Ўзбекистон | 17:08 / 05.09.2018
10447
2 дақиқада ўқилади

Уммон султонлигининг ҳукмрон оила аъзоси Ўзбекистонга келди

Уммон султонлигининг ҳукмрон оила аъзоси, От спорти федерацияси президенти Ас-Саид Мунзир бин Сайф бин Ҳамад Ал-Бусаидий Ўзбекистонга келди. Қироллик оиласи аъзоси ташрифидан мақсад - конкур бўйича FEI World Jumping Challenge финалини шахсан томоша қилиш. Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси матбуот хизмати бу ҳақида KUN.UZ'га хабар берди. 

FEI World Jumping Challenge мусобақаларига 6 сентябрь куни Тошкент вилоятининг замонавий "Аллюр" от спорти клубида старт берилади. 

Юқори мартабали меҳмон шарафига ташкиллаштирилган учрашувлар доирасида Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари, Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси раиси Зоир Мирзаев билан музокаралар ўтказилди. Учрашув давомида Ал-Бусаидий Ўзбекистонда барча соҳаларда, жумладан от спортини ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар билан таништирилди.

Фото: Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси

Уммон султонлиги От спорти федерацияси президенти давлат томонидан бу борада олиб борилаётган ишларни юқори баҳолади. 

Фото: Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси

Учрашув якунларига кўра, томонлар яқин ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ва ривожлантиришга келишиб олишди. Ушбу ҳамкорлик доирасида ўзбекистонлик мутахассислар Уммон султонлигидаги семинар ва ўқув конференцияларида қатнашиб, ўз тажриба ҳамда билимларини бойитадиган бўлишди. 

Мавзуга оид