Жамият | 00:24 / 29.08.2018
107009
13 дақиқада ўқилади

Мактабгача таълим: Муаммолар ва уларнинг ечимлари

Бугунги кунда мактабгача таълим тизимида қатор ислоҳотлар ўтказилмоқда, уларнинг бари болалар ва педагоглар манфаатлари йўлида хизмат қилишига, шунингдек мактабгача таълим сифатини яхшилашга  қаратилган. Тизимда қандай муаммолар мавжуд ва улар қай тариқа ҳал қилинмоқда? Соҳада қандай янгиликлар кузатилмоқда? Ислоҳотлардан нималарни кутиш мумкин? Мактабгача таълим вазирлиги (МТВ) тизимида ўзгаришлар талайгина. Уларга имкон қадар батафсил тўхталиб ўтамиз.

Мактабгача таълим тизимида қандай янгиликлар?

2018 йилнинг сентябрь ойидан татбиқ қилинадиган янги мактабгача таълим дастури давлат талабларига асосланган ва республикадаги барча мактабгача таълим муассасалари янги дастур билан таништирилган. Давлат ва дастур талабларини ўзида жамлаган ҳужжатлар пакети барча минтақалардаги МТМларга етказилган. Бундан ташқари, Ўзбекистонда биринчи марта ҳаммага мавзуий режалаштириш дастурлари тарқатилган.

"Илк қадам" дея номланган янги дастурнинг асосий тамойили - таълим жараёнига қўшилаётган кичик ёшли болаларнинг илк қадамлари.

"Умуман олганда, давлат талабларида кичик ва мактаб ёшигача бўлган болаларни беш йўналишда ривожлантириш кераклиги кўрсатилган. Бу беш йўналишни ривожлантириб, бола 4 компетенцияга эга бўлади, яъни у 1-синфга чиқишга мотивация олади", - дейди Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин.

Янги дастурда барча нарсанинг асоси ижтимоий ёндашувдир, яъни диққат марказида - бола ва унинг манфаатлари. Педагог ота-она, педагогик таркиб, боланинг ўзи ва албатта, жамият ҳамда давлат каби ижтимоий ҳамкорлар билан бир ижтимоий муҳитни ташкил қилади.

Дастур асосида билим олиш жараёнини ўйинлар орқали ривожлантириш ётади. Болаларда илм олиш, ижод, ижтимоий йўналиш каби тушунчалар ривожланади, соғлом ҳаёт тарзи тарбияланади ва улар ижтимоий муҳитда ўзларини қандай тутиш кераклигини тушуна бошлашади.

Гуруҳлардаги болалар сони

Шу йилдан бошлаб Ўзбекистонда бир гуруҳда 25 нафаргача бола бўлиши меъёрий кўрсаткич сифатида белгиланди, айниқса синов тариқасида фаолият юритаётган мактабгача таълим муассасаларида. Илгари эса бир гуруҳдаги болалар сони 30 дан зиёд, баъзидан эса 40 тагача етар эди, бу эса болаларнинг сифатли мактабгача таълимга эга бўлишида муайян муаммоларни келтириб чиқарарди.

"Президент топшириғига кўра, 4 ҳудудда 6 ёшли болаларни мажбурий мактабгача таълим билан қамраб олувчи синов лойиҳаси йўлга қўйилди, яъни улар 3 соатлик бепул таълимга жалб қилинади, бу 15 соатлик ҳафталик дастур дегани. Бу гуруҳларда болалар сони 25 кишидан ошмаслиги керак. Шу тариқа бизда илмий-тарбиявий-таълимий муҳит шакллантирилади. Ўз фаолиятимизга эндигина киришганимизда болаларни мактабгача таълим жараёнига қамраб олиш 27 фоиздан иборат эди, бугунга келиб бу кўрсаткич 34 фоизни ташкил қилмоқда. МТВ ўз олдига катта вазифаларни қўймоқда - шу тариқа барча болаларни мактабгача таълим тизимига қамраб олиш ва бунда бир гуруҳда 25 нафар бола қоидасига амал қилиш", - дея изоҳлайди вазир.

