Спорт | 14:50 / 12.03.2019
24482
9 дақиқада ўқилади

Зидан қайтди ва ўзини нишонга қўйди. У яна «Реал» бош мураббийи

Сантьяго Солари истеъфосидан кейин «Қироллик клуби»ни яна жамоанинг собиқ бош мураббийи Зинедин Зидан қабул қилиб олди.

284 кун муқаддам Мадрид осмонида қора булутлар пайдо бўлиб, момақалдироқ гумбурлаганди. 2018 йилнинг 31 майида «Реал» тарихидаги энг муваффақиятли мураббий Зинедин Зидан истеъфога чиққанди. Франциялик мураббий жамоани енгилмас сифатида тарк этганди, у клуб билан кетма-кет учинчи марта Чемпионлар лигасида ғолиб бўлишидан бир неча кун ўтиб истеъфо берди. Зизу клуб мухлисларини йиғлатиб кетганди, у 2,5 йиллик фаолияти давомида ўз номини абадийга муҳрлаганди.

Ўшанда Зиданнинг кетишини барча тўғри тушунганди. У кетиш пайти келганини ҳис қила олганди - у катта муваффақиятларга эришган жамоанинг асосий футболчилари - Серхио Рамос, Марсело, Бэйл, Модрич ва Роналдунинг ёши ўта бошлаган, қолаверса бу футболчилар Мадридда соғлиқ билан боғлиқ муаммоларга дуч келишган, бу футболчилар бошқа чемпионатга йўл олиш ҳақида ҳам ўйлай бошлашганди. Бу вазиятда жамоани янги чўққилар сари илҳомлантириб бўлмасди, бу футболчилар ютиш мумкин бўлган барча совринларни ютиб бўлишганди. Ўша вазиятда клуб президенти Флорентино Перес Зиданга янги жамоа қуриш учун шароитлар яратиб беришга тайёр эмасди. Натижада, француз мураббий кетишга қарор қилди, унинг ўзи учун бу энг тўғри қарор эди, у жамоани бир ўзи нолдан бошлаб қура олмасди. У вақтида кетиш орқали кейинги 2,5 йилда эришган обрўсини сақлаб қолди.

У 2016 йил январида Рафаэль Бенитесдан қолган жамоани футболчилар билан яхши алоқалар ўрнатиш, улар билан дўстлар каби чин дилдан гаплашиш, кимнидир тинчлантириш, кимгадир танбеҳ бериш орқали тўғри йўлга сола олганди. Унинг саъй-ҳаракатлари билан юлдуз футболчилар нозланишни бас қилиб, ростакамига футбол ўйнай бошлашди, уларнинг истеъдоди чанг босиб қолмади. Зидан таркибдаги футболчиларнинг салоҳиятини яхши ҳис қиларди, ундан фақат керакли клавишни босиш талаб этиларди.

Унинг ўрнига келган Хулен Лопетеги ҳам тарбияловчи мураббий сифатида Испания ёшлар терма жамоаси билан Европа чемпиони бўлганди. Аммо у «Реал»ни қуришда бошқа йўлдан юрди ва Перес билан тушунмовчилик юзага келди. «Қироллик клуби» президенти ҳали жамоани янгидан қуриш нималигини англамасди - бу шунчаки ўрмонда дарахтларни кесиш эмасди, бунинг учун бир неча йилгача совринларни унутиш керак эди.

Лопетегининг ўрнига келган Солари билан ҳам шундай вазият юзага келди. Бош мураббий вазифасини бажарувчи сифатида иш бошлаган аргентиналик мутахассис расман бош мураббий этиб тайинлангач, ишлар ортга кета бошлади. У кўринишидан барчасини тўғри қилаётганди, аммо бу клубда фақат натижа талаб қилинади ва мавсум давомида учинчи мураббийни алмаштиришлари ҳам мумкин («Реал» шу вақтгача 2004-05 йилги мавсумдан буён бир йилда уч мураббийни тайинламаганди - 14 йил олдин Хосе Антонио Камачо, Мариано Гарсия Ремон ва Вандерлей Лушембургу бирин-кетин жамоани бошқаришганди. 1990-91 йилда эса бу борада клуб рекорди ўрнатилган, ўшанда жамоада бир мавсум давомида 4 мутахассис ишлаган - Жон Тошак, Альфредо Ди Стефано, Рамон Гроссо ва Радомир Антич).

Шунинг учун, Зидан энди нима қилиши тушунарсиз. У президентнинг иккита қўнғироғидан кейин жамоани 2022 йил ёзига қадар бошқаришга рози бўлган. Бундан буёғи не кечади? Роналду Мадридни тарк этиб, Туриндан қўним топган - «Реал» ЕЧЛда қаторасига уч чемпионликдаги асосий ишни бажарган «мотори»сиз қолган. Рамос, Модрич, Бэйл ва Марсело ҳамон шу ерда, аммо улар қаришда давом этмоқда. Бразилиялик ҳимоячи асосий таркибдаги ўрнини ёш Регилонга бўшатиб берган, Бэйл эса умуман аввалги спорт формасига қайта олмади, Солари даврида у ротацияларда фойдаланиладиган футболчига айланиб қолди, Иско эса футбол нималигини унутаёзди, ўтган йил октябридан буён Солари уни бошланғич таркибда ўйнатмаган. Кўринишидан, Зидан ўзи ўтган йил майида қолдириб кетган жамоани қабул қилиб олди, таркибда фақат Роналду йўқ, Зидан давридаги асосий дарвозабон Кейлор Навас ўрнига харид қилинган ва ишончни тўла оқлай олмаган дарвозабон Тибо Куртуа бор.

