Ўзбекистон | 00:27 / 11.09.2018
68503
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда пахта майдонларидаги мажбурий меҳнат сабаби маълум қилинди 

Ўзбекистонда одамлар пахта теришга тўланадиган ҳақ кам бўлгани сабабли уни кўнгилли равишда теришга қизиқишмаган. Айнан шу сабабли пахта теримига давлат хизматчилари ва талабалар мажбурий жалб қилинган. Бу ҳақда Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев айтиб ўтди. 

“Аввалги йиллар пахтани териш бўйича маълум режа борлигини айтиб келардик. Бу режани бажариш учун ишчи кучини сафарбар қилиш лозим бўлган, терим даври эса чекланган – 40 кун. Бу меҳнатга тўланадиган ҳақ кам бўлганда, ҳеч ким ўз хоҳишича пахта теришни истамайди”, деб айтган Кудбиев.

Вазирнинг айтишича, энг катта муаммо деярли ўз ишини тўхтатиб, ходимларини пахта теришга жалб қилишига тўғри келган бюджет ташкилотлари бўлган. Кудбиев ишларнинг бундай олиб борилиши нотўғри бўлганини айтган.

“Албатта, пахтага талабалар жўнатилган ҳолатлар бўлган, биз уларни кузатганмиз. Бунга чек қўйилди, бироқ болалар меҳнатидан фойдаланилган ҳолатлар ҳам бўлган. Бизнинг энг катта муаммо бюджет ташкилотлари бўлган. Жойларда раҳбарият болалар боғчалари, мактаблар ва шифохоналар ходимларини пахта теришга мажбур қилишган. Бирор туманга келганингизда, ҳокимият биносида “Барча пахтада, хамма ер ёпиқ” деган ёзувга дуч келардингиз. Яъни мактаб пахта мавсумида ишламаслиги, ҳеч ким касал бўлмаслиги, туғмаслиги керак бўлган. Биз бу нотўғри эканини тушунамиз”, деб таъкидлаб ўтди Кудбиев.

Вазирнинг фикрича, мажбурий меҳнат билан ҳамиша курашиш қийин бўлган, чунки иқтисодий рағбат бўлмаган. “2018 йил нимаси билан фарқ қилади? Жойларда раҳбарият пахта теришга мажбурламаслиги учун пахта терими учун катта маблағлар ажратилган. Ушбу жараён ўз хоҳишича, кўнгилли бўлиши лозим. Ҳозирда биз бу анъанани ўзгартирмоқчимиз”, деб қўшимча қилган Кудбиев.

Жорий йилда қўлда терилган пахта учун тўланадиган ҳақ 1 кг учун минг сўмгача етмоқда. Ҳосилни йиғишнинг дастлабки босқичида, шартнома 60 фоизга бажарилганда, пахта терувчиларга 1 кг пахта учун 650 сўм, 2-босқичда, яъни шартнома 80 фоиз бажарилганда – 850 сўм, 3-босқичда эса (80 фоиз ва ундан кўпроқ) минг сўм тўланади. 

2017 йилда пахтани қўлда териш учун тўланадиган меҳнат ҳақи 450, 500 ва 700 сўмни ташкил қилган. Вазирликнинг баҳолашича, ҳозирги нархлар билан бир киши пахта теримидан 40 кун ичида 3 млн сўмга яқин пул ишлаб олиши мумкин.

Мавзуга оид