Ўзбекистон | 21:25 / 18.03.2024
44454
10 дақиқада ўқилади

Nissan нега Ўзбекистонга кирмаган? Компаниянинг ўзбек менежери билан суҳбат

Kun.uz хориждаги ватандошлар билан суҳбатларини давом эттиради. Навбатдаги қаҳрамонимиз – 14 йилдан бери Японияда яшаб, Nissan'да фаолият юритаётган молия менежери Ашрафбек Олимов. У суҳбат давомида Япониядаги фаолияти, йирик компанияларнинг ўз ходимларига муносабати ва жаҳонда электромобиллар соҳасида кечаётган рақобат ҳақида сўзлаб берди.

Ашрафбек Олимов 1980 йил Бухоро вилояти Шофиркон туманида туғилган. Тошкент Давлат иқтисодиёт университетини тугатиб, Солиқ қўмитасида 8 йил фаолият юритган ва 2010 йилда Жаҳон банкининг “Public policy and taxation” гранти асосида биринчи марта Японияга 2 йиллик магистратура учун кетади.

2 йиллик магистратура 3 йиллик докторантурага уланиб, 2015 йилда халқаро молия бўйича докторлик унвонини олган ва Япония корпорацияларида ишлашни бошлаган. 2017 йилдан бери Nissan Motor компаниясида фаолият юритиб келади, айни пайтдаги лавозими – катта молиявий менежер.

Ашрафбек Олимов турмуш ўртоғи ва 3 нафар ўғли билан Япония пойтахти Токиода истиқомат қилади. Катта фарзанди 20 ёшда, у Токио метрополитан университетида иккинчи курс талабаси, айти соҳасида. Ўртанча ва кенжа фарзандлари хусусий мактабда ўқийди.

“Nissan'да молиявий таҳлил билан шуғулланаман”

— Ҳозир халқаро ҳамкорликларни молиялаштириш бош бошқармасида бош менежер лавозимида ишлайман, – дейди суҳбатдошимиз. – Бошқарма қиладиган асосий иши – Nissan'нинг дунёдаги барча ҳамкорликларини молиялаштириш, аввал молиялаштирилган лойиҳаларни таҳлил қилиш, мониторингини олиб бориш ва истиқболли проектларни таҳлил қилиб, қарор қабул қилиш билан шуғулланади.

Қилаётган ишимни учга бўлса бўлади. Биринчиси, аллақачон бошланган проектлар мониторинги. 30 дан ортиқ мамлакатда Nissan Motor компаниясининг заводлари ва савдо компаниялари орқали тўғридан тўғри фаолият юритамиз. 150 га яқин давлатда автомобилларимиз сотилади. Nissan Motor компаниясининг бозор капитализацияси ҳозирги пайтда 15-20 млрд доллар ўртасида. 2018 йилгача йилига 5 миллион ва ундан кўпроқ автомобил сотардик, ҳозир эса 3,5 миллион. Cоvid-19ʼдан кейин секин-аста қайтиш бўляпти – бир йилда 3,5 млн атрофида автомобил сотамиз.

Мана шу барча ишлаб чиқарилаётган автомобиллар Nissanʼни жудаям кўп компаниялар билан ҳамкорлик қилишга ундайди. Мана шу ҳамкорликларни молиялаштириш керак бўлади. Аллақачон 100 дан ортиқ стратегик ҳамкорларимиз, алянсдаги корхоналар билан ҳамкорликларимиз бор. Буларнинг барчасини молиялаштириш чуқур молиявий таҳлил керак бўлади. Ресурслар ҳар доим чекланган, компанияда эса чексиз имкониятлар йўқ. Чекланган ресурслар билан энг оптимал проектларни молиялаштириш керак. Масалан, шу бошланишида 500 миллионлик лойиҳани таҳлил қилиб, ҳар хил жуда катта матрицалар ишлатилади, барча геосиёсий ҳолатлар, логистика ва бошқа ҳар битта элементлари инобатга олиниб, молиявий моделлаштириш олиб борилади. Шулар асосида қарор қабул қиламиз, молиялаштириш керак ёки керак эмас деган.

