Жамият | 03:47 / 10.06.2018
197873
2 дақиқада ўқилади

Қаҳрамон Қуронбоев Намангандаги воқеа бўйича изоҳ берди

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи раиси, сенатор Қаҳрамон Қуронбоев Наманган вилоятида ёш келин-куёвларнинг тўй кортежини тўхтатгани ҳақида гапирган эди.

Ёшлар Иттифоқи раисининг бу хатти-ҳаракати ижтимоий тармоқларда катта норозилик келтириб чиқарди ва минглаб ёшлар раис ҳақида салбий фикрлар билдира бошлашди.

Интернетда мэмлар ва карикатуралар пайдо бўла бошлади ва уларда асосий эътирозлар кейинги пайтлар кўп муҳокама бўлаётган тўйлардаги дабдабабозликни тугатишга эмас, балки Қуронбоев томонидан қўлланилган кескин чорага нисбатан билдирилди.

КУН.УЗ сайтида Қаҳрамон Қуронбоев истеъфога чиқишга чақирилган мақола эълон қилинди.

Қаҳрамон Қуронбоев КУН.УЗ мухбирига ушбу воқеа қандай рўй берганини ҳикоя қилиб берди.

«Аслида воқеа худди шу келин-куёвларимизнинг машинасини келаётган жойида уларнинг ҳурматини жойига қўйиб, уларга тушунтирилиб йўлида давом эттирилди. Лекин, буларнинг ёнидаги ортиқча, (ҳаракатланишга) халақит қилаётган дўстлари, тўғрисини айтиш керак, буни — (тўй кортежида) кимлар эргашиб борганлигини ота-оналар ҳам билмайди кўпчилигини, уларга ўша жойда қонун доирасида тушунтирилиб, қонун-қоидаларни бузганларини ички ишлар ходимларидан илтимос қилдик, уларнинг (хатти-ҳаракатини) тегишли равишда муҳокама қилиш масаласи кўтарилди. Яна такрор айтаяпман, бу оилалар бу ерда ҳеч қандай эътироз ҳам билдиргани йўқ, хурсанд бўлиб, тўйлари чиройли ўтди, биз уларга худди шу (намунавий) тўйлардан биттаси сифатида ўзимизнинг тавсиямизни берганмиз», — деган Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи раиси Қаҳрамон Қуронбоев КУН.УЗ мухбирининг резонанс келтириб чиқарган масала юзасидан саволига жавобан.

P.S. Kun.uz мухбирининг Қаҳрамон Қуронбоев билан интервьюси унинг Фейсбук тармоғидаги саҳифасида онлайн қилинди. Ушбу ҳаволадан бўлиб ўтган интервьюнинг тўлиқ кўриниши билан танишишингиз мумкин.

Мавзуга оид