Жаҳон | 08:43 / 30.09.2018
26126
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Россиянинг денгиздан қамал қилиниши мумкинлигини айтди

АҚШ зарурат бўлганда Россиянинг Яқин Шарқ давлатларига энергия ташувчиларни етказишига тўсқинлик қилиш мақсадида уни денгиздан қамал қилиши мумкин. Бундай фикрни АҚШ ички ишлар вазири Райан Зинке Питтсбургдаги саноат тадбирида айтиб ўтди.

Фото: AP

“Бизда ҳарбий-денгиз кучларимиз эвазига денгиз алоқа йўллари очиқ қолишини кафолатлаш ва Россия энергия ташувчилари бозорга тушмаслиги учун уларни зарурат бўлганда тўсишга имконият бор”, деб айтган Зинке. 

Зинке Россия иқтисодиёти учун ягона даромад манбаи энергия ташувчиларни сотиш ҳисобланишини айтган. Унинг таъкидлашича, Россия Яқин Шарқда ўз нефти ва газини Европада сотаётгандек сотиш учун у ерда фаол сиёсат олиб бормоқда.

Зинкенинг айтишича, Эрон билан боғлиқ вазият Россия билан боғлиқ вазият кабидир ва бу масалаларни ҳал қилишнинг икки варианти бор.

“Ҳарбий вариант бор, мен уни қўллашни истамасдим. Шунингдек, иқтисодий вариант мавжуд, у босим ўтказиш ва бозордан энергия ресурсларни сиқиб чиқаришдан иборат. Биз буни қила оламиз, чунки АҚШ энг йирик нефть ва газ ишлаб чиқарувчи давлатдир”, деб ўз сўзларини интиҳолаган Зинке.

Мавзуга оид