Light | 18:20 / 24.08.2018
10906
10 дақиқада ўқилади

Facebook дизайнерлар жамоасига қандай келиб қолдим?

Facebook маҳсулотлари дизайнери Гэррон Энгстром қандай қилиб дунёнинг етакчи технологик компаниясига ишга жойлашишга ва миллионлаб фойдаланувчилар учун маҳсулотлар ишлаб чиқаришга муваффақ бўлгани ҳақида мақола uxdesign.cc'га сўзлаб берди.

Карьеранинг 1-босқичи: Янги дизайнер

Вақт: 2,5 йил/Тажриба: кичик/ Иш берувчи: Mitchell International

Менинг карьерам техник жиҳатдан 2011 йилнинг апрелида бошланди. Менга Сан-Диегода корпоратив дастурий таъминот ишлаб чиқиш билан шуғулланувчи кичик компанияда амалиёт ўташни таклиф қилишди. Мен жуда ёш эдим: назарияни яхши билардим, лекин олган билимларимни амалда қўллай олмасдим. Мен атамаларни яхши билардим, аммо барчасини бошидан ўрганишим керак эди.

Мен реал кўникмаларим йўқлигини жуда яхши англаб етардим, шунинг учун доимий равишда ривожланиш ва ўз устимда ишлашимга тўғри келди. Мен маълумот излардим. Дизайн тўғрисидаги барча китобларни ўқиб чиқардим. Мавзуга доир барча конференцияларда иштирок этардим ва олган билимларимни амалиётда қўллашга ҳаракат қилар эдим.

Фото: Unsplash

Секин-аста лойиҳалаштириш учун турли жиҳозларни ўзлаштира бошладим. Мен ишлаган компания бироз эски мактабга тегишли эди, шундай экан, у ерда Windows'да ишловчи стол компьютеридан фойдаланардим. У пайтлар бу менинг имкониятларимни чегаралаётганини тушунмаганман. Omnigraffle, Photoshop ва Illustrator мен қўллай олувчи жиҳозлар эди.

Мен университетни амалий кўникмаларсиз тугаллаганман, шу боис Adobe линейкаси жиҳозларидан фойдаланиш мен учун қоронғу эди. Компанияга шунингдек frontend-ишлаб чиқарувчилар етишмасди. Бу маҳсулотлар лойиҳадагидек ишлаб чиқарилмаслигига олиб келарди. Мен frontend-ишланмаларни тушунмаганим сабаб дастурчилар билан тил топиша олмасдим.

Шунинг учун веб-ишланмалар ва график дизайн курсларига ёзилдим. Уларни тугаллаганимдан кейин дарҳол тажрибали график дизайнер бўла олмаган бўлсам-да, ҳар ҳолда жиҳозлардан ишончли фойдалана олардим.

Раҳбарим ҳақида ҳам икки оғиз сўз. Бу борада омадим келди, зеро у менинг дўстим ва мураббийимга айланди. Бу босқичда маслаҳат ва ёрдам сўраб мурожаат қилиш мумкин бўлган инсоннинг бўлиши жуда муҳим. Дўстона муносабатларимизга бизнинг илгари ҳамкасб бўлганимиз ҳам туртки берди. Унинг шахсий бошқарув услуби ҳатто ҳозир ҳам мени менежер роли ҳақида ўйлашга мажбур қилади.

Сизнинг мураббийингиз раҳбар ёки ҳамкасб бўлиши шарт эмас. Асосийси, ўзингиз ўхшагингиз келган кишини топиш.

Мен Mitchell International'га амалий кўникмаларсиз келдим, бироқ икки ярим йил ичида кўп нарса ўргандим.

Хулосалар:

Университетда яхшилаб билим олинг. Имкон қадар кўпроқ амалий тажрибани қўлга киритинг.

Энг бошида дизайн ҳақидаги барча китобларни ўқинг ва турли анжуманларда қатнашинг. Билим, терминология ва алоқалар сизнинг олдинга қараб ҳаракат қилишингизга ёрдам беради.

