Ўзбекистон | 18:43 / 16.01.2023
5511
2 дақиқада ўқилади

Фарзандини чет элда назоратсиз қолдирганлар жавобгарликка тортилиши мумкин

Вояга етмаган фарзандини чет элда назоратсиз ташлаб келган ёки ноқонуний ўқув марказларига берган ота-оналарга маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортиш чоралари кўрилиши мумкин.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига бола ҳуқуқлари ҳимоясини янада кучайтиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Йиғилишда таъкидланишича, сўнгги вақтларда диний билим олишга интилаётган ёшлар кўпаймоқда. Аммо уларнинг бу борада тасаввурга эга бўлмагани, ота-оналари ёки яқинлари томонидан назоратсиз қолдирилгани оқибатида «ҳужра» марказларида тартибсиз диний таълим олишига, баъзан экстремистик оқимлар таъсирига тушиб қолишига сабаб бўлмоқда.

Жумладан, 2019 йилдан буён диний таълим олиш учун 4 мингга яқин бола Мисрга юборилган. Бугунги кунда уларнинг минг нафаридан кўпроғи Ўзбекистонга қайтарилган, 2 минг нафарга яқини Мисрда истиқомат қилаётган бегона шахслар қўлида қолдирилган. 200 нафаридан ортиғи кўрилган чораларга қарамасдан Мисрдан Туркияга кўчиб ўтган.

Хабарда келтирилишича, қонунчиликда бу борада жавобгарлик белгиланмагани сабабли юқорида таъкидлаб ўтилган салбий ҳолатлар кўпайган.

Шу боис, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ҳамда Жиноят кодекси янги моддалар билан тўлдирилади. Унга кўра вояга етмаган фарзандини чет элга назоратсиз ташлаб келган ёки ноқонуний ўқув марказларига берган ота-она фарзандини бир ой ичида қайтариб олиб келиши лозим. Бу муддат яна бир ойга чўзилиши мумкин. Акс ҳолда ота-она дастлаб маъмурий, кейин жиноий жавобгарликка тортилади.

Хабарда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 64-моддасида ҳам ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбур экани белгилангани таъкидланади.

Мавзуга оид