Ўзбекистон | 14:36 / 16.10.2019
9688
2 дақиқада ўқилади

Прокурор: «Амалдорлар томонидан коррупцияга оид жиноятлар 30 фоизга камайган»

Бугун, 16 октябрь куни Тошкент шаҳридаги «Radisson» меҳмонхонасида коррупцияга қарши кураш ва коррупцияга оид активларни қайтариш бўйича Истанбул ҳаракатлар режасининг натижалари бўйича учрашув бўлиб ўтди.

Бош прокуратуранинг Коррупцияга қарши кураш соҳасидаги чора-тадбирларни мувофиқлаштириш бошқармаси катта прокурори Каримжон Мусашайхов ОАВ вакилларига берган интервьюсида коррупцияга боғлиқ жиноятлар камайгани ҳақида маълумот берди.

Каримжон Мусашайхов

«Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан коррупцияга оид мансабдор шахслар томонидан содир этилган жиноятлар сони 30 фоизга камайганини амалга оширилган ислоҳотлар самараси деб айтиш мумкин. Ўз навбатида мазкур йўналишдаги хорижий тажрибани ўрганиш, халқаро ташкилотларнинг ҳамкорлигини амалга ошириш мақсадида Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёти ташкилотининг коррупцияга қарши кураш тармоғи доирасида аъзо давлатлар Шарқий Европа ва Марказий Осиё давлатларининг 10-сонли учрашувининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Бундан асосий мақсад ўзаро тажриба алмашиш ҳисобланади», – дея Каримжон Мусашайховнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Тадбирда иштирок этган Ўзбекистон Республикаси бош прокурорининг биринчи ўринбосари Эркабой Таджиев, ЕҲХТ координатори Ханс-Ульрих Им, АҚШнинг Ўзбекистондаги миссияси раҳбари Алан Мельтцер ва бошқа бир қатор халқаро экспертлар ҳам ўз фикрларини билдириб ўтишди.

Эркабой Таджиев

Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари коррупцияга қарши курашда устувор вазифалар сифатида 2019-2020 йилларда судьялар мустақиллигини янада мустаҳкамлаш, давлат хизматларида янги тизим жорий этиш, кўрилаётган чораларнинг мониторинги учун фуқаролик жамияти ва ОАВ иштирокини жалб этиш муҳим эканлигини таъкидлади.

Мавзуга оид