Ўзбекистон | 22:05 / 29.03.2018
72253
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда 200 киши Ислом динига қайтди

21 март куни «Шайх Зайниддин» жомеъ масжидида жисмонан эшитиш ва сўзлашиш имкониятлари чекланган 200 нафар ватандошлар Ислом динини қабул қилишди. Бу ҳақда Azon.uz масжид маъмуриятига асосланиб хабар берган.

«Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси билан Тошкент шаҳар Олмазор тумани «Исломобод» жомеъ масжиди имом хатиби Жуманов Абдулҳамид домла бошчилигида эшитиш ва сўзлашиш имкониятлари чекланган 200 нафар ватандошларимиз учун «Шайх Зайниддин» жомеъ масжидида тадбир ўтказилди. Ушбу тадбир давомида бир пайтлар миссионерлик ҳаракати оқибатида адашиб бошқа динларни қабул қилган бу ватандошларимизга Ислом дини ҳақ дин экани ва унда ҳамма баробарлиги тушунтирилди. Уларнинг барчаларига имон калималари ёзилган махсус маълумотномалар тарқатилди. Натижада бу 200 нафар ватандошларимизнинг кўзлари ёшга тўлган ҳолда муқаддас Ислом динини қабул қилдилар. Тадбир сўнгида ҳомийлар томонидан байрам муносабати билан таомлар берилиб, эсдалик учун ҳадялар улашилди», дейилади хабарда.

Бундан аввалроқ, айнан шу имом-хатиб томонидан эшитиш ва сўзлашиш имкониятлари чекланган кишилар учун жума намозида судротаржимон орқали маъруза тинглаш имконияти яратилган эди.

Фото: Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фото: Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Мавзуга оид