Шунингдек, гуруҳларга фақат 25 нафаргача кишини қабул қилиш имконини берувчи EMIS электрон тизими ҳам йўлга қўйилди. 2021 йилга бориб мамлакатдаги барча МТМ гуруҳларида болалар сони шундай бўлади.

Янги қурилиш, реконструкция, давлат ва хусусий сектор ҳамкорлиги

Албатта, ҳозирча болалар боғчалари етишмаслиги муаммоси бор. МТМ биноларини қуриш, реконструкция қилиш борасида катта саъй-ҳаракатлар бошланган. 2019 йилнинг инвестицион дастуридан капитал таъмирлов умуман олиб ташланган. Зеро МТВ фақат янги қурилиш ва реконструкциягина барча болаларни МТМларга қамраб олиш имконини беради, деб ҳисоблайди.

Президентнинг 3651-сонли қарорига мувофиқ, Ўзбекистонда биринчи марта МТВ томонидан Давлат-хусусий сектор ҳамкорлиги (ДХСҲ)га доир қоидалар ишлаб чиқилди. Унда ДХСҲнинг 10 модели кўрсатилган бўлиб, ишбилармонлар уларга жалб қилинган. Қарорда бундай ишбилармонлар учун имтиёз ва преференциялар белгилаб берилган. Бугунга келиб ДХСҲ бўйича 741 шартнома рўйхатдан ўтказилган, 100 млн доллар (тахминан 780 млрд сўм) ажратилган.

Кадрлар етишмовчилиги

Мактабгача таълим муассасаларида яхши иш ҳақи тўланмаса, бу касбга қизиқиш бўлмайди, албатта. Шу кунга қадар қанчадан-қанча тажрибали, яхши кадрлар паст иш ҳақи сабаб бу касбни тарк этган. Шу боис жорий йилнинг март ойида Президентнинг педагогларнинг маошини оширишга доир қарори чиққан.

Агриппина Шиннинг сўзларига кўра, ўтган 27 йил давомида мактабгача таълим тизимидаги тарбиячилар ва МТМ ходимларининг тариф ставкаси бирор марта оширилмаган. 2018 йилнинг март ойида Мактабгача таълим вазирлиги биринчи марта педагогларнинг базавий тариф ставкаларини 30 фоизга ошириш таклифи билан чиқди. Шу йилнинг сентябридан олий маълумотга эга педагоглар учун базавий тариф ставкалари яна 30 фоизга оширилади.

Ҳозирда мактабгача таълимни моддий рағбатлантириш масалалари кўриб чиқилмоқда. Масалан, энг яхши тарбиячи, энг яхши мудира, энг яхши дефектолог каби танловлар ғолибларига 5-15 минимал оклад шаклида  рағбатлантириш режалаштирилмоқда.

Бундан ташқари, 6 ёшли болаларни таълимга қамраб олиш бўйича қарор лойиҳаси мавжуд. МТВ 6 ёшли болалар билан ишловчи тарбиячиларга ўқитувчи мақомини бериш таклифи билан чиқмоқда. Шундай экан, табиийки, айни дамда Халқ таълими вазирлигида татбиқ этилаётган имтиёзлар келгусида уларга ҳам тегишли бўлиши кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, қўшимча хизматларга талабгор бўлган кишилар учун тўлов асосидаги қўимча хизматлар йўлга қўйилади. Зеро 414-сонли қарорда нафақат давлат, балки бюджетдан ташқари фаолиятни ҳам ривожлантириш кераклиги ҳақида сўз юритилади. Маблағлар МТМ ҳисобига тушади, бу уларнинг мустақил фаолияти, уларнинг ҳуқуқи, педагогик таркиб уларни нимага сарфлашни ўзи ҳал қилади.

