2018 йилда Ўзбекистоннинг қайси шаҳрига энг кўп сайёҳ ташриф буюрди?
Ўзбекистонга ташриф буюрувчи хорижликларнинг аксарияти Тошкент шаҳрига келган. Сайёҳларнинг 58 фоизи Тошкентга келгани ва бу ерда тўхтагани ҳақида маълум қилган. Kun.uz мухбири "Туризмнинг оқ китоби"даги маълумотлар асосида шу ҳақида хабар берди.
Сайёҳлар энг кўп ташриф буюрган Ўзбекистон шаҳарлари орасида иккинчи ўринни 31 фоиз кўрсаткич билан Самарқанд эгаллаган. Учинчи ўрин 25,6 фоиз овоз билан Бухоро шаҳрига насиб этган. Шу билан бирга, Хива (13,3 фоиз), Термиз (6,5 фоиз) ва Нукус (4,5 фоиз) шаҳарлари ҳам сайёҳларнинг севимли масканлари сифатида эътироф этилган.
Бироқ бир шаҳарда қолиш муддати бўйича эса Термиз шаҳри етакчилик қилмоқда, бу ерда бир хорижлик ўртача 6,2 кун меҳмон бўлган. Нукус шаҳрида мазкур кўрсаткич 5,7 кунни, Тошкентда - 5 кунни, Хивада - 3,7 кунни, Самарқандда - 2,6 кунни ва Бухорода 2,4 кунни ташкил қилди.
Узоқ муддатга келган хорижликларга келсак, улар асосан қариндош-уруғлари ва дўстлариникига ҳамда таълим олиш мақсадида келишган. Масалан, Нукус шаҳрида 10 кундан ортиқ қолган меҳмонлар бу ерга таълим мақсадларида келганларини маълум қилишган. Термизда 10 кундан кўп муддатга қолган 80,1 фоиз киши қариндош-уруғи ва дўстлариникига ташриф буюрган. Тошкент шаҳрида ушбу кўрсаткич 62,5 фоизни ташкил қилган.
"Туризмнинг оқ китоби 2018"даги маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Ахборот-таҳлил бошқармаси ва Давлат статистика қўмитаси томонидан 2018 йилда сайёҳлар орасида ўтказилган сўровномалар асосида тўпланган. Сўровномалар Ўзбекистонга бир кундан зиёд муддатга ташриф буюрган, бу ерга ишлаш мақсадида келмаган сайёҳлар ўртасида ўтказилган. Сўровномалар мақсади - Ўзбекистондаги туризм статистикасини юритиш ва кириш туризми ривожланишини ўрганиш, шунингдек хорижий сайёҳларнинг талаб ва эҳтиёжларини аниқлаш.
Мавзуга оид
22:53 / 16.12.2024
Эмин Агаларов Чорвоқ бўйида Sea Breeze Uzbekistan туристик марказини қурмоқчи
18:14 / 16.12.2024
Сурхондарёнинг учта туманида замонавий туристик марказлар ташкил этилади
09:49 / 13.12.2024
Миллий туризм ягона платформаси ишга туширилмоқда
09:24 / 12.12.2024