Бу сафар ҳам мураббийнинг тез алмаштирилиши бироз ҳайратланарли. Кўринишидан, Перес Зиданни бошқа клуб, масалан, «Ювентус» илиб кетишидан чўчиган. Бунга асос йўқ эмасди, туринликлар аввалига Криштиану Роналдуни ўзиники қилишди ва ЕЧЛни ютиш учун яна бир уриниб кўришди. Аммо жамоа турнирнинг нимчорак финалидаги биринчи ўйинда «Атлетико»га 0:2 ҳисобида ютқазди, бу эса Массимилиано Аллегрининг келажагини савол остида қолдирди. 11 март куни «Реал» Зиданнинг тайинловини эълон қилишидан бир неча соат олдин «Ювентус» франциялик мутахассисга 3 йиллик шартнома таклиф этгани ҳақида хабарлар тарқалганди.

Статистикага қарайдиган бўлсак, «Реал» бунгача ҳам 9 марта собиқ бош мураббийни қайта лавозимга тайинлаган ва шундан 3 мураббий қайтишидан кейин ҳам жамоага кўплаб совринлар келтирган: Мигель Муньос (1960-74) 14та, Луис Моловни (1977-1979, 1982, 1985-86) 6та ва Висенте дель Боске (1996, 1999-2003) 7та. Шу билан биргаликда, бу мураббийлардан фақат Моловни биринчи марта тайинланганида (1974) битта соврин қўлга киритган. Хасинто Кинкосес (1945-46 ва 1947-48),  Лео Бенхаккер (1986-89 ва 1992), Жон Тошак (1989-90 ва 1999) каби мураббийларнинг қайтиши жамоага соврин келтирмаган. Бальтасар Албениз (1946-47 ва 1950-51), Альфредо Ди Стефано (1982-84 ва 1990-91) ҳамда Фабио Капелло (1996-97 ва 2006-07) каби мураббийлар эса жамоага иккинчи қайтишида фақат биттадан соврин ютган. Биринчи мураббийлигида 9та соврин эгаси бўлган Зидан қайтиб жамоа билан янги совринларни қўлга кирита оладими?

«Реал» учун мавсум ҳалокатли кўриниш олди, жамоа ички турнирларда «Барселона»га тўла мағлуб бўлди, мадридликларни Испания Кубоги яримфиналида мағлуб этган каталонияликлар Испания чемпионати турнир жадвалида 12 очколик фарқ билан пешқадамлик қилмоқда. Халқаро аренада эса «Аякс» икки учрашув натижасига кўра устун келиб, мадридликларни ЕЧЛнинг нимчорак финалида қолдириб кетди. Мавсумнинг бу қисмида янги мураббий тайинлашда нима маъно бор? Трансферлар дарчаси ҳам, қулай режимда ишлаш учун вақт ҳам йўқ. Бошқа томондан бу қарор Зидан фойдасига хизмат қилади - у жамоадаги барчани яхши билади, мослашув учун ортиқча вақт талаб этилмайди. Яъни, агар Переснинг ҳаракатларидан мантиқ изласак, у топилади.

Аслида Зидан 2016 йилнинг январидаги чақириқдан кўра жиддийроқ чақириқни қабул қилди. Ўшанда мадридликларда фантастик таркиб жамланган, шунчаки уларга тўғри ёндашув зарур эди. Ҳозир ҳам «қаймоқранглилар»нинг таркиби кучли, аммо энди ўшандаги каби юлдузли эмас. Бундай таркиб билан разведкага чиқиш мумкин, лекин Рейхстаг учига ғалаба туғин илиш осон бўлмайди. Буни тўғри тушуниш керак.

Агар Перес буни тушунса, муаммо йўқдек. Зидан хотиржамлик билан мавсумни якунлайди, ёзда ревизия бошлайди. Ниҳоят у ўзининг қандай мураббий эканини, ниманинг эвазига қаторасига уч марта «қулоқли кубок»ни ютиб олганини кўрсатиб бериши керак бўлади.

Агар Перес буни тушунмаса, Зизу ҳам осонлик билан президентнинг навбатдаги ўзбилармонлиги қурбонига айланиши мумкин. Чунки ҳозир «Реал»ни ким бошқариши муҳим эмас, ҳозирги жамоа совринлар учун кураша оладиган ҳолатдамас ва бир йил ичида муваффақият кутиш тўғримас. «Реал»да эса ҳамиша муваффақият совринлар билан ўлчанади.

Зидан 284 кун олдин ўзидан кейин келадиган мураббийни танқидлар учун нишонга айлантириб кетганди, энди у ўша жойга қайтди ва ўзи милтиқ қаршисига турди.

Мавзуга оид