Овқатлантириш тизимини ташкиллаштириш тажрибаси

Барчага маълумки, МТМ овқатлантириш тизимида маълум бир муаммолар бўлган. Барча озиқ-овқат маҳсулотлари ҳам керакли манзилгача етиб бормаган. Шунингдек, МТМ мудираси ва педагогик таркиб асосий иш фаолиятидан чалғиган, яъни улар болаларга таълим-тарбия бериш қаторида овқатлантириш тизимини ташкиллаштириш билан ҳам шуғулланишларига тўғри келган. Шунинг учун бугунги кунда БОЛАЛАР БОҒЧАСИнинг айнан МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ ТИЗИМИга айлантирилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

"Бу ерда асосийси - таълим, - дейди Шин. - Шу боис биз овқатланишни ташкиллаштиришнинг муқобили - аутсорсингни синаб кўришга қарор қилдик. Нима учун тажриба сифатида йўлга қўйилди? Маълум бир муддат ўтгандан кейин биз таҳлил қилиб, қайси йўл яхшироқ эканига доир хулосага келамиз. Бунда ота-оналар фикри инобатга олинади, албатта".

Кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш

Кадрлар барчасини ҳал қилади. МТВ илк кунларданоқ бу муаммога дуч келди. Бугунги кунда МТМ сони ошиб бормоқда, нодавлат мактабгача таълим муассасалари ҳам шулар жумласидандир. Январь ойида уларнинг сони 200 дан ортиқ бўлган бўлса, ҳозирга келиб бу кўрсаткич 600 га яқинни ташкил қилмоқда. Рақамлар кун сайин ошиб бормоқда, чунки хусусий МТМлар ва Давлат-хусусий сектори ҳамкорлиги асосидаги МТМлар очилмоқда. Табиийки, кадрларга бўлган талаб ҳам катта.

"Кадрлар бўлмаса, мактабгача таълим сифати ҳақида гапиришга ҳожат ҳам йўқ. Биз кадрларни қайта тайёрлаш масаласини ишлаб чиқдик. Мактабгача таълим мутахассислигига эга бўлмаган педагоглар жуда кўп. Бугунги кунда академик лицей ва коллежлардаги педагогларга иш камайди, улар педагогик тажрибага эга бўлган, лекин базавий мактабгача таълимга оид билимларга эга бўлмаган кишилардир. Бундайлар учун педагогика университетлари қошида 4 ойлик қайта тайёрлаш курслари очилди. Бугунга келиб 9400 дан зиёд педагог уларни тугаллаб, МТВ тизимига қамраб олинди. Бундан ташқари, биз янги мослашувчан моделни ишлаб чиқдик, яъни педагогик маълумотга эга бўлмаган кишилар учун 6 ойлик курслар ташкил этилди, уларнинг сони - 1500 нафар атрофида", - дейди мактабгача таълим вазири.

Бундан ташқари, Тошкентдаги янги Пучон Университети ҳақида унутмаслик керак. 540 тингловчи бугунга қадар синовлардан ўтган. Улар янги авлод педагоглари бўлишади, бу педагоглар мусиқий таълим, спорт таълими ва бошқа йўналишларда ҳам таълим олиб, ҳар томонлама мутахассис бўлиб етишишади.

Статистика

Мактабгача таълим вазирлиги тизимига 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган 2,5 млн бола қамраб олинган. Республикадаги МТМлар сони эса - 6154. Улардан 5586 таси - давлатга қарашли, 568 таси нодавлат таълим муассасасидир. Бугунга келиб 859 141 нафар бола мактабгача таълим билан қамраб олинган, бу умумий ҳисобнинг 34 фоизи демакдир. Жами 1 млн 600 дан зиёд бола мактабгача таълим билан қамраб олинмаган.

"Биз 2017 йилнинг 30 сентябрида ташкил топганмиз, МТМлар бизга топширилганида уларнинг сони 4891 та эди. Ҳозирда эса 5586 МТМ фаолият юритмоқда. "Шунча МТМ қаердан пайдо бўла қолди?" деган савол туғилиши мумкин. Биз биринчи марта республика миқёсида паспортизация, инвентаризация жараёнини ўтказдик. Бу Ўзбекистонда биринчи марта мутлақо бегона ташкилот - мустақил консалтинг компанияси томонидан қайд этилди. Қайднома давомида биз давлат боғчаларимиздан ташқари уларнинг ҳеч ким томонидан назорат қилинмайдиган филиаллари ҳам мавжудлиги аниқладик. Шунинг учун 800 шундай филиалдан 600 таси мустақил МТМга айлантирилди", - қўшимча қилади Шин.