Кўникмалар тўпламини кенгайтиринг. Энг аввало ўз билимларингизни таҳлил қилинг, яна нималарни ўрганиш мумкинлигини белгилаб олинг. Бой берилган билимлар ўрнини тўлдиришга ёрдам берувчи кўп онлайн-курслар ва дастурлар бор.

Мураббий топинг. Бу сизнинг раҳбарингиз ёки ҳамкасбингиз бўлиши шарт эмас. Шунчаки ўзингиз ўхшагингиз келган инсонни топинг.

Карьеранинг 2-босқичи: Генералист

Вақт: 2,5 йил/ Тажриба: ўрта/Иш берувчи: Intuit

Intuit барча жиҳатлар бўйича жиддий технологик компания. Ўйлашимча, айнан ўша ерда мен малакали дизайнерга айландим. Илгари мен юзлаб фойдаланувчилар томонидан қўлланувчи корпоратив дастурий таъминотни лойиҳалаштирар эдим, ҳозир эса мен миллионлар томонидан қўлланувчи йирик компания истеъмолчи маҳсулоти ишланмаси билан шуғулланаман. Мен унча катта бўлмаган, лекин фойдаланувчи интерфейсининг ажралмас қисмидан бошладим, у кейинроқ TurboTax Home номи остида танилди. Тўғрисини айтсам, бу ўзим фахрланувчи биринчи ишимдир.

Фото: Medium

Кейин эса мен TurboTax'нинг ExplainWhy™ каби функциялари ва TurboTax'нинг iOS ва Apple Watch учун иловалари устида ишладим. Лойиҳа сайин ўзимнинг мураккаб муаммоларнинг ечимини топиш ва муваффақиятли функция ҳамда маҳсулотларни ишга туширишнинг уддасидан чиқа олиш хусусиятларимга ишонч ҳосил қила бошладим.

Шунингдек, компания доирасидан ташқари фикрлашни ўргандим. Мен ўз ишимни бошқалар билан бўлиша бошладим - Medium'да қисқа постлар ёздим ва турли анжуманларда иштирок этдим. Шу тариқа мен нафақат омма олдида чиқиш қилиш билан боғлиқ қўрқувларимни енгдим, балки нотиқлик санъатини ҳам ўргандим.  Карьера зинапояларидан қанча илгари кўтарилсам, бу кўникмаларнинг ўз соҳамдаги устунлигини шунча яхши тушуниб борардим.

Тахминан шу вақтнинг ўзида мен фрилансерлик билан шуғулланиб, турли компаниялардан буюртмалар қабул қилдим. Дастлаб бу иш билан жиддий шуғулланиш режамда йўқ эди, бироқ янги мижозлар сони тобора кўпайиб борарди. Ўша даврда мен учун асосий устувор жиҳат пул ва янги, қизиқ лойиҳалар устида ишлашдек туюларди. Ҳозир эса мен асосий фойда график дизайн кўникмаларини такомиллаштиришдан иборат бўлганини яхши тушунаман. Шу вақтга қадар мен дизайнерлар жамоалари муайян кўникмаларга кўра ажратилган компанияларда ишлаганман - график дизайнерлар, анимацион дизайнерлар ва ҳ.к. Бундай жамоаларда фаолият юритувчи одамлар мутахассис ҳисобланади.

Шунга қарамай, кўп компаниялар генералистларни излашади. Мутахассис бўлган яхшими ё генералист - бугун бу борада қайноқ баҳслар кетмоқда. Менимча, ўзингиз ишлагингиз келган компанияга йўналиш керак. Агар сиз Facebook'ни кўзлаётган бўлсангиз, сиз барчасини уддалай олишингиз керак.

У пайтлар мен ўзимга бўлган ишончимни мустаҳкамлаган ва график дизайн ҳамда омма олдида чиқиш қилиш қобилиятимни такомиллаштирган лойиҳалар устида ишлаганман.

