Жаҳон | 19:20 / 18.07.2018
34980
2 дақиқада ўқилади

Кобулда генерал Дўстум тарафдорлари «параллел ҳукумат» тузмоқчи

17 июль куни Афғонистон пойтахти Кобул шаҳрида мамлакатнинг биринчи вице-президенти генерал Абдул Рашид Дўстумни қўллаб-қувватловчилар намойиши бўлиб ўтди. Намойиш қатнашчилари унинг мамлакатга қайтарилишини талаб қилишди, деб хабар берди «Афганистан.ру» портали.

Шу билан бирга фаоллар Фарёб вилояти туманларидан бирининг полиция бошлиғи ва Дўстумнинг яқин кишиси Низомуддин Қайсарийни ҳибсдан озод қилишга чақиришди. Қайсарий бундан икки ҳафта муқаддам ҳибсга олинган. Айрим маълумотларга қараганда, унга нисбатан 20та айблов бўйича жиноят иши қўзғатилган, аммо полиция бошлиғининг партиядошлари унинг ҳибсга олинишини Дўстумга нисбатан сиёсий босим сифатида баҳолашмоқда.

Намойишчилар ҳукуматнинг меъёрида фаолият олиб бориши ва парламент сайловлари ўтказиш учун биринчи вице-президентнинг мамлакатда бўлиши зарур эканлигини таъкидлашди.  

Норозилик намойиши қатнашчилари Кобулни агар талаблари бажарилмаса намойишлар мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам давом этиши, бундан ташқари, октябрга белгиланган овоз бериш жараёнларига қаршилик қилиниши ҳақида огоҳлантиришган.

«Биз ўзимизнинг мустақил ҳукуматимизни эълон қиламиз ва бошқа вилоятларда ҳам норозиликлар бошланади», – деган генерал Дўстумнинг қайтиши тарафдорларидан бири матбуот вакиллари билан суҳбатда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Дўстумни қўллаб-қувватлаётган фаоллар Фарёб сайлов қўмитаси ваколатхонасини ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур қилишган ва сайлов қоғозларини йўқ қилишганди.

Мавзуга оид