Ўзбекистон | 18:58 / 03.08.2019
68025
9 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонликлар ислоҳотларга ким тўсқинлик қилаётганини айтишди

Фото: Depositphotos

Ўзбекистонда кейинги уч йил давомида кенг миқёсдаги ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Аммо шунга қарамасдан, жойларда кўплаб муаммолар кузатилмоқда.

Мавзунинг долзарблигидан келиб чиқиб, Kun.uz «Сизнинг фикрингиз» Telegram-каналида Ўзбекистондаги ислоҳотларга кимлар тўсқинлик қилаётгани борасида сўров ўтказди.

Сўровда 2 395 киши қатнашди. Иштирокчиларнинг аксарияти ёки 54 фоизи Ўзбекистонда ислоҳотлар ўтказилишига асосан ҳокимлар тўсқинлик қилмоқда деб ҳисоблайди. Жавоб берганларнинг 14 фоизи ислоҳотларга вазирлик ва қўмиталар, 11 фоизи ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, 5 фоизи - халқ, 1 фоизи – нодавлат ташкилотлари ва 1 фоизи сиёсий партиялар тўсқинлик қиляпти деган фикрда. Сўровда қатнашганларнинг 9 фоизи ислоҳотларга бошқа ташкилот ва шахслар тўсқинлик қилмоқда деб ҳисоблайди.

Кейинги вақтда турли даражадаги ҳокимлар диққат марказида бўлгани боис сўралганларнинг аксарияти ҳокимларни танлаган. Жойларда бузиш, компенсация, коммунал хизмат муаммолари кузатилмоқда. Мантиқан, маҳаллий аҳоли бу муаммоларни ҳокимлар билан боғлайди, чунки улар маълум бир ҳудудни бошқаришади ва ҳудуддаги барча ўзгаришлар учун жавобгар ҳисобланишади.

Эътибор берилса, Ўзбекистон президенти ҳар сафар вилоятларга ташриф буюрганида, жойларда ҳокимлар ишдан бўшатилади. Нима учун деган саволга президентнинг ўзи жавоб берди.

Шавкат Мирзиёев 23 июль куни кичик бизнес ва тадбиркорликни янада ривожлантириш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор давомида Қашқадарё вилояти ҳокими Зафар Рўзиевга биринчи ўринбосари ва вилоятнинг бош солиқчисини ишдан олиш бўйича кўрсатма берди.

«Булар қанча гапиришимизга қарамасдан олиб борилаётган ишларни тушуна олмаяпти ва тушунишни хоҳламаяпти. Рўзиев, солиқчингниям, биринчи муовинингниям бугуннинг ўзида ишдан олиб ташла», деди президент.

Ўзбекистон президенти ҳузуридаги давлат бошқаруви академияси давлат бошқаруви соҳасида профессионал кадрлар тайёрлашга мўлжалланган. Аксарият экспертларнинг таъкидлашича, академияда тажрибали ўқитувчилар дарс беради. Ҳокимларнинг резюмеларига эътибор берилса, уларнинг кўпчилиги мазкур академия битирувчилари ҳисобланади. Аммо шунга қарамай, ҳокимлар давлат учун ҳам, жамият учун ҳам муаммолар пайдо қилмоқда.

Биринчидан, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги қонун жуда эски ва «юпқа». Маҳаллий ҳокимиятни тартибга солувчи қонун бор-йўғи 29 моддадан иборат. Қонун қайта кўриб чиқилиши ҳақида бир неча бор гапирилган бўлса-да, ҳозирча аниқ натижа йўқ.

Иккинчидан, ҳокимлар мутлақ ҳокимиятга эга. Олий Мажлис депутати Расул Кушербаев ҳам шу ҳақда гапирди. У ҳокимлар ўзларини қонундан юқори қўйишаётгани, ўзларини прокурор ва судья деб ҳисоблашларини айтди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Kun.uz ҳокимлар фаолияти тўғрисида ҳам сўров ўтказганди. Ўшанда сўровда қатнашган 1931 респондентнинг 67 фоизи ҳокимлар ўта катта ваколатларга эга эканлигини билдирганди.

Масалан, битта туманда ҳамма, мактаб директоридан тортиб қурилиш ташкилоти раҳбаригача ҳокимга бўйсунади. Ҳокимга ҳеч ким «йўқ» дея олмайди. Кейинги вақтда айрим экспертлар тез орада маҳаллий кенгашлар ҳокимлар фаолиятини назорат қилиши ва ҳокимлар кенгашларни бошқармаслиги ҳақида айтаётган бўлса-да, шундан сўнг вазият яхши томонга ўзгаришига ҳеч ким кафолат бера олмайди. Барибир туман битта ва шахслар ҳам ўша-ўша. Ҳокимлар мутлақ ҳокимиятга эга бўлмасликларини назорат қилиш учун президент ўз вакилларини ҳудудларга жўнатиши ягона йўл бўлиши мумкин. 

Бошқа савол. Нима учун Ўзбекистонда ҳалигача мажбурий меҳнат муаммоси ҳал қилинмаяпти? Юқорида айтиб ўтилганидек, боғча тарбиячисидан тортиб ўқитувчигача ҳокимга бўйсунади. Тошкентда айтилган баёнотларга қарамасдан, ҳокимлар текин ишчи кучидан фойдаланишни давом эттиришмоқда. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Сенат ва бошқа ташкилотлар минбарларда мажбурий меҳнат фактлари тўғрисида ҳали кўп изоҳ беришларига тўғри келади. 

