Жаҳон | 21:49 / 07.08.2018
14982
2 дақиқада ўқилади

Хитой расмийлари "Толибон" вакиллари билан учрашгани маълум бўлди

Фото: getty images

Хитойлик амалдорлар Афғонистондаги "Толибон" террорчи ҳаракати аъзолари билан бир неча марта музокаралар олиб боришган. Financial Times Покистон ҳукуматидаги манбаларига асосланиб, шу ҳақида хабар берди.

Манбага кўра, бу Пекиннинг Афғонистонда 17 йилдан буён давом этиб келаётган урушнинг тугашида сезиларли роль ўйнаш истаги билан боғлиқ. Учрашувларни ташкиллаштиришда қатнашган газета суҳбатдошларининг айтишича, Хитой толиблар билан алоқа ўрнатишга астойдил ҳаракат қилмоқда. Учрашувнинг асосий мақсадларидан бири шунингдек Хитойдаги Шинжон-Уйғур автоном туманидаги мусулмонлар билан боғлиқ вазият муҳокамаси бўлган. 

"Хитойликлар учрашувни ташкиллаштиришга масъулият билан ёндашишди, - дея маълум қилади улардан бири. - Толиблар Пекинда масжидда бўлишган ва ҳалол таом билан озиқланишган". Манбада таъкидланишича, тадбирнинг мақсади нафақат террорчиларни мулоқотга чорлаш, балки хитойликлар мусулмонларга ҳурмат билан муносабатда бўлишини кўрсатиш ҳам бўлган. Шунингдек, учрашувда Шинжон-Уйғурдан чиққан экстремистларнинг Афғонистон ҳудудига қочиб, Пекинга қарши ҳаракатларни ташкиллаштириш муаммоси ҳам муҳокама қилинган. 

Хитой ТИВда толиблар билан муҳокамалар ҳақидаги маълумот рад этилмади. Идора вакили баёнотига кўра, ХХР Афғонистондаги тинчлик жараёнини ҳамда зиддиятга жалб қилинган барча томонларни қўллаб-қувватламоқда. 

Financial Times Қатарда толиблар ва АҚШ истеблишменти вакиллари ўртасида ўтган камида икки учрашув ҳақида ҳам маълум қилган. Бироқ, манбанинг сўзларига кўра, хитойлик амалдорлар америкалик ҳамкасбларига нисбатан кўпроқ муваффақиятга эришишган.

Мавзуга оид