2030 йилга бориб 85 фоиз бола республика МТМларига қамраб олиниши мақсад қилинмоқда.

Янги моделлар

Мактабгача таълим вазирлиги мақсади - барча болаларни тенг асосли ва юқори сифатли мактабгача таълим тизимига қамраб олиш. Ўзбекистонда узоқ қишлоқ пунктлари бор, у ерда болалар боғчалари йўқ, шундай экан, мактабгача таълим олишнинг имкони йўқ. Қамровни таъминлаш учун МТВ томонидан ўқитишнинг муқобил шакли - оилавий МТМлар фаолиятини йўлга қўйишга доир қарор ишлаб чиқилди.

"Фикримизча, айнан қишлоқ жойларда улар ўзини оқлайди. Ушбу қарорда оилавий МТМ даромад олиш ҳуқуқига эга эканлиги қайд этилган. Бундан ташқари, олий маълумотга эга бўла туриб, муайян сабабларга кўра ишлай олмайдиган  аёллар ўз уйида ишчи ёллаш имконига ҳам эга бўлади. Бунда бошқа жойларга нисбатан истисно мавжуд, яъни узоқ қишлоқ жойларида ҳатто ўрта-махсус маълумотга эга аёллар ҳам оилавий МТМда фаолият юритиши мумкин. Биз уларни штатга киритамиз ва улар иш ҳақи билан таъминланади. Мебель ва методик таъминотни вазирлик тўлиқ ўз зиммасига олади", - дейди Агриппина Шин.

Айни дамда таклиф этилаётган ва келгусида ишлаб чиқиладиган яна бир модель - Ислом тараққиёт банки ёрдамида маҳаллалар қошида бир хона болалар учун мактабгача таълим таъминоти билан жиҳозланади.

2019 йилнинг январь ойидан ҳар бир болага туғилиши билан идентификацион рақам берилади ва у кейинчалик ана шунга асосан кузатиб борилади. Ҳозирча эса бу рақамлар Давлат статистика қўмитаси, Адлия ва Соғлиқни сақлаш вазирликларидан олинади.

Қўшимча хизматлар

Қарор лойиҳасига мактабгача таълим муассасалари кечгача ишловчи ота-оналар учун қўшимча хизмат кўрсатиши мумкинлигига доир таклиф киритилди. Табиийки, қўшимча хизматлар қўшимча тўлов эвазига кўрсатилади.

Қоғозбозлик

Сир эмаски, яқин кунларгача МТМлардаги педагоглар кўплаб ҳужжат турларини тўлдиришларига тўғри келган. Вақти келганда, қоғозбозлик сабаб болаларга етарлича эътибор қаратилмаган. Чунки раҳбарият талабини ўз вақтида бажармаслик яхшиликка олиб келмаслигини яхши билишган. Кўплаб яхши кадрлар айнан шу қоғозбозлик сабаб ҳам севимли касбларидан воз кечишган.

Ва ниҳоят, 2018 йилнинг 15 июлида МТМларда қоғозбозликни қисқартиришга оид қарор қабул қилинди. Унга кўра, илгари педагоглар 9 та ҳужжат турини юритган бўлса, энди уларнинг сони 4 тагача қисқартирилди.

Умид қиламизки, амалга оширилаётган барча ислоҳотлар амалда ўз ифодасини топиб, фарзандларимиз - сифатли мактабгача таълим, педагоглар эса - муносиб иш ҳақи ва имтиёзлар билан таъминланишади. Токи ҳар бир бола боғчага боргиси келмай кўз ёш тўкмасин, яхши педагоглар эса ўз касбини ташламасин!

Лола Раҳмонбоева,

Kun.uz журналисти

Мавзуга оид