Жамият | 17:20 / 28.06.2018
5870
3 дақиқада ўқилади

Навоийлик журналистлар касб байрамларида муносиб тақдирланишди

Навоий шаҳридаги “Хурсанд” тантаналар уйида 27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни вилоят байрам тадбири нишонланди. Бу ҳақда Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати хабар бермоқда

Байрам дастурхони атрофида ташкил этилган тадбирда вилоят ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги фаол иштироки, матбуот ва оммавий ахборот воситалари соҳасини ривожлантиришга қўшиб келаётган муносиб ҳиссаси ҳамда касб байрами муносабати билан бир гуруҳ журналистлар вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиғи ва рағбатлантирувчи мукофотлари билан тақдирланди.

Хусусан, вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиғига сазовор бўлган 11 нафар журналистга 11 та телевизор туҳфа этилди.

Фото: Навоий вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати

— Эндиликда шиддат билан ўзгараётган замон журналист олдига ҳам улкан масъулият ва вазифаларни қўймоқда, — дейди Навоий вилояти телерадиокомпанияси муҳаррири Раҳима Қаймоқова. — Бугун шунчаки ёзиб, ёритиб бўлмайди. Журналистнинг фикри жамият тараққиётига хизмат қилиши керак. Одамларнинг дарду ташвишлари, уларни қийнаётган муаммоларни ёрқин суратларда ёритиш, жамиятда фуқаролик позициясини шакллантириш қалам аҳлининг энг асосий вазифасига айланмоқда.

Муҳтарам Юртбошимизнинг матбуот ва ахборот соҳасида бошқарувни такомиллаштириш, журналистлар ва ёзувчилар уюшмалари фаолиятини янада ривожлантириш, айниқса, “Илҳом” фонди ва Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялари университетини ташкил этиш тўғрисидаги фармон ва қарорлари соҳа тарихидаги муҳим қадамлардан бири бўлди.

Фото: Навоий вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати

Навоий матбуоти ва журналистикаси хусусида сўз юритар эканмиз, аввало, бу соҳа ўзининг бир асрлик ҳаёт йўли, бой тарихи билан ҳар жиҳатдан ибрат мактабидир.

Бугун вилоятда 42 та оммавий ахборот воситалари, 80 дан ортиқ матбаа-ноширлик субъектлари фаолият кўрсатмоқда.

Фото: Навоий вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати
Фото: Навоий вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати

Навоийлик ижодкорлар орасида 2 нафар Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, 1 нафар Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, 4 нафар “Меҳнат шуҳрати” ва “Дўстлик” орденлари нишондорлари, 4 нафар “Шуҳрат” медали совриндорлари фаолият кўрсатиб келмоқда.

Шунингдек, соҳа фидойилари орасида бир неча ўнлаб “Олтин қалам” халқаро миллий мукофоти, “Йилнинг энг фаол журналисти”, “Энг улуғ, энг азиз”, “Жамият ва мен” сингари нуфузли республика танловлари ғолиблари меҳнат қилмоқда.

Фото: Навоий вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати

Байрамда санъаткорлар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар ва жозибали рақслар ижод аҳли кўнглига янада завқ олиб кирди.

Тадбирда Навоий вилояти ҳокими, сенатор К.Турсунов иштирок этди ва сўзга чиқди.

Фото: Навоий вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати
Фото: Навоий вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати

Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати.

Мавзуга оид