Жаҳон | 02:35 / 27.12.2019
18949
2 дақиқада ўқилади

Брюс Лининг қизи отасининг қиёфасидан фойдаланган фастфуд тармоғини судга берди

Фото: AFP

Афсонавий актёр Брюс Лининг қизи Шэннон Ли отаси қиёфасидан ноқонуний фойдаланган Хитойнинг Real Kungfu фастфуд тармоғини судга берди.

Шэннон Ли Bruce Lee Enterprises номидан тармоққа эгалик қилувчи Guangzhou Real Kungfu Catering Management Co. компаниясидан зарарни ва юридик сарф-харажатларни (12,6 минг доллар) қоплашни талаб қилмоқда. Марҳум актёрнинг қизи етказилган зарарни 210 млн юанга (30 млн доллар) баҳолаган.

Bloomberg ахборот агентлигининг хабар беришича, ушбу ҳодиса интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоялашни кучайтиришга ваъда берган Хитой ҳукумати учун ўзига хос синов бўлиши мумкин.

“Синьхуа” ахборот агентлиги маълумотларига кўра, Шанхай суди Шэннон Лидан фастфуд тармоғига ва яна иккита компанияга қарши даъво аризасини декабрь бошида олган. Актёрнинг қизи тармоқдан отаси қиёфасидан фойдаланишни дарҳол тўхтатишни талаб қилмоқда.

Real Kungfu логотипида Брюс Лининг машҳур қаҳрамонларидан бирига ўхшаш сариқ спорт кийимида бўлган, кунг фу устаси ҳолатида турган эркак тасвирланган. Ўз навбатида компания Weibo ижтимоий тармоғидаги аккаунтида ушбу тасвир билан боғлиқ ҳолда унга даъво аризалари 2004 йилдан бери бериб келинишини ёзган.

Мавзуга оид