Эркинжон Турдимов: «Бу ўта мудҳиш воқелик барчамиз учун шармандали ҳолат»
Кейинги кунларда кўп тилга олинаётган, эшитган киши борки қалбини ларзага солаётган Иштихон тумани Чимқўрғон қишлоғида содир этилган қотиллик жинояти бўйича гумон қилинувчилар ушлангач, мазкур ҳодиса ушбу қишлоқ аҳли ҳамда туман жамоатчилиги иштирокида муҳокама қилинди, деб ёзмоқда ЎзА.
Вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник А.Тошпўлатовнинг таъкидлашича, 2019 йилнинг 15 май куни Қўшработ туманида Боқичиғатой маҳалласи ҳудудидаги “Олтин-мерос” фермер хўжалиги ер майдонида қаровсиз қолдирилган “Дамас” русумли автомашина ичида бир нечта шахсларнинг жасадлари ташлаб кетилганлиги ҳақида ички ишлар бўлимига хабар келиб тушади.
Воқеа жойига зудлик билан тезкор гуруҳ етиб бориб, вазиятни ўрганади. Автомашина Иштихон тумани Чимқўрғон қишлоғида яшовчи, 1998 йилда туғилган И.Ж.га тегишли эканлиги, машина ичида И.Ж. ҳамда унинг оила аъзолари – 1969 йилда туғилган отаси А.Х., 1974 йилда туғилган онаси Х.З., укалари – 2002 йилда туғилган И.А. ва 2006 йилда туғилган И.О.нинг жасадлари борлиги маълум бўлди.
Мазкур ҳолат юзасидан шу куни жиноят иши қўзғатилиб, ички ишлар идоралари ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тезкор-тергов ҳаракатлари олиб борилди. Жиноятни келтириб чиқарган сабаб ва омиллар ўрганилди, қотилларни топиш юзасидан қишлоқ аҳолиси, ҳудудга яқин маҳаллаларда яшовчи фуқаролар билан суҳбатлашилди.
Уч кундан буён туну кун олиб борилган ҳаракатлар натижасида ушбу қотиллик жинояти фош этилди. Жиноятни Иштихон тумани Чимқўрғон қишлоғида яшовчи, 1981 йилда туғилган Т.Ғ., 1995 йилда туғилган Э.Ш., 1993 йилда туғилган У.Ж. ва Қўшработ туманида яшовчи, 1996 йилда туғилган Н.Х. содир этганлиги аниқланиб, далилий ашёлар олинган ва улар ушланган.
Гумон қилинувчиларнинг иқрорлик кўрсатувлари, ҳодиса жойида ўтказилган текшириш тергов ҳаракатларида маълум бўлишича, улар бу жиноятни ушбу хонадондан пул ва бошқа қимматли ашёларни ўғирлаш ниятида амалга оширган. Бунинг учун узоқ вақт тайёргарлик кўрган. Жорий йилнинг 14 майидан 15 майга ўтар кечаси марҳум А.Х.нинг хонадонига яширинча кириб, оила аъзоларининг ухлаб ётганлигидан фойдаланиб, ўзлари билан олиб келган темир бўлаклари билан уларнинг бош, юз ва жағ қисмларига бир неча маротаба уриб, қасддан ўлдириб, хонадондан 22 миллион сўм ва “Samsung Galaxy A8” русумли телефонни қўлга киритишган.
Шундан сўнг, улар жиноят изларини яшириш мақсадида марҳум Ж.И.га тегишли “Дамас” русумли автомашинага жасадларни юклаб, автомашинани Қўшработ туманидаги Боқичиғатой қишлоғидаги далага ташлаб кетган.
– Бу ўта мудҳиш воқелик барчамиз учун шармандали ҳолат, – деди вилоят ҳокими Э.Турдимов. – Тўрт нафар ёш йигитларнинг пул илинжида беш кишининг қотилига айланиши тасаввур қилиш қийин бўлган ҳолат. Минг афсуски, ана шу тасаввур қилиб бўлмайдиган ҳолат сиз-у бизнинг кўз ўнгимизда рўй берди. Одам боласининг шунчалик ваҳшийликка боришини хаёлга келтиришнинг ўзи даҳшат. Бунинг илдизи аввало одамларнинг бир-бирига бефарқлиги, атрофда бўлаётган воқеа-ҳодисаларга эътиборсизлигига бориб тақалмоқда. Сен менга тегма, мен сенга тегмайман, деган қараш мана, нима оқибатга олиб келди. Ахир Чимқўрғонда ҳам маҳалла бор, оқсоқоллар бор. Профилактика инспектори, унинг ёрдамчиси фаолият кўрсатади. Наҳотки, маҳаллада ҳеч ким одамларнинг бир-бирига бундай муносабати шаклланганини сезмаган? Бу фақат чимқўрғонликлар учун эмас, бутун Иштихон тумани аҳолиси, барчамиз учун аччиқ сабоқ бўлиши керак.
Бундай оғир жиноятларга қарши барчамиз биргаликда курашишимиз, жойларда профилактик тадбирларни кучайтириш лозим. Албатта, жиноятни содир этган қонунда белгиланган жазосини олади. Лекин бу жиноят Чимқўрғондаги муҳитга, одамларнинг муносабатларига салбий таъсир кўрсатмаслиги, аксинча одамларни жипслаштириши, огоҳлик ва ҳушёрликка чорлаши лозим.
Мавзуга оид
11:44
Тошкент - Самарқанд йўналишида янги темирйўлнинг техник-иқтисодий асосларини тайёрлаш бошланди
15:52 / 26.12.2024
Самарқандда “Turkish Airlines” авиакомпанияси экипаж аъзоси божхона назоратидан жанговар ўқ-дори олиб ўтишга уринди
07:35 / 26.12.2024
Бешта ҳудудда 16 кг гиёҳвандлик воситалари тўхтатиб қолинди
09:09 / 20.12.2024