Жаҳон | 09:06 / 23.01.2024
3024
3 дақиқада ўқилади

ИИВ: уруш бошланганидан бери РФда ҳокимият органларига 220 марта ҳужум қилинган

2022 йил февраль ойидан бери Россия Федерациясида ҳокимият органларига ҳужум қилиш ва комиссарликларга ўт қўйиш бўйича 220 та ҳолат қайд этилган. Бу вақт ичида мамлакатда 180 дан ортиқ темирйўл саботажлари ҳам содир бўлди.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Россиянинг Украинага қарши уруши бошланганидан бери Россия Федерациясида 220 марта ҳокимиятга ҳужум ва комиссарликларга ўт қўйиш, шунингдек, темирйўлларда 180 дан ортиқ саботаж ҳолатлари қайд этилган. Ушбу статистикани 22 январ, душанба куни йиғилишда сўзга чиққан Россия ички ишлар вазирлиги Жамоат тартибини таъминлаш бош бошқармаси (ГУОООП) турар жой секторида ҳуқуқни муҳофаза қилишни ташкил этиш бўлими бошлиғи Станислав Колесник тақдим этди. 

«Махсус ҳарбий операция бошланганидан буён (Россиянинг Украинага қарши уруши) мамлакатнинг 58 та ҳудудида ҳарбий комиссарлик ва давлат муассасаларига ҳужумлар ва ўт қўйиш билан боғлиқ 220 та факт қайд этилган бўлиб, уларнинг 85 фоизи фош этилган – 220 тасида шахслар аниқланди, улардан 15 нафари вояга етмаганлар», — дея Колесникнинг баёнотидан иқтибос келтиради «Интерфакс» агентлиги.

Россияда темирйўлда саботаж

Россия Федерацияси ички ишлар вазирлиги вакилининг сўзларига кўра, уруш бошлангандан бери темирйўлда қўпорувчилик ҳодисалари сони 184 тани ташкил этган. 141 киши, жумладан, 59 нафар ўсмирлар жалб этилган. Колесникнинг сўзларига кўра, болаларни Украина махсус хизматлари мукофотлар таклиф қилиб, бундай хатти-ҳаракатларда қатнашишга кўндирмоқда.

Шу билан бирга, Россия ички ишлар вазирлигининг бош бошқармаси бошлиғи Украина қуролли кучларига Россия ҳарбий техникаси жойлашган жойнинг фотосуратини берган Херсон вилоятидан 15 ёшли ўспирин вояга етмаганлар ҳибсхонасига жойлаштирилганини айтди. 

Роскомнадзор томонидан «фейклар» бўлган сайтлар блокланиши

22 январ куни бўлиб ўтган ўша йиғилишда Россия Федерацияси рақамли ривожланиш вазирлигининг оммавий коммуникациялар ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш департаменти директори ўринбосари Олег Кузнецов сўзга чиқди. Унинг сўзларига кўра, Россиянинг Украинага ҳужуми бошланганидан бери Роскомнадзор Россия Федерацияси ҳудудида тақиқланган маълумотлар, жумладан, 230 мингдан ортиқ «фейк» материалларни блоклаган. Кузнецовнинг сўзларига кўра, 2024 йил бошидан буён 120 та сайт блокланган.

Шу билан бирга, унинг таъкидлашича, бўлим «нафақат ижро этувчи ҳокимият органлари билан, балки ижтимоий тармоқлар билан ҳам ўзаро алоқада бўлиб, бундай маълумотларнинг болаларга зарари ва салбий таъсирини тушуниб, унга киришни чеклашга ёрдам беради».

Армия ҳақидаги «фейклар» учун мулкни мусодара қилиш тўғрисидаги қонун

22 январ куни Россия Федерацияси Жиноят кодексига Россия армияси ҳақидаги «фейк» маълумотларни тарқатиш учун мулкни мусодара қилишни назарда тутувчи ўзгартиришлар лойиҳаси давлат думасига кўриб чиқиш учун тақдим этилди.

15 январ куни Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин Россия Федерациясида 2022 йилда Россия армияси ҳақидаги «фейк» маълумотларнинг тарқалиши учун жиноий жавобгарлик жорий этилганидан бери унинг бўлими 273 жиноий иш очганини айтди. 2023 йилда бу борадаги ишларнинг сони 90 тани ташкил қилган.

Мавзуга оид