Light | 20:10 / 23.08.2018
238768
5 дақиқада ўқилади

Оёқ-қўлингиз кўп музлайдими? Бу касаллик асорати бўлиши мумкин

Инсоннинг оёқ ва қўллари кўпинча муздек туришига қатор сабаблар бўлиши мумкин. WebMD экспертлари уларни тизимлаштириб, касаллик асорати бўлиши мумкин бўлган сабабларни келтиради.

Анемия

Организмда қизил қон таначалари (эритроцитлар) етишмаганда анемия ёки камқонлик юзага келади. Сабаблар турлича бўлиши мумкин, эритроцитлар етишмовчилиги эса бирдек намоён бўлади - чарчоқ, ҳолсизлик, бош айланиши, нафас қисиши ва доимий музлаш, айниқса, оёқ ва қўлларнинг музлаши.

Гипотиреоз

Гипотиреоз – қалқонсимон без функциясининг пасайиши, бунда гормон ишлаб чиқариш камаяди. Доимий музлаш - қалқонсимон без фаолиятидаги камчиликларга ишора қилади. Керакли миқдордаги гормонсиз метаболизм секинлашади ва тана "иссиқлик"ни тежай бошлайди. Гипотиреознинг бошқа одатий белгилари - сочларнинг оқариши, терининг қуруқлашиши ва чарчоқ.

Фото: hpssociety.info

Рейно феномени

Шундай ҳолатлар бўладики, оёқ-қўлларнинг қон томирлари паст ҳарорат ёки стрессга кучли реакция намоён қилади. Одатда бир неча дақиқадан бир соатгача давом этувчи хуруж вақтида қон томирлари тораяди, бунинг натижасида қон таъминоти бузилади. Бу бармоқларнинг музлашига ва қотиб қолишига олиб келади, улар оқ ёки кўк тусга кириши ҳам мумкин. Қон таъминоти қайта тикланганда улар ҳатто оғриши ҳам мумкин.

Буйраклар касаллиги

Буйраклар организмдан маҳсулотларни чиқаришга доир функциясини яхши уддалай олмаса, зарарли моддалар хавфли даражагача тўпланиб қолиши мумкин. Бу тана ҳароратини пасайтириши ва яна бошқа муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.

Фото: shutterstock

II турдаги диабет

Диабетик невропатия деб аталувчи диабет керакли даражада назорат қилинмаса, асаб тўқималарига доимий ҳужум музлаш, қотиб қолишгача олиб келиши мумкин, баъзан эса қўл ва оёқлар оғрийди. Диабетик невропатия секин-аста ривожланади ва бемор ҳатто узоқ вақтгача буни билмаслиги ҳам мумкин.

Периферик артериялар касалликлари

Шифокорлар одатда бу касалликларни атерсклероз – ёғ қатламларининг ривожланиши белгиси сифатида қайд этишади, бу касаллик оёқнинг периферик артерияларини торайтиради. Агар бир оёқ иккинчисидан совуқроқ бўлса ва айниқса, у увишса ёки заифлашса, бу касаллик белгиси бўлиши мумкин.

Асаб анорексияси

Бу калорияларнинг кескин камайишига ва ҳаддан ташқари озишга олиб келувчи овқатланиш тизимининг бузилиши. Организмда ёғнинг йўқлиги доимий совқотишга олиб келиши мумкин, бу айниқса оёқ ва қўлларда яққол сезилади. Бундай ҳолат ҳаёт учун хавфли бўлиши мумкин.

Периферик нейропатия

Периферик нейропатия — периферик асаблар бузилишининг намоён бўлиши. Бу алоҳида касаллик эмас, организмнинг энг узун асаб толаларида муайян паталогик жараённи акс эттирувчи белгилар комплекси. Нейропатия бошқа белгилар билан бир қаторда оёқлар музлаши билан ҳам намоён бўлади, аслида эса улар иссиқ бўлади.

Фото: getty images

B12 витамини етишмаслиги

B12 витамини организмга эритроцитларни ишлаб чиқариш учун керак ва унинг танқислиги анемияга, яъни уларнинг сони камайишига олиб келиши мумкин. Бу эса, ўз навбатида, инсоннинг музлашига олиб келади. B12 витамини товуқ гўшти, тухум, балиқ ва баъзи дон маҳсулотларида бўлади.

Шуни инобатга олиш керакки, баъзан ҳатто тўғри овқатланишда ҳам бу витамин ўзлаштирилмаслиги мумкин – бунга касаллик ёки дориларни қабул қилиш сабаб бўлади.

Темир моддаси етишмовчилиги

Организмда темир моддасининг камлиги – доимий музлашнинг энг кўп учровчи сабабларидан бири. Бу модда кислородни тўқималарга етказиш ва боғлаш жараёнларида иштирок этади. Темир моддасининг етишмаслиги яна шуниси билан ҳам хавфлики, бунда қалқонсимон без бўшашиб қолади ва натижада гипотиреоз юзага келади.

Гипопитуитаризм

Гипофиз томонидан гормон ишлаб чиқаришнинг пасайиши ёки тўлиқ тўхташи билан боғлиқ касаллик шу мураккаб сўз билан қайд этилади. Инсоннинг музлашга мойил бўлиши бунинг одатий белгиларидан бири ҳисобланади, бу касалликда тана ҳароратини иссиқ ушлаб туриш қийин.

Уйқусизлик

Метаболизм уйқусизликдан азият чекади, тана ҳарорати пасаяди, қон айланиши секинлашади – инсон доим музлайверади. Агар уйқусизлик спиртли ичимликлар истеъмоли билан боғлиқ бўлса, вазият мураккаблашади, зеро алкоголь миянинг организм ҳароратини назорат қилишга жавоб берувчи соҳасига салбий таъсир қилади.

Мавзуга оид