Жаҳон | 11:56 / 28.01.2019
24923
2 дақиқада ўқилади

Россияликлар Курил ороллари бўйича ўз фикрини билдирди

(Фото: Сергей Красноухов / ТАСС

Россияликларнинг катта қисми (77 фоиз) Курил оролларининг Японияга ўтишига қарши чиқмоқда. Тадқиқот натижаси Бутунроссия ижтимоий фикрни ўрганиш маркази томонидан тақдим этилган.

Тадқиқот ишида келтирилишича, Курил оролларининг жанубий қисмини ўз ҳудудига қайтариб олиш бўйича Япония талаби тўғрисида россияликларнинг 79 фоиз қисми билади. Россия фуқароларининг 29 фоизи ушбу ҳудудлар Россия Федерациясига тегишли экани ва ортиқча саволга ўрин йўқлигини таъкидламоқда. Сўровда қатнашганларнинг 10 фоизи эса рус томони баҳсли ҳудудларни босиб олгани ва уларни қайтариш 70 йиллик салбий кайфиятдаги муносабатларни ижобий тарафга ўзгартиришини айтади.

27 январь куни Россия Федерацияси президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков Япония билан тинчлик келишуви бўйича мулоқот Токио томонидан Ғарб санкцияларнинг қўллаб-қувватланиши оқибатида мураккаблашаётгани ва хавфсизликка ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ эътибор бериш зарурлиги ҳақида хабар берган.

Япония Бош вазири Синдзо Абэ эса япон парламентининг навбатдаги сессиясини очиб беришдаги чиқишида Курил масаласига тўхталиб ўтган.

«Бизнинг халқларимиз ўзаро ишонч ва дўстликни мустаҳкамлайди, ҳудудий масалага ечим топади ва тинчлик келишувини ўрнатади», — деган Абэ.

Япон етакчисига кўра, келишув 1956 йилги Қўшма декларацияга кўра ўрнатилади. Мазкур ҳужжат Курил оролларининг жанубий қисми японларга ўтишини назарда тутади.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 22 январида Россия президенти Владимир Путин ва Япония бош вазири Синдзо Абэ Москвада учрашган. Муҳокамалар уч соат давом этганига қарамай, якуний қарорга келинмаганди.

Мавзуга оид