Ўзбекистон | 08:04 / 20.07.2019
14882
2 дақиқада ўқилади

Қўмита: Монопол юқори нарх аниқланди 

Фото: Getty Images

Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан амалга оширилаётган назорат ишлари доирасида қишлоқ хўжалиги экинлари уруғларини сертификатлаш ва сифатини назорат қилиш хизматлари бозори ўрганиб чиқилди. Бу ҳақда қўмита ахборот хизмати хабарида айтилади.

Уруғларни сертификатлаш ва сифатини назорат қилиш – бу уруғларнинг сифат кўрсаткичлари ишончлилигини ва давлат стандартларига мувофиқлигини текшириш мақсадида экишгача бўлган зарур таҳлилларни ўтказиш жараёни бўлиб, нави ва экиш сифати юқори бўлган уруғ захирасини (фондини) шакллантиришга кўмаклашишдан иборатдир. 

Тегишли сифатга эга бўлган уруғ, етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотининг ҳосилдорлигига, шунингдек фермер хўжаликларининг даромадига ўз таъсирини кўрсатади.

Аввал, ушбу хизмат “Ўздавуруғназоратмарказ” ДМ ва "Ўзбекистон пахта маҳсулотларини сертификатлаш "Сифат" маркази" давлат корхонаси томонидан кўрсатилган.

Ўзбекистон Республикаси президентининг 2018 йил 7 майдаги қарори билан юқорида кўрсатилган хўжалик субъектлари тугатилди, уларнинг негизида “Агросаноат мажмуида хизмат кўрсатиш маркази" давлат унитар корхонаси ташкил этилди.

Бугунги кунда, “Агросаноат мажмуида хизмат кўрсатиш маркази" давлат унитар корхонаси ушбу хизматни ягона етказиб берувчиси ҳисобланади ва товар ёки молия бозорларида устун мавқега эга бўлган хўжалик юритувчи субъектлар Давлат реестрига киритилган.

Ўтказилган ўрганишлар марказ томонидан кўрсатилаётган хизматларга монопол юқори нархлар қўлланилаётгани кўрсатди. Натижада, сертификатлаш хизматлари нархлари 18 фоизга пасайтирилди ва истеъмолчилар фойдасига 2,4 млрд. сўм қайта ҳисоб-китоб қилиб берилди.

Ўрганиш натижалари бўйича кўрилган чоралар фермер хўжаликларини қишлоқ хўжалик экинларини экиши билан боғлиқ харажатларини қисқартиришга имкон беради.

Мавзуга оид