Жаҳон | 15:40 / 26.06.2019
3940
2 дақиқада ўқилади

Карлос Гоннинг кирдикорлари туфайли Nissan’га 22 млн доллар жарима солишмоқчи

Фото: Global Look Press/jn1/ZUMAPRESS.com

Япония фонд бозоридаги келишувлар бўйича назорат комиссияси Nissan собиқ раҳбари Карлос Гон молиявий фирибгарликларни амалга оширгани учун компанияга жарима солиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб Kyodo агентлиги хабар берди.

Қайд этилишича, жарима миқдори 2,4 млрд иен (22,4 млн доллар) бўлиши мумкин. Бу масала бўйича якуний қарорни Япония молия вазирлиги қабул қилади.

Карлос Гон ўтган йил ноябрида ҳибсга олинганди. Унга 11 январда молиявий битимлар ҳақидаги қонунни бузиш ва хизмат мавқеини суиистеъмол қилиш бўйича айбловлар билдирилган. 

Март ойи бошида Гоннинг янги адвокати унинг гаров пули ва Японияни тарк этмаслик ҳақидаги тилхати эвазига озод қилинишига эришган. Аммо озодликка чиқарилгандан бир ойдан камроқ вақтдан кейин яна панжара ортига жўнатилди.

Гоннинг навбатдаги ҳибсга олинишига у томонидан 2012 йилдан уммонлик дистрибьюторга тўловларнинг бир қисмининг ўзлаштирилиши сабаб бўлган. Прокурорлар Гонни 563 млн иенга (5 млн доллар) яқин пулни ўзлаштирганликда гумон қилишмоқда. 

Мавзуга оид