро урди.

ЭЪТИБОР БЕРИШ ЛОЗИМ: МАРКАЗИЙ ҲИМОЯ ЖУФТЛИГИ

Фото: Getty Images

Фалькао ёки Родригес каби юлдузларни кўп йиллардан бери биламиз ва улардан ҳар қандай даражадаги қаҳрамонликни кутиш мумкин. Бу сафар колумбияликларнинг ҳимоя чизиғи эътиборга молик деб айтиш мумкин. Таркибда Сапата каби тажрибали футболчи бўлса-да, Пекерман сўнгги ўйинларда ҳимоя марказида Йерри Мина - Давинсон Санчес жуфтлигини синаб кўрмоқда ва катта эҳтимол билан, айнан ушбу жуфтлик мундиалда ҳам асосий танлов бўлади.

Йерри Мина (23 ёшда) бир неча йилдан бери «Барселона» кўз остида улғайди ва ниҳоят каталонияликлар билан шартнома имзолади. Унинг ўйин услуби ва сермаҳсуллиги мамлакат учун янгилик эмас ва мухлислар ундан ниҳоят катта турнирда ҳам ўзини кўрсатишни кутишмоқда.

Давинсон Санчес (21 ёшда) эса, «Аякс» мактабидан етишиб чиқди, ўтган мавсумда Европа Лигаси кашфиётларидан бирига айланди ва «Тоттенҳэм» таркибидан жой олди. Бошқа бир аргентиналик мураббий Почеттино қўл остида ёш Санчес топ-клуб сафида ҳам асосий таркибда мунтазам ҳаракат қилмоқда. Жисмоний жиҳатдан Минадан қолишмайди, аксинча, агар шериги кўпроқ яккакурашлар ва стандарт вазиятлар қироли бўлса, Санчес тўпни назорат қилиш ва ҳужумларни бошлашда беназир ҳаракат қилади.

Жаҳон чемпионати пайтида бу жуфтликни кузатиш жуда қизиқ бўлиши шубҳасиз.

ЖЧ-2018

Колумбия ЖЧ-2018 да Н гуруҳида тўп суради ва айтиш мумкинки, уларга омадли қуръа насиб этди. Сенегал, Польша ва Япония ҳар ҳолда ўйнаса бўладиган, ютса бўладиган рақиблар ва бу квартетда таркиб жиҳатидан ҳам, сўнгги натижалар эътибори билан ҳам Колумбия фаворит сифатида баҳоланмоқда. Жамоа илк ўйинини 19 июнь куни Саранскда Японияга қарши ўтказади. 24 июнь куни Қозонда Польшага қарши ўйин, 28 июнь куни эса, Сенегал - Колумбия ўйини Самарада бўлиб ўтади.

Аммо тақвимга қарасак, нимчорак финалданоқ (агар гуруҳ масаласи ҳал этилса), жиддий рақиблар рўбару бўлишини кўриш мумкин. Н гуруҳи ғолиблари нимчорак финалда G гуруҳидаги омадли жамоаларга рақиб бўлади. У ерда Англия ва Бельгия каби кучли терма жамоалар бор.

Қаҳрамон Асланов тайёрлади

Мавзуга оид