Light | 19:30 / 15.05.2019
45666
5 дақиқада ўқилади

9 та муҳим ва зарур одат: сиз уларни фарзандларингизга ўргатяпсизми?

Айрим ҳолатда кўпчилигимиз боланинг фақат индивидуал ривожланиши билан ўралашиб қолдик. Йўргакданоқ ундан вундеркиндни шакллантиришга ҳаракат қилмасак ҳам даромадли касбнинг муваффақиятли эгасини тарбиялашга интиламиз.

Ривожлантириш мумкин бўлган барча нарсаларни ривожлантирамиз. Бироқ инсоний жиҳатлар, хулқ-атворнинг оддий қоидалари эса бироз четга чиқиб қолгандек гўё. Муҳими – ғалаба сари олға, ўзгалардан ёмонроқ бўлмаслик, улгуриш ва енгиш.

Ҳатто ўзимиз ҳам ғамхўрлик ва обрў, эзгулик ва ҳашамат ўртасида тўғри танловни амалга ошира олмаймиз. Ҳар ким ўзи учун ўзи жавоб берадиган, кўпчилик ўзганинг фикрини ҳурмат қилмайдиган, ҳаёт тарзини муҳокама қиладиган, фақат шахсий муваффақият муҳим бўлган жамият – инқирозларнинг абадий ўзгаришига маҳкум. У ривожланишга қодир эмас.

Шунинг учун ҳам ўз шахсиятингиз, чегараларингиз, қобилиятингиз ва имкониятларингизни ҳимоя қилиш - тўғри ва ижобий ҳолат. Бироқ ўзгаларнинг айнан шу ҳуқуқларини тан олишингиз жуда муҳим.

Фото: Pixabay

Эзгулик, ўзгаларга ёрдам қўлини узатиш, ғамхўрлик. Интернет, мобил алоқа ва исталган ахборотни олиш имкониятига эга болалар ота-онаси ва ўқитувчилари уларга ҳаётнинг фақат қора томонларини кўрсатишларига эҳтиёж сезишмайди. Улар буни телевизион янгиликлар, Youtube’даги роликлар орқали билиб олишади. Аниқ мисоллар ва шахсий тамойиллар асосида кўрсатиш лозим, акс ҳолда иш бермайди. Ҳа, (юмшоқ қилиб айтганда) дунё мукаммал эмас, бироқ бу одамлар фақат бир-бирига зарар етказишнигина билади дегани эмас. Цивилизациянинг бугунги кунга қадар барҳаётлигининг сабаби - бизнинг эзгулик ва ёрдамга ишончимиз.

Миннатдор бўлиш ва «Раҳмат» айтиш кўникмаси.  Мулойим ва маданиятли бўлиш – жуда муҳим. Бу нафақат яхши хулқ белгиси, балки ўзингизда мавжуд бўлганини қадрлаш ва ҳаётни ҳурмат қилиш ҳамдир.

Ёқимли суҳбатдош бўлиш, мулоқот қилиш кўникмаси. Ўзгалар гапини бўлмасдан тинглаш, чуқур маъноли ва танқидли фикрларни ичда сақлай билиш – дўстга эга бўлишни истайдиган киши учун муҳим хусусиятлардан бири. Албатта, ҳаётда суҳбат қуриш истагини уйғотувчи кишилар ҳар доим ҳам мавжуд бўлавермайди. Жиғингизга тегадиган қўшни, эзма қариндош ҳам учраб туради, бироқ қўполлик кўпинча можаро ва зиддиятларни келтириб чиқаради.

Фото: Pixabay

Ташқи кўринишнинг тартиблилиги. Сўнгги урфда кийиниш мумкин, бироқ ювилмаган сочлар ташқи кўринишга кўрк бермаслиги ва кишида ишончни уйғотмаслиги аниқ.

Паразит сўзлар ва салбий ибораларсиз тоза нутқ. Барча грамматик хатолар учун уришиш шарт эмас, бироқ нутқ маданияти – инсон учун муайян даража ва имконият демак. Болаларга фикрини аниқ баён этиш, ўз нуқтаи назарини суҳбатдошига етказа билиш, бой луғат захирасига эга бўлишда ёрдам беринг. Ана ўшанда уларни келажакда кўплаб муаммо ва ноқулай вазиятлардан халос этасиз.

Бағрикенглик (толерантлик) – ота-оналар ўз фарзандларига бериши лозим бўлган энг муҳим қадриятлардан. Бутун дунё учун бу ҳали ҳам оғриқли нуқта. Бироқ жигарбандларимиз зўравонлик зулмни уйғотиши, сабр ва ўзганинг нуқтаи назарини қабул қилиш – ўзаро ишонч ва тотув ҳаёт кечиришнинг ягона калити эканини билиши лозим.

Дунёга илмий нигоҳ. Биз ва сайёрамиз муайян қонунлар бўйича яшаймиз. Илм-фан туфайли замонавий цивилизация ютуқларига эришилган. Кўпчилик учун илмий қонуниятларни тушуниш осон эмас, бироқ барини юқори кучлар томонидан амалга оширилган деб тушуниш ҳам аҳмоқона ҳолат. Айнан илм-фан болаларга ҳаёт асосини англаш ва фирибгарлар қўлига тушиб қолмаслик имконини беради.

Фото: Pixabay

Табиатга ғамхўрлик билан муносабатда бўлиш. Бу масалада чиройли ва баландпарвоз гаплар билан чегараланишнинг ўзи етарли эмас. Йўлакнинг ифлослиги, гулларнинг пайҳон қилингани, чиқиндининг идишга солинмаслиги устидан шикоят қиламиз. Бироқ ўз-ўзимизни назорат қилиб, бунга фарзандларни ҳам ўргатишни ҳеч ким ман этмайди. Ҳаётда фақат истеъмолчи эмас, фойдали бўлишга ҳам ҳаракат қилиш лозим.

Орзу қилиш, хаёлот оламига шўнғиш, тасаввур оламини бойитиш, янги нарсаларга интилиш, ўз олдига мақсадлар қўйиш. Бу одатий нарсалардан ташқарига чиқиш, дунёқарашни кенгайтириш, дунёни турли бурчакдан кўриш имконини беради.

Мавзуга оид