Жаҳон | 21:22 / 21.06.2019
4407
2 дақиқада ўқилади

Таиландда уйда тамаки чекишни зўравонликка тенглаштирувчи қонун қабул қилинди

Эндиликда Таиландда уй шароитида тамаки чекиш маиший зўравонлик деб ҳисобланади ва августда кучга кирадиган янги қонунга кўра жазоланади. Бу ҳақда ТАСС ахборот агентлиги хабар берди.

Таиланднинг аёллар ва оилани ривожлантириш масалалари департаменти бош директори Лертпанья Буранабандитнинг маълум қилишича, уй шароитида чекишни тақиқловчи “Оила муассасаларини ривожлантириш ва ҳимоялашга кўмаклашиш ҳақида”ги қонун 20 августдан кучга киради. Янги меъёрларга кўра, оилаларда чекиш маиший зўравонлик сифатида таснифланади, чунки соғлиқнинг ёмонлашиши ва ижтимоий муаммоларга олиб келиши мумкин.

“Оилада чекиш болалар ва рафиқалар бу пайт чекувчи ёнида бўлишни истамасалар, оилавий муносабатларнинг ёмонлашишига олиб келиши мумкин. Оила аъзолари пассив чекишдан азият чекишлари мумкин”, деб айтган Буранабандит.

Янги қонунга кўра, оила аъзосининг соғлиғи пассив чекишдан азият чеккани аниқланса, унда айбдор жазоланади. Буранабандит қандай жазо тури қўлланишига аниқлик киритмаган, бироқ суд қонунбузар зиммасига реабилитация курсидан ўтиш мажбуриятини қўйиши мумкинлигини айтган.
Чекишга қарши курашиш тадқиқот маркази директори Ронначхай Конгсаконнинг маълум қилишича, болалар ўлими ота-оналар чекувчи оилаларда 2 марта юқорироқ экан.

Таиландда тамаки чекиш 80 дан кўпроқ жойда, жумладан ресторанлар, савдо марказлари, жамоат транспорти ва ҳаттоки пляжларда тақиқланган. Таъкидланишича, вейпинг –электрон сигаретлар чекиш қиролликда тўлиқ тақиқланган, бироқ унга қатъий амал қилинмайди.

Мавзуга оид