Жаҳон | 17:55 / 07.04.2018
11006
2 дақиқада ўқилади

Пучдемон Россияга қочиб кетмоқчи бўлган

Фото: EAdaily

Каталония собиқ раҳбари Карлес Пучдемон Финляндияга март ойи охирида уюштирган ташрифи давомида Испания раҳбарияти таъқибидан Россия ҳудудида яшириниш имкониятини кўриб чиққан, бироқ Бельгияга Дания ҳамда Германия орқали автомобилда қайтишга қарор қилган, бу полициячиларга аввалдан маълум бўлган. Бу ҳақда El Mundo хабар бермоқда.

Хабар қилинишича, Пучдемон Финляндияга Швейцариядан келиб, Россияга жўнаб кетиш имконияти устида ўйлаган. Финляндияда уни ҳибс қилиш учун ордер олингани тасдиқлангач, Пучдемон танлов олдида қолган - Санкт-Петербург ёки Стокгольмга жўнаб кетиш.

Бироқ, Пучдемон финляндиялик ҳайдовчи билан Швецияга жўнаб кетишни маъқул кўриб, тахминан 1700 километр масофани босиб ўтган. Каталония собиқ етакчисининг бундай қарорга келишига Стокгольмга кемада борганида, ундан паспортини текшириш учун сўраб қолишлари мумкин бўлгани сабаб сифатида кўрсатилади. Швецияда у Дания ва Германия орқали Бельгияга етиб бормоқчи бўлган, аммо Германия-Дания чегарасида 25 март куни полиция томонидан қўлга олинган.

Мавзуга оид