Nissan ходимларини “эркалатади”

— Nissan ходимларга шароит яратиб бериш борасида нафақат Японияда, балки дунёдаги энг яхши компаниялардан бири деб биламан. Биринчи ишга келган кунимдан, нима шароит керак сизга, нима қилишимиз керак, деб сўрашган. “Ортиқча шароит керак эмас, фақат мусулмончилик юзасидан иш вақтида намоз ўқишимга тўғри келиши мумкин”, деганман. Шундан кейин алоҳида намоз ўқийган хона ажратиб беришган, кирсам жойнамоз қўйиб, яна қибланинг қаердалигини кўрсатиб қўйишгани жудаям ҳайрон қолдирган. Жума намозига боришим учун 3 соат вақт ажратиб беришди, бемалол чиқиб бориб келишим учун.

Улар кадрларни шунақа “эркалатишади”, бундан мақсад – кадрларнинг салоҳиятидан максимал равишда фойдаланиш. Бунинг учун уларни рағбатлантириб, кўнглига қараб, “diversity” дейди, ҳар хил давлатлардан, турли маданиятлардан келган кадрларга энг яхши шароитларни яратиб бериб, фойдаланишга ҳаракат қилишади.

Яхши томонларидан яна бири – Nissan офисида катта ресторан бор, қийналяпман деганимда, алоҳида ҳалол меню қилиб қўйишди. Бу алоҳида мусулмон ходимлар учун. Шунақа томонлари жудаям одамни рағбатлантиради, кейин, албатта, жон бериб ишлашга тайёр бўласиз.

Ойлик масаласида, Японияда нарх-наволар умуман бошқача. Оилавий бўлиб яшасангиз, уйлар ижараси 2000 доллар атрофида. Шу томонидан келиб чиққан ҳолда берадиган маоши Японияда уч фарзандим, оилам билан яшаб, саёҳатлар қилиб, йилда бир марта ватанга бориб келиш ва фарзандларимни хусусий мактабда ўқитишга етиб турибди.

“Nissan орзумдаги компания эди”

— Nissan компаниясига киришимда унақа балки китобларда ёзиладиган оламшумул сабаблар йўқ. Докторлик ишим халқаро компанияларнинг ҳар хил талаб ва таклиф шокларига бўладиган жавоби ва улар буларга қай даражада тайёр туриш керак деган таҳлил бўлган. 2 мингдан ортиқ япон компаниясининг молиявий натижаларидан фойдаланиб, эмпирик анализ қилинган. Шундан бошланган катта корпорацияларга қизиқишим. Дарвоқе, Ўзбекистон Солиқ қўмитасида ишлаган пайтимда ҳам қўшма корхоналарни назорат қилиш ва текшириш юридик бўлимида ишлаганман. Ўшанда катта корхоналарга қизиқиш бор эди.

Докторантурадан кейин биринчи кирган компаниям Япониядаги адвокатура эди, молия бўйича ишлаганман. Nissan орзумдаги компания эди, ёшлигимдан автомобилларга қизиқишим боис шу компанияга ўтишга қарор қилганман.

Nissanʼга ишга киришим дунёдаги бир ўзгариш пайтига тўғри келиб қолган, яъни дунёда шу пайтгача мутлақ ишлатилган ички ёқилғи двигателлари билан юрадиган автомобиллар секин-аста электромобилларга алмашаётган пайтда. Бу нарсага ўзим жудаям қизиқардим. Ҳозир кўрилаётган ўнта таклифдан саккизтаси электромобиллар билан боғлиқ. Ўзимга қизиқ бўлгани сабабли танлаганман ва компания рағбатлантириб тургани учун 7 йил давомида ишлаб келяпман.

Электромобиллар: Хитой Россиянинг тоза никелидан фойдаланмоқда

Электромобилнинг ўзаги – батарея. Электромобил батареялари асосан 2 турга бўлинади. Биринчиси, NCM, иккинчиси LFP батареялари. NCM – никел, кобалт, магний, LFP – литий, темир ва фосфордан иборат.

Бу баттареяларни ишлаб чиқариш атмосферага жудаям кўп чиқинди чиқаришни талаб қилади. Бу нарсаларни Хитой ўзида чиқаришни бошлаганида ҳамма хурсанд бўлган эди, асосан чиқинди чиқадиган нарсаларни Хитойда чиқариб оламиз деб. Ҳозирга келиб тушунишдики, бу батареяларни ишлаб чиқаришда устунликни бериб қўйишяпти.