Хулосалар:

Ўз йўлингизни топинг. Ўзингизга ўзингиз савол беринг: бошқаларга қизиқ туюлиши мумкин бўлган нарсалар устида ишлайсизми? Қандайдир ноёб мавзу топиб, шу ҳақида ёза бошланг. Дизайнерлик ҳамжамияти шахсий тажриба билан боғлиқ ноёб ҳикояларни яхши кўради. Агар сиз ўзингиз ёзаётган мавзу катта эътиборга лойиқ деб топсангиз, анжуманда шу мавзуда чиқиш қилинг. Қўрқиш керак эмас.

Ихтисослашинг ёки ҳар тарафлама ривожланинг. Қандай компанияда ишлашни орзу қиласиз? У ерда янги ходимларни ишга қабул қилиш жараёни қандай ўтиши ҳақида маълумот олинг. Улар мутахассис излашяптими ёки генералистми?

Муайян кўникмаларни такомиллаштиринг ёки кўникмалар тўпламини кенгайтиринг. Генералист бўлишнинг энг яхши йўли - фриланс билан шуғулланиш, бунда сиз ҳар тарафлама ривожланишингизга тўғри келади. 

3-карьера босқичи: Мақсадга эришиш ва ўзбошимчалик синдроми

Вақт: шу кунларга қадар/Тажриба: ўрта-юқори/ Иш берувчи: Facebook

Мен бу босқични "мақсадга эришиш" деб атайман, зеро доим бир кун келиб катта компанияга ишга жойлашишимни билганман, бироқ бу университетни тугаллаганимдан беш йил кейин рўй беришини тасаввур ҳам қилмаганман. Менга иш таклиф қилишганида қувонч ва ўзимга бўлган ишонч қамраб олганди. Шундай бўлса-да, бу тез ўтиб кетди ва мен ўзимга "Нима учун улар айнан мени ёллашди?" дея савол бера бошладим.

Фото: Medium

Тез орада мен бу феномен - кенг тарқалган ҳодиса экани ва унинг ҳатто номи ("ўзбошимчалик синдроми") ҳам борлигидан хабар топдим. Мен ўзимни эришган муваффақиятимга муносиб эмасдек ҳис қилардим ва тез орада барча менинг дизайнерлик соҳасидаги хусусиятларимга шубҳа билан қарайдигандек туюларди. Орзуингиздаги ишга жойлашганингизда, ҳойнаҳой, сиз ҳам ўзингизни шундай ҳис қиласиз. Бор эътиборингизни шунга жамламанг. Бу шунчаки компания экани ва атрофингизда ўзингизга ўхшаган одамлар ишлаши ҳақида ўйланг. Ишингизни виждонан бажаринг ва буларнинг бари ўтиб кетади.

Фото: The Independent

Бу босқичда бошқарув лавозими ҳақида ўйлаш ҳам нормал ҳолат. Мен бутун умрим давомида етакчиликдан у қадар узоқ бўлмадим - кўпинча талабалар қўмитасига раисликка сайлашар, коллежда эса қардошлик клублари президенти бўлганман. Ёш дизайнерларга иш ўргатиш менга жуда ёқса-да, ҳозирги лавозимимдан воз кечишга тайёрман, деб ўйламайман.

Ўз карьерамни таҳлил қилиб, доим янги лойиҳалар ва имкониятларни излаганим, ҳеч қачон ўзим завқ оладиган нарсалар ҳақида ўйлашдан тўхтамаганимни тушуниб етдим. Ҳозирча шуғулланаётган ишим менга жуда ёқади ва мен ҳар куни  атрофимда инновацион компанияда ишловчи  ақлли ҳамда тиришқоқ одамлар борлигидан хурсандман.

Хулосалар:

"Ўзбошимчалик синдроми"ни енгинг. Бу осон эмас, албатта, лекин фикримча, инсон ўз ишини тўкис бажариши керак, шунда ҳаммаси ўтиб кетади.

Ўз карьерангиз траекторияси ҳақида ўйлашни бошланг. Дизайнерлик фаолиятингизни давом эттиришни хоҳлайсизми ёки менежментга ўтмоқчимисиз? Ўзингизга завқ келтирадиган иш ҳақида ўйланг ва қай бири сизга тўғри келишига оид қарор қабул қилинг.

Мавзуга оид