Ўзбекистон | 11:30 / 20.06.2019
8896
2 дақиқада ўқилади

БваММ вазирлиги ажратилган маблағларнинг 50 фоизини ўзлаштира олмаяпти – вазир

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ажратилган маблағларнинг 50 фоизга яқинини ўзлаштира олмаяпти. Вазирлик раҳбарининг эътироф этишича, бу вазирлик ва меҳнат идоралари айби билан рўй бермоқда. Шерзод Қудбиев Ахборот ва Оммавий коммуникациялар агентлигида ташкил этилган матбуот анжуманида шу ҳақда маълум қилди. Таъкидлаш ўринлики, тадбир конструктив, очиқ бўлиб ўтди. 

«Биз ишсизлик нафақаси тайинлашни, уни иқтисодий жиҳатдан тўғри йўлга қўйишни ҳам унутган эканмиз. 2019 йилнинг ўтган даврида тайинланган шу турдаги нафақа 2018 йилга нисбатан қарийб 7 фоиз ошди. Бугунги кунга келиб 24 минг фуқаромизга ишсизлик нафақаси олмоқда, аммо бу ҳам етарли эмас. 

Сизларга бир рақамни айтмоқчиман. Биз ўзимизга ажратилган маблағларнинг 50 фоизини ўзлаштира олмаяпмиз. Бу ҳам бўлса, вазирлик ва меҳнат идоралари айби билан, чунки, хизмат кўрсатиш регламентлари, қоидалари ҳам издан чиқиб кетган экан. Шу боис, бюджетдан ажратилган катта миқдордаги маблағни тўла ўзлаштира олмаётганимизни ўзимизнинг айбимиз, деб ҳисоблаймиз. 

Шунинг учун бу борадаги камчиликлар, методикалар устида ишлаяпмиз. Аммо, қилаётган ишларимиздан қониқаётганимиз йўқ. Меҳнат бозорида 1 млн 400 минг атрофида ишсиз бўла туриб, 24 минг кишига ишсизлик нафақаси бераётганимиз, реал ҳолатга жавоб бермайди, деб ўйлаймиз», - деди Шерзод Қудбиев. 

 

Мавзуга оид