Жаҳон | 11:26 / 17.03.2019
15212
2 дақиқада ўқилади

Террорчилар Дамашқ яқинида 27 километрлик ер ости туннели қазиб чиқишгани аниқланди

Фото: РИА Новости

Террорчилар томонидан Дамашқ яқинидаги Харастой (Шарқий Гута) шаҳарчаси остида қазиб чиқилган туннеллар тармоғи аниқланди. Бу туннелларнинг баландлиги баъзи жойларда 25 метрга етади, умумий узунлиги 27 кмни ташкил қилади. Бу ҳақда Суриянинг Al-Watan нашрига шаҳар кенгаши раиси Аднан ал-Уизза маълум қилди. 

Унинг таъкидлашича, туннеллар муаммосини ҳал қилиш учун унинг тўлиқ харитаси тузиб чиқилган.

Мутахассислар турар-жой ва бош кўчалар остидан ўтувчи барча туннелларни аниқлашган. Шунингдек, муҳандислар шаҳардаги уйларни уч тоифага: ўта хавфли, қисман вайрон бўлган ва яшаш учун яроқлига бўлиб чиқишган.

Шарқий Гута 2018 йил майида террорчилардан озод қилинган. Ҳозирда Харастойда тиклаш, инфратузилма ва йўлларни таъмирлаш ишлари жадал олиб борилмоқда. Суриялик ҳарбийлар янги туннеллар ва ўқ-дори омборларини топишмоқда. Туннеларнинг бир қисми қўмондонлик қарори билан йўқ қилинмоқда. 

Шундай туннеллардан бирига мамлакат президенти Башар Асад рафиқаси билан 2018 йил августда ташриф буюрган.

Суриядаги уруш вақтида террорчилар Шарқий Гутада ер ости туннелларининг бутун бошли тармоқларини қазиб чиқишган, улардан баъзилари электр ва автотранспортда юриш имкони билан таъминланган. Туннеллар нафақат аҳоли пунктлари ичидаги жойларни, балки аҳоли пунктларини ҳам ўзаро боғлаган. Ер ости иншоотларининг чуқурлиги террорчиларга авиация зарбаларидан хавфсиз яширинишга имкон берган.

 

Мавзуга оид