Жаҳон | 18:00 / 08.11.2018
37499
2 дақиқада ўқилади

АҚШнинг энг тинч шаҳарларидан бирида 12 киши отиб ташланди. Тафсилотлар

© EPA-EFE/MIKE NELSON

АҚШнинг Калифорния штатидаги Таузанд-Оукс шаҳрида жойлашган барлардан бирида отишма уюштирилди. Бу ҳодиса 8 ноябрга ўтар кечаси, Borderline Bar & Grill биносида — кантри мусиқаси мухлислари учун рақс клубида рўй берди. Бу вақтда клубда талабалар оқшоми уюштирилганди, ичкарида бир неча юз киши бўлган. Жиноятчи камида 30 марта ўқ узган. Ҳозирча жиноятчи қандай қуролдан фойдалангани расман маълум қилмади, гувоҳлардан бирининг сўзларига кўра қотил  ярим автомат тўппонча билан одамларни ўлдирган.

Жиноятчи 12 кишини отиб ташлаган. Ҳозирча ҳукумат фақат рақамларни келтирмоқда: марҳумлардан бири шериф ўринбосаридир. У отишма бошланишидан бир неча дақиқа ўтиб, барга келган ва жароҳат олган. У шифохонада жон берган. Ушбу хунрезлик оқибатида яна ўнлаб кишилар жароҳатланган, уларнинг барчаси шифохонага ётқизилган, уларнинг ҳолати ҳақида маълумотлар мавжуд эмас.

Бар ичидан қотилнинг жасади топилган. У ўзини ўлдиргани ёки полиция ўқидан ҳалок бўлгани маълум эмас. Унинг шахси ҳозирча аниқланмади. Уни оммавий қотилликка ундаган сабаблар ҳам маълум эмас. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, у бинога кириши биланоқ ўқ уза бошлаган — унинг илк қурбонлари қўриқчи ва кассир бўлган. Ўт очишдан аввал у ҳеч қандай сўз айтмаган.

Фото: AP

Қайд этиш керакки, Таузанд-Оукс мамлакатнинг энг тинч ва хавфсиз шаҳарларидан бири ҳисобланарди. Бу шаҳар Лос-Анжелесдан бир неча ўн километр масофада жойлашган. Шаҳар мэри Таузанд-Оукс кўп йиллар давомида энг кам жиноят содир этилган шаҳарлар рейтингида биринчи ўринни эгаллаб келганини айтиб ўтган. «Шундай давр келдики, бундай жиноятлар исталган вақтда исталган жойда, ҳаттоки максимал даражада хавфсиз деб қаралган ҳудудларда ҳам рўй бериши мумкин», — деган мэр.

Мавзуга оид