Ўзбекистон | 12:10 / 23.10.2018
31616
2 дақиқада ўқилади

Пахта-2018. Бўка тумани ИИБ бошлиғи ишдан кетди

Тошкент вилояти Бўка тумани ИИБ бошлиғи подполковник Ихтиёр Ҳасанов лавозимдан озод этилган. 

«Kun.uz» манбаси хабар беришича, у 22 октябрь куни Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов раислигида ўтказилган селектор чоғида пахта ҳосилини йиғиб-териб олиш ишларида камчиликларга йўл қўйгани учун ишдан кетди.

Ихтиёр Ҳасанов 2017 йилнинг сентябрь ойидан буён Бўка тумани ИИБ бошлиғи сифатида ишлаб келаётганди.

14 октябрь куни ўтказилган селектор йиғилиши вақтида Тошкент вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, подполковник Абдумалик Абдуқодирович Алламуродов ишдан олинганди. Унинг ўрнини Ўзбекистон Республикаси Ички ишлари вазири ўринбосари сифатида ишлаб келган Тоҳир Тўлқинович Арипов эгаллаган.

Эслатиб ўтамиз, 12 октябрь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятининг Бўка туманига ташриф буюриб, пахта теримини кўздан кечирганди. Президент ташрифи давомида қатор камчиликлар аниқланган. Айрим давлат амалдорларининг фаолияти танқидга учраганди.

«Kun.uz» таҳририятига келиб тушган 2018 йил ҳосилидан тайёрланган пахта хом ашёси тўғрисидаги 22 октябрь кунги маълумотга кўра, айни вақтда энг ёмон кўрсаткични Тошкент вилояти қайд этиб турибди. Тошкентлик пахтакорлар режани 51,52 фоизга бажаришган.

Мавзуга оид