Кўп жойларда айтилмайдиган маълумотни бераман. NCM батареяларининг LFP батареяларидан фарқи – тезроқ заряд олади, узоқ йўлга боради. 300-500 км масофага борадиган элекромобилларнинг ҳаммаси NCM батареяларидан фойдаланади. LFP батареяларининг хизмат қилиш цикли кўпроқ, аммо битта қувватлантиришда узоққа бориш масофаси кўп эмас. NCM батареясини NCM-721 дейди, бу никел – 70 фоиз, кобалт – 20 фоиз ва магний 10 фоиз фойдаланилган дегани. Ишлатиладиган никелнинг энг тозасини қазиб олиш 3000 долларга тушса, уни қайта ишлаш 1000 долларга айланади ва нархи 4000 долларга боради. Шунақа никел борки, жудаям тоза эмас, асосан Индонезиядан чиқади. Қазиб олиш 2000 доллар, қайта ишлаш 5000-6000 долларга боради. Ана шу никелнинг энг тозасини Россия ишлаб чиқаради. Ҳозирги бўлаётган геосиёсий ўзгаришлар замирида шундай нарсалар борки, батерея ишлаб чиқарувчилар никелни Россиядан сотиб олишга мажбур. Хитойнинг Россия билан алоқалари жуда яхши, яъни ресурс томонидан Хитойнинг устунликлари бор.

Хитойнинг махсус стратегияси

Nissan электромобиллар борасида Хитой компаниялари билан қанақа рақобат қилмоқчи деган саволга келсак, бир жўнроқ мисол билан тушунтираман. Ҳам электромобил, ҳам ички ёнув двигателли автомобиллар ишлаб чиқарадиган Nissan, Volkswagen каби компаниялар ҳамда Хитой компанияларини худди дарёдан кечиб ўтаётган узун карвон ва ягона отга қиёслаш мумкин. Nissan каби компанияларнинг орқасида жуда катта багажи бор: йиллар давомида бизда ички ёнув двигателлари борасида минглаб инженерлар ишлади, ҳаммасини ишдан бўшатиб бошқатдан электромобил ишлаб чиқариш инженерларини ишга олиш деярли имконсиз.  Япония ёки бошқа Ғарб давлатларида иш ўринлари қонун билан муҳофаза қилинган, осонликча уларни ишдан бўшатиб юборишнинг иложи йўқ. Шу жиҳатдан, японларда бир гап бор: кутиб туриб, энг яхши пайти келганда ўтиб олиш.

Хитой нархни туширяпти, сифатни оширяпти деган масалага келсак, бу Хитойнинг махсус стратегияси ҳисобланади, ўйинда ғолиб бўлиш учун компанияларга катта катта субсидиялар бериб, уларни рағбатлантириб, бозорда ўз ўрнини топиб олгунча кўтариб қўйиш мақсадида қилинаётган ишлар.

Япония ва Ғарб давлатлари, Америка ҳам бу ҳаракатни бошлади. Америкада ҳозир “IRA” (Inflation reduction act) деган қонунчилик президент Байден вақтида жорий этилди. Секин-аста улар ҳам бозорни ўзига керакли томонга ўзгартиришга ҳаракат қиляпти.

Nissan нега Ўзбекистонга кирмаган?

— Ўзбекистон – жозибали бозор, Ўрта Осиёнинг марказида жойлашган, автомобил ҳаби бўла оладиган давлат. Аммо ҳамкорлик ва сармоя қилишнинг ўзига яраша босқичлари бор. Япон компаниялари битта ҳам машина сотилмаган давлатга бориб, тўғридан тўғри завод очиш ёки катта инвестиция қилишга чўчийди. Шунинг учун аввал бозорни пайпаслаб кўриб, сотиладиган автомобилларни юбориб, сотув бир йилда 10 мингтага яқинлашса, кейин инвестиция қилиш режаларини тузамиз. Лекин яқин орада Ўзбекистонга жуда яхши имконият туғилиб қолиши мумкин деб ўйлайман, чунки 2022 йил воқеаларидан кейин Россия бозоридан чиқиб кетдик. Россияда 1 миллиард доллардан қиммат турадиган заводимиз бор эди, шуни 1 еврога сотиб чиқиб кетдик, фақат 6 йил ичида шу нархга қайтариб олишимиз мумкин.

Марказий Осиё бозорлари учун ишлаб чиқариш режамиз йўқ эмас, лекин яқин муддатда жудаям қалтис геосиёсий ҳолатда Nissan асосан катта бозорларга эътибор қаратяпти.

Тўлиқ интервюни Кun.uz'нинг YouTube саҳифасида томоша қилинг.

Мадина Очилова суҳбатлашди.

Мавзуга оид