Жамият | 17:25 / 01.06.2018
30902
8 дақиқада ўқилади

Ҳамма нарсанинг чегараси бор: Ўзбекистондаги чекиш билан боғлиқ муаммолар

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) 1988 йилда 31 майни Жаҳон чекишга қарши курашиш куни дея эълон қилган, ҳозирда бу сана БМТнинг жаҳон ва халқаро кунлари тизимига киради. ЖССТ ва ҳамкор мамлакатлар ҳар йили жамоатчилик эътиборини чекиш билан боғлиқ хавфга қаратиб, бу кунни нишонлашади ва давлатларни тамаки истеъмоли кўламини камайтиришга доир самарали сиёсат олиб боришга чақиради.

Дунёнинг кўплаб мамлакатларида чекиш ўз машҳурлигини йўқотаётган бўлишига қарамай, тадқиқотлар чекувчиларнинг умумий сони ўсишда давом этаётганини кўрсатмоқда. Тадқиқотчиларнинг 187 мамлакат бўйича олган маълумотларига кўра, 1980 йилда ҳар куни дунёда 721 миллион киши сигарет чеккан бўлса, 2021 йилга келиб бу кўрсаткич 967 миллионни ташкил қилган. Таъкидлаш жоизки, сўнгги 50 йилда дунё аҳолиси сони деярли икки бараварга - 7 миллиард кишига ўсган ва табиийки, бу зарарли одатга эга кишилар сони ҳам ортиб бормоқда.

Фото: Getty Images

МДҲ ҳудудида чекувчилар сони доимий равишда ошиб бормоқда. Бугунги кунда дунёда ҳар учинчи эркак (31 фоиз) ва йигирманчи аёл (6 фоиз) чекиши қайд этилган. Бу зарарли одатга қарши энг муваффақиятли кураш олиб борувчи мамлакатлар Исландия, Норвегия, Канада ва Мексика ҳисобланади. Ушбу мамлакатларда ҳукумат аҳолини чекишни бошламасликка ёки шунчаки бундай балодан қутулишга кўндиришган. Чекувчилар сони бўйича дунё етакчиси шубҳасиз Россиядир. Расмий маълумотларга кўра, бу мамлакатда 65 фоиздан ортиқ эркак ва тахминан 30 фоиз аёл сигарета чекади.

ЖССТ ҳисоботига кўра, Ўзбекистонда чекувчи аёллар сони умумий чекувчилар сонининг 1,4 фоизини ташкил қилган. Шу билан бирга, республикада 25,2 фоиз эркак тамаки маҳсулотларини истеъмол қилади. Умуман олганда, мамлакатдаги чекувчилар сони 13,1 фоизни ташкил қилади.

ЖССТ баҳоларига кўра, Европада умумий ҳисобда аҳолининг 30 фоизи чекади. Ҳисобот муаллифларининг таъкидлашича, бу Европа қитъасида тамаки истеъмоли камаяётганидан далолат беради ва буни қисман чекишга нисбатан тақиқлов, тамаки маҳсулотлари нархининг ошиши ва бундай маҳсулотларнинг чекишнинг салбий оқибатлари акс этган суратлар акс этган қадоқларда сотилиши билан боғлашмоқда.

Ўзбекистонда бу йўналишда ижобий қадамлар қўйилди.

Биринчидан, тамаки маҳсулотлари рекламаси тақиқланди. "Реклама тўғрисида"ги қонунга киритилган тузатишларга мувофиқ, мамлакатда тамаки ва алкоголь маҳсулотлар рекламаси тўлиқ тақиқланган. Шунингдек тамаки маҳсулотлари ёки спиртли ичимликлар номи, тасвири ҳамда товар белгисидан фойдаланилган тадбирларга ҳомийлик қилиш ҳам тақиқланди.

Иккинчидан, 2011 йилда "Алкоголь ва тамаки маҳсулотларини тарқатиш ва истеъмол қилишни чеклаш тўғрисида"ги қонун қабул қилинди. Қонунда алкоголь ва тамаки маҳсулотлари 20 ёшга етмаган шахсларга, шунингдек таълим, спорт ва диний муассасалардан 500 метрдан яқин жойлашган савдо объектларида сотилмаслиги қайд этилган. Шунингдек сигаретларни доналаб сотиш тақиқланди.

Фото: Pixabay

Учинчидан, Ўзбекистонда жамоатчилик жойларида чекишга нисбатан жарималар жорий қилинди. 2015 йилнинг 29 декабрида Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига тузатиш киритилган ҳужжатни имзолади. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 56-1-моддасига мувофиқ, иш жойлари, соғлиқни сақлаш ва таълим муассасалари, ёнғин хавфи бўлган жойлар, шу жумладан автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари ва бошқа жамоатчилик жойларида тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш энг кам иш ҳақининг 1/3 суммаси баробарида жаримага тортилади.

Тўртинчидан, 2016 йилнинг 7 ноябрида соғлиқни сақлаш вазири алкоголь ва тамаки маҳсулотлари истеъмолидан огоҳлантирувчи ҳамда тамаки маҳсулотлари учун махсус ажратилган жойлар ва иншоотлар ҳақида хабардор қилувчи ёзувлар туширилган табличкаларни тайёрлаш ва жойлаштириш тартиби тўғрисидаги қоидани тасдиқлади. Ҳужжатда таъкидланишича, ёзув тахталарини тайёрлаш ва жойлаштириш корхона, муассаса ва ташкилот раҳбарияти, бино ёки объектдан фойдаланаётган иш берувчи ёки юридик ҳамда жисмоний шахслар томонидан ташкил қилинади.

