Жамият | 13:45 / 11.12.2019
8092
3 дақиқада ўқилади

7 млрд сўм миқдоридаги газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланди 

Иллюстратив фото

“Ўзнефтгазинспекция” томонидан 7 млрд сўм миқдоридаги газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 2 декабридан 9 декабрига қадар “Ўзнефтгазинспекция”, “Худудгазтаъминот” ҳамда “Ўзстандарт” агентлиги мутахассислари билан биргаликда табиий газдан ноқонуний фойдаланиш бўйича мунтазам тадбирлар ўтказилди. Тадбирлар натижасида, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, газ таъминоти корхонасига 7 млрд 439 млн сўм зарар етказилганлиги аниқланди.

Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида жойлашган МЧЖ ва Ангрен шаҳридаги МЧЖ корхоналари текширилганда, газ ҳисоблаш ускунасига ташқаридан таъсир етказишга шароитлар яратилганлиги маълум бўлди. Яъни, газ ҳисоблагич хотирасидаги фойдаланилган газ миқдори тўлиқ ёзиб борилмаган.

Ҳисоблаш ускуналари конфигурацияси ўзгартирилганидан ташқари, бир неча кун давомида ҳисоблаш ускуналари электр таъминотидан узилганлик ҳолатлари ҳам бўлган. Шунга кўра, шу вақт мобайнида ишлатилган табиий газнинг сарфланган миқдори сақланиб қолмаган.

“Тошкентгаз” ҳудудий филиали томонидан берилган техник шартга кўра, МЧЖ корхонасида табиий газнинг умумий соатбай сарфи 3600 метр куб/соатни ташкил этади. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, табиий газдан 30 кун давомида ноқонуний фойдаланилганлик ҳажми 2 млн 592 минг метр кубни ташкил этиб, бу 1 млрд 710 млн сўм миқдордаги зарар етказилган.

Бошқа бир МЧЖнинг керамика маҳсулотларини ишлаб чиқариш цехида, техник шартга кўра, табиий газнинг умумий соатлик сарфи 1683,4 метр куб/соатни ташкил этади. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, табиий газдан 45 кун давомида ноқонуний фойдаланилган ҳажми 3 млн. 156 минг метр кубни ташкил этиб, 3 млрд 156 млн сўм миқдордаги зарар етказилганлиги маълум бўлди.

Бундан ташқари, яна бир ўғирлик Ангрен шаҳридаги корхонага қарашли автомобилларга газ тўлдириш шохобчасида ҳам аниқланди. Ушбу корхонада газ ҳисоблаш ускунасига ташқи таъсир кўрсатилганлиги аниқланиб, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, табиий газдан 53 кун давомида ноқонуний фойдаланилганлик ҳажми 1 млн 272 минг метр кублик, 1 млрд 272 млн сўмлик зарар етказилган.

Табиий газдан ноқонуний фойдаланиш бўйича 10 та иссиқхона, паррандачилик хўжаликлари, сопол буюмлар ишлаб чиқариш корхоналари, шунингдек, бошқа фаолият билан шуғулланувчи 196 та корхона газ таъминоти корхонасига жами табиий газнинг ноқонуний истеъмоли ҳажми 1 млн 301 минг метр куб (1 млрд 118 млн сўм) ни ташкил этиб, 1 млрд 506 млн сўмдан ортиқ миқдорда зарар етказганлиги маълум бўлди.

Аниқланган ҳолатлар юзасидан расмийлаштирилган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этилган.

Мавзуга оид