2018 йил майда Вазирлар Маҳкамаси «Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» қарор қабул қилди. Ҳужжатда айтилишича, «давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан ҳашарлар фақат ихтиёрий тарзда ташкил этилади» ва  унда иштирок этадиган шахслар меҳнат қиладиган тегишли ташкилот ҳудудида меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик нормаларига қатъий риоя этилган ҳолда ўтказилади. Бунда умумхалқ ҳашарини ўтказиш тўғрисида фақат Ўзбекистон президентининг тегишли ҳужжати ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарори мавжуд бўлиши лозим. Шунингдек, ҳашарлар доирасида барча бошқа турдаги жамоат ишлари, шу жумладан қурилиш-таъмирлаш ва қишлоқ хўжалиги ишларига мажбурий жалб этишга қатъий йўл қўйилмаган ҳолда ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, иш ўринларини тартибга келтириш ишлари амалга оширилади.

Орадан бир йил ўтди ва 27-28 июль кунлари Фарғона вилоятининг Риштон туманида вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидан 13562 киши ободонлик ва қурилиш ишларига жалб этилди. Ҳашарнинг боришини вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев, прокурори Садриддин Турдиев, ИИБ бошлиғи Раҳмат Маматов кузатиб борди, улар ҳар бир объектга келиб аҳоли билан мулоқот қилди. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бу ҳолатни меҳнат қонунчилигининг бузилиши ва одамларни оммавий равишда мажбурий меҳнатга жалб этиш деб баҳолади. 

Муҳим факт: президент тақиқлади, Вазирлар Маҳкамаси ҳужжат қабул қилди, вилоят ҳокими эса қонунга итоат қилмаяпти. Бу ҳокимлар президент ва Вазирлар Маҳкамаси қарорларига бўйсунмаган биринчи ҳолат эмас.

Вилоятлар ҳаётидаги янгиликларга эътибор беринг. «Ҳоким инвестор билан учрашди», «ҳоким аҳоли билан мулоқот қилди ва барча муаммоларни ҳал қилди», «ҳоким йиғилиш ўтказди», «ҳоким янги мактабни очди», «ҳоким фермерлар билан учрашди». Ҳамма ерда ҳоким, ҳоким ва яна ҳоким. Наҳотки вилоятда ҳокимдан ташқари, масалан, инвесторлар муаммоси билан шуғулланадиган бошқа ташкилот йўқ бўлса? 

Шу билан бирга ўзбекистонликларнинг аксарияти ҳокимларни сайлаш керак деган фикрда. «Ҳокимлар сайланиши керакми ёки тайинланиши» деган саволга 2 572 киши жавоб берган. Уларнинг 73 фоизи ҳокимлар халқ томонидан сайланиши керак деб ҳисоблайди. 15 фоизи ҳокимларни президент тайинлаши керак деган фикрда. 4 фоизи ҳокимлар депутатлар томонидан сайланиши керак деган бўлса, 1 фоизи бош вазир тайинлаши керак деб ҳисоблайди. Иштирокчиларнинг 7 фоизи жавоб беришга қийналишини айтган.

Ҳокимлар фаолияти борасидаги масала ҳар доим долзарб бўлиб қолади. Айниқса ҳозирги ислоҳотлар даврида. Ҳокимлар ислоҳотларни қўллаб-қувватлайдими-йўқми, бу савол ҳозирча очиқ, аммо юқорида санаб ўтилган муаммолардан келиб чиққан ҳолда биринчи навбатда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар масаласини ҳал қилиш керак. Қонун чиқарувчилар ҳокимларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини аниқ кўрсатиб беришлари даркор. Уларнинг жавобгарлигига алоҳида эътибор қаратиш зарур. Шунингдек, ҳокимлар устидан объектив назорат ҳам муҳим. Маҳаллий ҳокимият тўғрисидаги қонунни янгилаш ва давлат хизмати тўғрисида қонун қабул қилиш вақти аллақачон келган.

Кадрлар масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратиш керак. Ҳокимиятларга ёшларни ишга олиш вақти келди. Ёшлар ҳеч бўлмаганда оммавий коммуникация ва интернет нима эканлигини билишади.  

Ёшлар билан суҳбатлашганда ҳокимият ишлаш учун унчалик ҳам жозибали эмаслиги аён бўлади. Пахта, буғдой, бузиш, коммунал хизматлар, охири йўқ мажлислар ва ҳоким жавобгар бўлган бошқа масалалар ёшларни бундай ишлардан узоқроқ туришга мажбур қилади. Натижада ҳокимиятларда ҳамма нарса барибир бўлган шахслар ишлайди.

Айтганча, ҳокимлар танқид қилинганда, кўпчилик «сиз ҳам ҳоким бўлиб кўринг, уларга қанчалик қийинлигини биласиз» дейди.

Қийинчиликни эса ўзимиз яратганмиз. Давлат ҳокимияти тўғрисидаги қонун Ўзбекистонда қабул қилинган, АҚШ ёки Россияда эмас. Барча ҳокимлар Ўзбекистон фуқаролари ҳисобланади. Ҳокимиятларда ишлаш шу қадар қийин, қизиқарсиз ва ёмон эканлигига ўзимиз айбдормиз. Одамлар ҳокимият вакилларини ҳурмат қилмасликларига давлатнинг ўзи айбдор.

Улуғбек Акбаров

Мавзуга оид