Қабул қилинган чора-тадбирларга қарамай, мамлакатда ҳамон баъзи муаммолар кузатилмоқда.

1-муаммо. Донали сигаретлар

Донали сигаретлар тақиқланди, муайян муассасалар ёнида уларни сотиш мумкин эмас, бироқ барибир сигаретлар сотилмоқда. Фуқаролик жамиятини шакллантириш бўйича Мустақил мониторинг институти (ФЖШММИ)нинг тадқиқотлари ҳам шундан далолат бермоқда. 2016 йилги таҳлил давомида тамаки маҳсулотлари ҳамон баъзи таълим муассасалари яқинида сотилаётгани аниқланди.

"Нима қилай? Пенсия етмагандан кейин сотишга мажбурман. Барибир уйда қиладиган ишим йўқ. Ҳеч бўлмаганда кунига 10-15 минг ишлаб оламан", - дейди донали сигарета сотувчиларидан бири.

Вазият умуман олганда тушунарли. Ҳойнаҳой, бундайларга ҳатто участка нозирлари ҳам индашмайди. Кекса ёшли аёлни ҳайдаб, барча сигареталарини мусодара қилиш керакми ёки шунчаки буларнинг барига кўз юмган маъқулми? Бу вазиятда тарозининг икки палласини баравар ушлаш жуда қийин: инсонийлик қонун ижросига қарши.

2-муаммо. Ресторанлар - жамоатчилик жойими?

Кечки соат 9 ларда танишим билан ресторанга кирдик. У ерда жонли мусиқа бўлгани туфайли мусиқачилар учун махсус "туман" тарқатилди, деб ўйладик. Бироқ адашибмиз, бу сигарета тутуни экан.

Фото: Depositphotos

Таъкидлаш жоизки, бу вақтда ресторанда болалар ва уларнинг ота-оналари ҳам ўтиришганди. Бошқа бир бурчакда ҳомиладор аёл турмуш ўртоғи билан ўтирганди. Болалар, ҳомиладор аёл, бошқалар эса паравоз каби чекиб ўтиришибди...

"Ресторанингизда чекиш мумкинми?", - сўрадик биз.

"Ҳа, албатта. Биз мижозларимиз учун барча қулайликларни яратганмиз. Асосийси, сиз мамнун бўлсангиз бўлди", - деди официант қиз.

Икки ҳафтадан сўнг одамлар овқатланувчи бошқа бир жамоатчилик жойига кирдик.

Қўлимизга сигарета олишимиз билан официант югуриб келди.

"Кечирасиз, бизда чекиш тақиқланади. Чекмоқчи бўлсангиз, марҳамат қилиб, ташқарига чиқсангиз, у ерда чекувчилар учун махсус жой ажратилган", - деди у мулойимлик билан.

Мана сизга реал ҳаётдан икки мисол. Кўриб турганингиздек, барчаси виждонга ва одамларнинг иш ёки жамиятга муносабатига боғлиқ.

3-муаммо. Ўсмирлар

Бу тажрибани биз бир йил илгари ўтказгандик. Икки ўсмирни сигареталар сотилувчи беш дўконга йўллаганмиз. Дўконлардан фақат биттасигина уларнинг вояга етмаганини инобатга олиб, сигарета сотишни рад этган. Бирорта дўконда ўсмирлардан паспорт сўралмаган.

Бошқа бир куни 13 ёшли болани дўконга юбориб, "отаси учун" бир пачка сигарета сотиб олишни сўрадик. Афсуски, ортиқча гап-сўзсиз болага сигарета сотилган...

4-муаммо. Муқобил вариантлар

Чекишни ташлашнинг энг яхши усули - муқобил вариантга ўтиш. Спорт, писта ва албатта, тиббиёт. Баъзи препаратлар дорихоналарда сотилади, аммо чекувчиларнинг фикрича, улар у қадар самарали натижа бермайди.

Чет эл дори воситалари самарали ҳисобланади, бироқ улар қиммат. Уларни фақат интернетдан топиш мумкин. Бир пачкаси камида 120-150 минг сўм, лекин бу фақат бир ҳафтага етади.

Кўп тиббиёт ходимлари шунингдек хандон писталар, турли ёнғоқлар ва бошқа маҳсулотларни тавсия қилишади.

"Бу маҳсулотларнинг нархини эшитиб, чекишни ташламасликни маъқул кўраман", - дейди чекувчилардан бири ҳазиллашиб.

Фото: Fotolia

Шунчаки виждонан ёндашинг

Ресторан менежери муассасада болалар ўтирганини кўриб турибди. Наҳотки, ресторанни "чекилмайдиган зона"га айлантириш қийин бўлса?!

Сотувчи қаршисида вояга етмаган бола турганини кўриб турибди. Йўқ дейиш шунчалик қийинми?!

Фикримизча, бугунги кунда давлат вазиятни ҳисобга олиб ва таҳлил қилиб, "юмшоқ" сиёсат юритмоқда. Шундай экан, ёнингизга "қамчи" билан келишса, хафа бўлманг. Ҳамма нарсанинг чегараси бор, ишонинг. Шунчаки, виждонан йўл тутинг.

Мавзуга оид