Жамият | 17:50 / 18.07.2019
6059
3 дақиқада ўқилади

Самарқандда Оилавий нодавлат боғчалар учун семинар ўтказилди

Ўзбекистонда мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш юзасидан сўнгги йилларда қатор ислоҳотлар ва ижобий ўзгаришлар амалга оширилди. Улардан бири — оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасалари очилганидир.

Самарқанд вилоятида бу борада ижобий тажриба тўпланганини алоҳида қайд этмоқ жоиз. Чунки, республикамиздаги бир ярим мингдан ортиқ оилавий мактабгача таълим муассасаларининг қарийб ярми — 727таси айнан Самарқанд вилоятида жойлашган.

Мана шу сабабдан Паст Дарғом тумани марказида жойлашган тадбиркор Ш.Ҳасановага тегишли оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотида оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини ташкил этиш ва уларнинг меъёрий ҳужжатларининг юритилишини мувофиқлаштириш юзасидан вилоят миқёсида ўқув-амалий семинар ўтказилди.

Унда вилоятдаги шаҳарлар ва туманларнинг мактабгача таълим бўлимлари мудирлари, методистлар ва оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти раҳбарлари қатнашишди.

Семинарда бугунги кунда вилоятда ташкил этилган оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларининг ўзига хос хусусиятлари ва уларнинг асосий йўналишлари:

·       оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларида таълим-тарбия жараёнини сифатли ташкил этиш, ташкилотда иш ҳужжатларининг юритилиши;

·       оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларида молиявий ҳисоб-китоб ишларини юритишдаги асосий вазифалар;

·       гигиеник талаблар асосида соғлом овқатлантириш ишларини ташкил этиш;

·       оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига болаларни қабул қилиш, Open EMIS таълимни бошқаришнинг ахборот тизими фаолиятини тартибга солиш, тизимга маълумотларни мунтазам равишда киритиш борасида белгиланган асосий вазифалар;

·       оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларида тез тиббий ёрдам профилактикаси, инфекция тарқалиши олдини олиш юзасидан амалга ошириладиган ишлар муҳокама қилинди.

Семинар иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олишди.

Қайд этиб ўтиш лозимки, ҳозирги кунда Самарқанд вилоятида жами 1444та (638та давлат, 51та хусусий, 28та давлат-хусусий шерикчилик асосида ва 727та оилавий шаклда) мактабгача таълим муассасалари фаолият кўрсатмоқда. Боғчаларга жами 108 621 нафар бола қамраб олинган, қамров 34,5 фоизни ташкил қилади.

Ўз мухбиримиз

Мавзуга оид